“Меҳрибонлик уйи” битирувчилари 2 йилдан буён нафақасиз қолмоқда

20.10.2020 17:10:35

Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ва Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Сенатнинг “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашувидаги долзарб масалалар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари тўғрисидаги Қарорининг Тошкент шаҳридаги ижроси муҳокама қилинди. Мажлисда Қўмита аъзолари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг доимий комиссиялари раҳбарлари, мутасадди вазирлик ва ташкилотлар, “Ишга марҳамат” мономаркази, Ёшлар парламенти аъзолари, “Меҳрибонлик уйлари” раҳбарлари қатнашдилар.

Маълумки, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил амалга оширилиб, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва комил инсон қилиб тарбиялаш, уларнинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шароитлар, имконият ва имтиёзлар яратиб беришга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 8 октябрь куни жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳам ишсиз ёшларда мотивация уйғотиб, касбий кўникмаларни шакллантириш, психологик, ҳуқуқий, тиббий ва молиявий кўмак бериш муҳимлиги таъкидланди. Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ёшлар дафтари” шакллантирилиши ҳамда улар билан тизимли, манзилли иш йўлга қўйилиши лозимлиги алоҳида қайд этилди. Бу борада мутлақо янги тизим яратилиши зарурлиги бир неча бор таъкидланиб, қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан қатор ваколатларни Халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашларига берилиши эътироф этилди.

Бу ўринда, айниқса, “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланаётган болаларнинг кейинги тақдири, уларнинг келгуси ҳаётда ўз ўрнини топиб олишлари учун замин яратиш масалалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Давлат раҳбарининг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам “Меҳрибонлик уйлари”да тарбияланган ёшларнинг ижтимоий мослашуви, хусусан, уларни иш билан, келажакда уй-жой билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланган эди.

Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 28 февраль куни Қарорида эса, “Меҳрибонлик уйлари”ни битираётган ҳар бир ўғил-қизни уй-жой билан таъминлаш, уй-жойни бронлаштириш масалаларини тартибга солиш, мақсадли трансферт ажратиш, битирувчиларнинг ижтимоий мослашувига оид алоҳида дастур ишлаб чиқиш, уларга мураббий бириктириш тизимини ташкил этиш ва бошқа чоралар кўрилиши белгиланган.

Ушбу масалалар Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг жорий йил 5 октябрида ўтказилган сессиясида атрофлича муҳокама қилинган бўлса-да, айрим муаммолар очиқлигича қолмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳридаги Меҳрибонлик уйлари”нинг 75 нафар битирувчиси кийим-бош, пойабзал ва анжомлар сотиб олиш учун бир марта бериладиган нафақаларни ҳозирги кунгача олмаган. 30-Меҳрибонлик уйининг 26 нафар ақли заиф имконияти чекланган битирувчиси касб-ҳунар коллежига ҳужжат топширган, бироқ улар таълимни давом эттиролмай қолиб кетган.

Вояга етмаган, интернат шароитида балоғатга етган ва катта ҳаёт қийинчиликларини енгишга қодир бўлмаган ёшларнинг ижтимоий мослашуви бўйича муайян ишлар амалга оширилган, аммо ҳали ҳал этилмаган муаммолар ҳам талайгина.

Мажлис кун тартибида ана шу каби муаммоларга ечим топиш, бу борада шаҳар Кенгаши депутатларининг фаоллигини ошириш, шу билан бирга, “Меҳрибонлик уйлари” битирувчиларининг ижтимоий мослашуви ва меҳнат билан бандлигини ташкил этишга оид масалалар муҳокама қилиниб, аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Жумладан, йиғилганлар томонидан “Меҳрибонлик уйлари” битирувчиларини ўқишни битиришлари биланоқ касбий йўналтириш, “ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларида ўқитиш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш долзарблиги таъкидланди. Бунинг учун ҳар бир ташкилотнинг масъулиятини белгилаб берувчи ҳамда идоралараро ҳамкорликни кўзда тутувчи ягона ҳужжат тузишга қарор қилинди. Шунингдек, ҳар бир битирувчининг имконияти ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, индивидуал “йўл харита”ларини ишлаб чиқиш, уларнинг ижроси юзасидан халқ таълими, Бандлик ва Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бош бошқармаларини масъул этиб тайинлаш белгиланди. “Меҳрибонлик уйлари” битирувчилари учун тузиладиган “йўл харита”ларининг бажарилиши устидан назоратни Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар, туман Кенгашлари томонидан амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Мажлис иштирокчилари замонавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга тайёрлашда “Ишга марҳамат” мономаркази ҳамда нодавлат касб-ҳунар таълими марказларини жалб қилиш зарурлиги тўғрисида якдил хулосага келдилар.

Мажлис якунида ўрганиш натижасида аниқланган тизимли муаммоларни бартараф этиш ва ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан аниқ вазифалар белгиланиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+