Менда таклиф бор: Дорихоналарда мутахассислар фаолият олиб борсин

23.09.2019 16:09:35

Дорихонларда муаммо юзага келса, барчамизга салбий таъсир қилиши мумкин. Айниқса, нотўғри истеъмол қилинган дори воситаси бошқа касалликларни вужудга келтириши табиий ҳолдир.

Саломатлигимга эътибор берган ҳолда шифокор ҳузурига тез-тез бораман. Албатта, даволанишим учун бир мунча дори-дармонлар рўйхатини қўлимга тутқазади.

Кунларнинг бирида шифокор ҳузуридан чиқиб, аста-секин дорихона томон йўл олдим. Рўйхатни дорихона ходимига бердим. Аммо баъзи дорилардан қандай фойдаланиш тугул, улар тўғрисидаги маълумотларга эга эмаслиги мени ўйлантириб қўйди. Сўрасам, мутахассис эмас экан. Мана -муаммо нимада!

Бугунги кунда партиянинг барча ҳудудий ташкилотларида сайловолди дастур лойиҳасининг муҳокамаси бўлаётган экан, шахсан мен дастурда айни мана шу жиҳатларга эътибор қаратилишини хоҳлар эдим.

Ҳар бир соҳа мутахассиси қўлидаги ҳужжатидан келиб чиққан ҳолда фаолият олиб борса, иш унумдорлиги ҳам ошади. Энг муҳими, аҳоли юзага келиши мумкин бўлган тўсиқлардан ўта олади.  Халқимиз бекорга “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”, деб айтмаган.

Малика ҲАМРОЕВА,

 пенсионер

   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+