Менда таклиф бор: Пенсия масаласида шароитлар кўпайтирилиши лозим

18.09.2019 12:09:53

Партиянинг Сиёсий ва Сайловолди дастурлари юзасидан кенг жамоатчилик ўртасида, ижтимоий тармоқларда жуда кўп фикр-мулоҳазалар билдирилаётганига барча бирдек гувоҳ бўлмоқда. Уларнинг орасида жамиятимиз, халқимиз манфаатлари йўлида кўплаб ўринли таклифлар берилмоқдаки, уларни сайловчилар қаторида мен ҳам қўллаб-қувватлайман.

Яқинда партия Тошкент шаҳар Кенгашининг Сиёсий ва Сайловолди дастур муҳокамасига бағишланган тадбирда иштирок этдим. Унда йиғилганларнинг шифокорлар хафвсизлигини таъминлаш, таълим квоталарини бекор қилиш, меҳнат муносабатларига тубдан амал қилиш, коммунал тўловлар  борасидаги таклифлари алоҳида эътиборимни тортди.

Дастур билан танишиб чиқар эканман, унда “Кучли ижтимоий ҳимоя – адолатли жамият пойдевори!” бўлимида аниқ йўналтирилган ижтимоий муҳофаза дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланган. Бироқ, ижтимоий ҳимоянинг бош бўғини ҳисобланган пенсия таъминоти, нафақага чиқаётган фуқароларга қулайликлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш  борасидаги вазифаларга кўзим тушмади.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида электрон фаолият оммалашиб бўлди. Бу эса иш жараёнида ходимлар учун қулайлик яратиб, натижадорликнинг ошишига замин яратмоқда. Ана шундай имкониятларни янада кенгайтириш мақсадида партия сайловолди дастурига Молия Вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси билан Республика  давлат архиви ўртасида ягона маълумотлар базасини ташкил этиш таклифини бераман.

Агарда шундай электрон база жорий қилинса, пенсияга чиқаётган фуқароларга  тегишли ҳужжатларини тўплашда сарсонгарчиликка йўл қўйилмасди. Шунингдек, пенсия жамғармаси ходимлари Марказий архивдан электрон база орқали фуқаро фаолиятига тегишли маълумотларни тўғридан-тўғри олиш имконига эга бўлиши керак, деб ўйлайман. Бу билан қисқа фурсат ичида мурожаатчининг ҳужжатларини ўрганишда, пенсия тайинлашда яна бир шароит яратилган бўлар эди. Боиси, ҳар бир ҳужжатни ўрганиб, хулоса асосида пенсия тайинлаш анчагина вақтни талаб этади. Бу эса ҳам фуқарога, ҳам соҳа вакилига бирдек қулайлик яратиб, иш самарадорлигининг ошишига, аҳоли эътирозларининг камайишига замин яратади. Мазкур базадан фуқароларнинг паспорти, қон гуруҳи, яшаш манзили, иш фаолиятига тегишли керакли маълумотлар жамланиши мақсадга мувофиқдир. Шу билан бирга, ушбу базадан фақатгина тегишли ташкилотларгагина фойдаланиш ҳуқуқини бериш ўринли, деб биламан.  Таклиф амалиётга жорий қилинса, пенсия жамғармаси, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, солиқ тизимларида натижадорликни кўтарилишига яна бир қулай имконият яратилган бўлар эди.

Шу ўринда дастурга  аҳолига  пенсия жамғармалари томонидан  янада сифатли хизмат кўрситилишини таъминлаш мақсадида ҳар бир пенсионерга интернет тизими орқали “Шахсий кабинет” очиш таклифини бераман. Бу фуқарони уйидан турган ҳолда пенсия таъминоти борасидаги  маълумотларни исталган вақтда билиб бориш имконини беради.  

Айтиш лозимки, партия дастури халқ манфаатлари ва фаровонлиги учун хизмат қилар экан, бу йўлда унда одамлар ишончини оқлай оладиган халқчил ҳамда аниқ мақсад-вазифалар мужассам бўлиши лозимдир. 

Шохруҳбек  НИЯЗБЕКОВ,

Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

Яккасарой туман бўлими ўринбосари, партия фаоли.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+