Меҳр-саховат улашган талабалар

29.11.2020 16:11:46

Тошкент педиатрия тиббиёт институти мамлакатимизда етакчи олийгоҳлардан бири ҳисобланади. Ушбу олийгоҳда бугунги кунда 5000 дан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда.

Яқинда Ўзбекистон «Адолат» СДП фаоллари мазкур олийгоҳда бўлишиб, талабалар билан учрашув ташкил қилдилар. Учрашув вақтидаги кузатишларда жўшқинлик ва ёниқлик порлаган талабалар нигоҳлари ҳар қанақанги ижобий ишларни қилишга қодир ёшлар эканлигини англатиб турарди. Дарҳақиқат, пандемия шароитида институт ёшларидан таркиб топган волонтёрлик гуруҳининг жўшқинлик талаб этадиган ишларда фаол иштирок этганининг ўзи фикримизга далилдир.

Юртимизда коронавирус пандемияси қайд этилиб, карантин эълон қилинган илк кунларда одамлар ваҳимага ҳаддан ортиқ берилиб кетганди. Кутилмаган вазият хатто инсонларни бироз таҳликага солиб қўйди.  Ана шундай лаҳзаларда ушбу институтниг 10 нафар талабаси жасорат кўрсатиб кўнгилли сифатида Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази, 1197 саll маркази ҳамда “Ўзбекистон, нафас ол” акциясида фаол иштирок этишди. Беморларга ёрдам беришда яқиндан кўмаклашишди. Бу ҳақида талабаларнинг ўзлари бошдан кечирган жараёнлари бўйича ўртоқлашди:

Нуркен Усенов, 6 курс талабаси:

-Биз 1197  саll марказида иш бошладик. У ерда аҳолидан бўлаётган қўнғироқларга жавоб бериб турардик. Бир куннинг ўзида 5000 дан ортиқ муроажаатлар келиб тушарди. Албатта, уларнинг барчасига жавоб бериш имкони бўлмаган ҳоллар ҳам бўлган. Ана шунда халқ орасида саll маркази ҳақида турли гап-сўзлар тарқалган. Биз ижтимоий аҳвол турларига қараб, биринчи навбатда озиқ-овқатга жуда ҳам мухтож бўлиб қолган оилаларга етказиб беришга ҳаракат қилардик. Ўйлайманки, ана шу қийин кечган даврлар барчамиз учун синов бўлди. Ташкил этилган 1197  саll маркази эса қанчадан-қанча инсонларга мадад қўли бўлиб чўзилган бўлса ажаб эмас.

Тоштемиров Фарход, 6 курс талабалари:

-Биз пандемия бошланмасдан илгари ҳам кўнгилли сифатида кўплаб акцияларда қатнашиб келардик. Жумладан, маҳаллалларда бўлиб, турли тадбирлар ташкил қилар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олар эдик. Аммо буниси ўзгача бўлди. Ва шуни кўплашиб ҳис қилдикки, волонтёрлик хизмати бўйича бизнинг мамлакатимизда қилиниши керак бўлган ишлар ҳали кўп экан. Уни ривожлантириш, зарур бўлса бутун мамлакат бўйлаб кенг тарғиб қилиш даркор. Негаки, пандемия бизга волонтёрлик қанчалик муҳим эканлигини очиқ кўрсатиб берди. Биз айнан фавқудодда вазиятлар бўлиб қолсагина эмас, балки ҳар доим эзгу ишларни қилишга шай туришимиз керак. Волонтёрлик бу – ўзни унутиб, фақат ўзганинг ғам-ташвиши билан яшаш демакдир.

Лазизжон Туйгунов, 5 курс талабаси:

-Мен “Ўзбекистон, нафас ол” акциясида иштирок этдим. Бу таркибда шифокорлар ва бошқа мутахассислардан иборат кўнгиллилар гуруҳи ташкил топган. Биз Тошкент шаҳри бўйлаб, қолаверса бошқа вилоятларга ҳам нафас олишда қийналаётган беморларга кислород концентраторлари етказиб беришга отланардик. Баъзи беморларда аҳвол оғирлигидан нафас олиш частотаси 70 гача тушиб кетарди. Биз беморнинг нормал нафас олиш ҳолати тиклангунича концентраторни ўзи билан қолдирардик. Нафас  олиши қийинлашганлар орасида хомиладорлар ҳам учрарди. Биз иложи борича коронавируснинг ҳомилага таъсир этмаслиги учун курашардик.  

photo_2020-11-25_22-05-12

Талабалар билан суҳбат жараёнида ректор ёрдамчиси ҳамда ушбу институт ўқитувчиси Дилноза Уста-Азизованинг ҳам фикрларини тингладик:

-Биласизми, талабалар жуда ҳам тиришқоқ. Уларда ҳар куни янги-янги ғоялар уйғонади. Улар билан бирга бўлсангиз, ўзингизни ёшликдаги куч-ғайратингиз ўрнига тушгандек ҳис қиласиз. Аслида мазкур кўнгилли гуруҳ 2005 йилдан буён ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Юқорида таъкидланганидек, волонтёрлар маҳаллалардаги ижтимоий кўмакка мухтож оилаларга ёрдам беришда пешқадам бўлиб хизмат қилаётир. Шунингдек, Сардоба фожиаларида талабаларимиз биринчилардан бўлиб воқеа содир бўлган жойга етиб борди. У ерда кўчада қолган аҳоли учун етказиб берилаётган турли буюмларни тақсимлаб, эгаларига тарқатишда пешқадам бўлишди. Албатта, талабаларнинг бу хизматлари давлатимиз томонидан эътиборсиз қолдирилмади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 майдаги Фармонига асосан таъсис этилган “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан кўнгилли сифатида иштирок этган барча талабалар – Лазизжон Туйгунов, Нуркен Усенов, Асадбек Асадуллаев, Фарход Тоштемиров, Хасанходжа Абидов, Муниса Давладярова, Гуласал Бобохўжаева, Севара Ҳамдамова, Севинч Қурбонова, Азиза Камоловалар тақдирланди.

Гувоҳи бўлганингиздек, талабаларнинг ўзлари бошидан кечирган воқеликни айтиб берди. Буни ўқиб ушбу толиби илмларнинг ёшларга хос матонати бошқаларга ўрнак бўлади, деб ишонамиз. Юртимиздаги барча инсонлар эзгу ишга шай волонтёрлар бўлиб хизмат қилишади, деб умид қиламиз.

 

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+