Менда таклиф бор: Автобуслар қатнови яхшилансин

09.09.2019 15:09:09

Ҳар куни йўловчи ташувчи жамоат транспортларида ишга қатнайман. 36 кишилик ўриндиғи бор автобуслар ҳар доим одамлар билан гавжум бўлади. Гохо шу қадар зич бўлади-ки, нафас олишга қийналасан. Ҳайдовчи ва кондуктор 2 сантиметр жой қолиб кетса ҳам автобусга одамларни олаверади. Бундан баъзи кишиларнинг асаби таранглашади. Чунки улар орасида ҳар хил инсонлар: катта ёшли қариялар, ногиронлар, ёш бола етаклаган оналар, бемор инсонлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳайдовчидан автобусга бунчалик кўп одамлар олишининг сабабини сўрасам: “Бу хусусий, ўзимга тегишли бўлган автобус, ёқмаса чиқманг”, дейди.

Бу гаплардан сўнг ўйланиб қолдим. Нахот, инсонлар демократия, эркинлик, ўз мулкимни хоҳлагандай тасарруф этаман деб фуқароларга жабр қилишаётганлигини билишмайди.  Ўз мулкини эркин тасарруф этиш бошқа, мулкдан фуқароларга хизмат кўрсатиш учун фойдаланишда қоидаларга амал қилиш бошқа. Агар эътибор берилса, аксарият жамоат транспортларига йўловчи ташишнинг сонлари кўрсатилган ҳужжат илова сифатида ёпиштириб қўйилади. Шундай бўлишига қарамасдан бу кўрсаткичга амал қилинмаслиги одатий ҳолга айланган. Ишга, ўқишга шошаётган инсонлар ночор ана шундай тиқилинч автобусларда кетаверишади-да. Ахир бунинг йўлини қилса бўлади-ку. Шунчаки ёқилғи ва вақтни тежаб, кўпроқ даромад олиш учун ўзларини хусусий автобуснинг эгалари қилиб кўрсатадиган ҳайдовчилар бу оддий қоидага амал қилмайдилар. Натижасини эса ўзингиз кўриб турибсиз. Ҳар куни йўлларда турнақатор бўлиб ўтадиган автобусларнинг ичи одамлар билан лиқ тўла. Унда эса бақириб-чақирган, кайфияти бузилган одамларнинг қиёфасини кўрасиз.

Фуқароларимиз манфаатини биринчи ўринга қўювчи, ҳар бир ишда адолат мезонларига амал қилувчи Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг бўлғуси сайловолди дастурида бу масалага ҳам эътибор қаратилса, халқимиз учун фойдали амал бажарилган бўлар эди.      

Эгамқул РАХМОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+