Меҳнатингизни халқ кўриб турибди

20.02.2020 13:02:50

Мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, бу борада экология, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига оид вазифалар миқёси янгича ёндашувлар, жамоатчилик ва давлат тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада самарали даражага кўтаришни тақозо этмоқда. Зеро, атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш давлат, жамият ва ҳар бир инсоннинг муҳим бурчидир.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида атроф-муҳитни озода сақлашда кенг жамоатчилик, ташкилот ва муассасалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда аҳолини жалб этган ҳолда оммавий ҳашарлар уюштириш борасида ибратли ишлар қилинмоқда. Шунингдек, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишлари орқали жамоатчилик фикрини шакллантириш, шу соҳада меҳнат қилаётган фидоий инсонларнинг меҳнатини қадрлашга  ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бугун Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясининг 25 йиллиги муносабати билан партиянинг Булунғур туман Кенгаши томонидан “Ўзбекистон - инсон кадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида ана шундай савобли ишга қўл ўрилди. Лойиҳа доирасида туман ободончилиги йўлида иссиқни иссиқ, совуқни совуқ демай меҳнат қилаётган туман ободонлаштириш ва йўл хизмати ходимларига ширинликлар, иссиқ қаҳва ва чой берилиб, партиянинг иссиқ нимчалари тарқатилди.

Албатта ҳар бир фуқаро ўзи яшаб турган хонадони, кўчаси ва маҳалласи ободлигида фаол иштирок этиши зарур. Атроф-муҳит тозалигига нафақат мутасадди ташкилотлар, балки ҳаммамиз бирдек жавобгармиз. Шу қаторда биз катталар ўсиб келаётган фарзандларимизни атроф-муҳит тозалигига, уни сақлашга ҳамда уларнинг экологик маданиятини оширишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Бу каби акциялар ҳар қанча бўлса кам. Сизнинг меҳнатингизни халқ билади, ҳурматли опа-сингиллар, ака-укалар - азиз меҳнаткашлар!

Насиба ОБЛОКУЛОВА,

Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+