Меҳнат муносабатлари масалаларига бағишланган семинар ўтказилди

15.12.2020 14:12:06

 

“Адолат” СДП Тошкент вилояти  Кенгаши ташаббуси билан Бўка тумани  Кенгаши томонидан партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида “Тадбиркорлик соҳасида меҳнат муносабатларини ҳуқуқий тартибга солиш зарурати, муаммолари ва истиқболи” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирда  Халқ депутатлари  Бўка тумани Кенгаши депутати Х.Абидова, Бўка туман ҳокимлиги, Адлия вазирлиги қошидаги юристлар малакасини ошириш маркази, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Тошкент вилояти солиқ бошқармаси масъул ходимлари, партия фаоллари  ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирдан кўзланган мақсад - аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизликни камайтириш, норасмий банд бўлганларни расмий меҳнат муносабатларига жалб этиш,  айниқса, ёшлар ва аёлларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, ҳукумат томонидан берилаётган солиқ имтиёзларидан тўлақонли фойдаланиш ҳамда меҳнат муносабатларига оид солиқларни мақбуллаштириш масалалари бўйича тадбиркорларга кенг қамровли тушунчалар берилди.

Қайд этилишича, ёшлар ва аёллар ўртасидаги ишсизлик юқорилигича қолмоқда. Ишга жойлашишга муҳтож аҳоли сони ўсмоқда. Иш билан банд аҳоли таркибида норасмий банд кишилар улуши юқорилигича қолиб кетмоқда.  Меҳнат бозорига чиқаётган ёшларнинг касбий малака даражаси қониқарли эмаслиги юзасидан эътирозлар  мавжуд.

Хусусан, туманда мавжуд бўлган умумий овқатланиш шахобчалари, қурилиш корхоналари хамда маиший хизмат кўрсатиш корхоналарида олиб борилган мониторинг натижалари шуни кўрсатдики, ушбу соҳаларда ишлаётган шахслар меҳнат қонунчилиги асосида расмийлаштирилмаган, яъни нолегал тарзда фаолият олиб бормоқдалар.

Статистик маълумотларига кўра, ҳозирда Бўка туманида ишсизлар сони 6 минг 562 та,  шундан аёллар 3 минг  982 та, ёшлар 2 минг 580 тани ташкил қилади. Лекин, бу маълумотлар ҳақиқий ҳолат билан солиштирилганда  нолегал равишда ишлаб келаётган аҳоли сони ҳам сохта маълумотлар кўринишида қўшиб юборилаётганлиги маълум бўлмоқда.   

Юқоридагиларга биноан хулоса шуки, тадбиркорлик соҳасида меҳнат муносабатлари субъектлари даромадларини солиққа тортиш, ёпиқ иқтисодиётга барҳам бериш, солиқ имтиёзларидан тўлақонли фойдаланиш ҳамда меҳнат муносабатларига оид солиқларни мақбуллаштириш ўта долзарб аҳамиятга эга масала бўлиб қолмоқда.

Семинар якунида  кун тарбидаги долзарб масалалар бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+