Менда таклиф бор: Чиқиндини қайта ишлаш қачон маромига етади?

27.09.2019 13:09:21

 

Иш бериш муддати тугагач,  йўл ёқасига, майсазорга ёки ариқ четига бепарволик билан ташлаб юборилган оддий батареянинг атроф-муҳитга, инсон зурриётига бир неча ўн йил давомида жиддий хавф солиб туришини биламизми?

Интернетда, оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида кўп маротаба бонг ўрилган. Лекин бир-биридан хавотирли маълумотлардан сўнг ҳам бизнинг экологияга бўлган муносабатимиз, экологик маданият тушунчаси ижобий томонга кескин ўзгаргани йўқ.

Шу боис атроф муҳит муҳофазаси, хусусан чиқиндиларни қайта ишлаш, зарарсизлантириш масаласи бугун ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этган. Биз табиатни авлодларимизга соф, беғубор ҳолда мерос қилиб қолдириш ҳақида бугун қайғурмасак, эртага кеч бўлади.

Айниқса бугунги саноатлашув жараёни инсон ва табиат ўртасидаги мутаносибликни издан чиқармаслиги, аксинча табиатни тоза сақлашга кўмаклашмоғи лозим. Гап чиқиндиларни қайта ишлаш ҳақида борар экан, партиямиз ва унинг депутатлари томонидан янада жиддий эътибор қаратилиши лозим бўлган яна бир муаммони таъкидламочиман. Самарқанд шаҳридаги Хишрав қўрғони ҳудудида чиқиндиларни қайта ишлаш заводи қурилиши бир неча йиллардан буён чўзилиб келаётган экологик муаммони баттар оғирлаштирмоқда. Бу ерда ҳамма Франция компаниялари билан йирик корхона қуриш ҳақида келишувга эришилган эди. Афсуски, ҳамкорлик амалдаги исботини тополмаяпти.

Худди шунингдек, туманларда ҳам чиқиндиларни йиғиш учун махсус майдонлар ажратилгану, лекин бу ерда фақат ташиб келтирилганларни  кўмиш ва ёқиш билан шуғулланаётгани муаммони енгиллаштирмаяпти. Бундай аҳволни Республикамизнинг аксарият туманларида кўришимиз, бепарволликка, табиат олдидаги хиёнаткорликка гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Партиямизнинг таклиф этилаётган сайловолди дастурида айни шу масала, яъни чиқиндиларни қайта ишлаш муаммоси аниқ, равшан белгилаб қўйилишини, бу ишнинг ижро механизми, жавобгарлиги қонун доирасида қатъий белгилаб қўйилишини истайман. Бугун корхоналарга жарима солиш  билан табиатни қутқариб бўлмайди. Фуқароларда экологик маданият шакллантирмай ҳам ҳеч нарсага эришолмаймиз. Шу боисдан ҳам партия сайловолди дастурида муаммони ҳал этиш йўллари, чора-тадбирларига ғоят чуқур масъулият билан ёндашишини истайман.

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!