Менда таклиф бор: Таълим-тарбия борасида аниқ ислоҳотлар кўпайсин

20.09.2019 11:09:14

Иқтисод  маънавиятни эмас, аксинча, маънавият иқтисодни яхши томонга ўзгартирувчи куч экани кўпчиликка маълум бўлиб бормоқда. “Маънавият иқтисоддан ўн қадам олдинда юриши керак” деди муҳтарам Президентимиз. Давлат раҳбари томонидан сўнгги икки йилда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасида иккита муҳим қарор қабул қилингани бежиз эмас.

Жамият маънавиятини шахслар маънавияти ташкил этса ҳам, давлат тараққиётини маълум шахлар эмас, жамиятдаги маънавият белгилайди. Тартибга бўйсуниш интизомининг шаклланиши давлатнинг юксак иқтисодий кўрсаткичга эга бўлишини таъминлаши барча ривожланган мамлакат мисолида исботланди.

Албатта, жамиятда узоқ йиллар давомида қарор топган маънавиятни бир кунда ўзгартириб бўлмайди – қисқа бўлса ҳам, маълум вақт керак. Энг асосийси, кетадиган қанча вақтни эмас,  ўзгартириш йўлини аниқ билиш талаб этилади. 

Катта одамнинг маънавиятини ўзгартиришдан кўра бола маънавиятини ўзгартириш осон. Чунки инсонда хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон одатлар вақт ўтиши билан кўникмага айланади ва энди уни ўзгартириш жуда қийин. Бола асосий тарбияни оилада олгани учун у ота-онаси қилган ишни қилади ёки улар айтганини қайтаради. Ҳар бир оилада ўзгача тарбия мавжуд бўлгани сабабли  болаларнинг  тарбияси ҳам бир-бириникига ўхшамайди. Уларга бир хил тарбия бериш учун, яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак,  биз истаган маънавий тарбияни олиши учун нима қилмоқ керак? Агар шу саволга жавоб бўлса, уни амалга ошириб, керакли натижага эришса бўлади.

Биринчи навбатда аниқ маънавий тарбия усули бўлиши керак. Тарбия усули бўлса, уни қўллаш тизимини яратиш мумкин. Қайд этиш керакки, бундай тарбия усули  биринчи бор яратилди.  Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Ёш ота-она китоби” ва “Бахтли бола маънавияти”  ўқув-услубий қўлланмалар, айнан, болалар маънавий тарбиясига қаратилган.

Яқин  вақтда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиниши эътиборга олинса,  шу ёшдаги болаларнинг маънавий тарбиясига қаратилган  “Бахтли бола маънавияти” китоби боғча тарбиячилари учун асосий қўлланма бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.  “Ёш ота-она китоби” эса  бола туғилгандан  унинг уч ёшни тўлдиришига  қадар бўлган даврда қандай тарбияланишига оид қўлланма ва ундан фарзанд кўрган ёш ота-оналар фойдаланиши керак.  Ушбу китобда ёзилган сўз бошида “Ёш ота-она китоби”  юртимизнинг ҳар бир хонадонида бўлиши режалаштирилгани қайд этилган. Агар мазкур китоб ҳар бир хонадонда бўлган тақдирда ҳам,   ёш ота-онанинг барчаси шу қўлланма асосида боласини тарбиялашга ишонч йўқ.  Чунки бизда жамият китобхон эмас, аксарият одам китоб ўқимайди. Китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш учун эса вақт керак, анчагина вақт. Биз эса болаларни маънавий тарбиялаш билан ҳозир, бугундан кечиктирмай  шуғулланишни  мақсад қилганмиз. Буни қандай амалга оширса бўлади?  Битта йўли бор – айни вақтда самара бераётган усул – давлат бош ислоҳотчи тамойилига яна бир бор амал қилиш орқали.

Боланинг маънавий тарбиясидан ота-она қанчалик манфаатдор бўлса, давлат ҳам улардан кам  фойда кўрмайди. Фақат ота-она ўз фарзандини ўйласа, давлат учун барча бола азиз ва уларнинг маънавий баркамол бўлиб вояга етишини истайди. Чунки  бугун маънавиятни ўрганган болалар эртага улғайиб, маънавиятли жамиятни барпо этишади ва бундай жамият юксак тараққий этадиган давлатнинг асосини ташкил этади.

Юртимизда ҳар йили ўртача 600 минг нафар атрофида бола туғилади.  Фарзанд дунёга келиши билан бошланғич даврда асосан онаси тарбиясида бўлади.  Бу давр ҳар хил бўлиши аниқ – қайси онада  олти ой – бир йил, (кейин болани бувига қолдириб ёки тарбиячи ёлланиб, она ишга чиқади) бошқасида боғчага боргунча давом этиши мумкин.  Ҳар бир она ўзича тарбия беради, яъни 600 минг она 600 минг хил ўзига хос тарбия усулини қўллайди  – бири иккинчисини такрорламайди.  Демак,  мактабгача таълим муассасасига келган болалар ҳар хил маънавий тарбияга эга десак адашмаймиз.  Лекин шу болалар, улар боғчага келишгунга қадар ягона маънавий тарбия олиши мумкинку. Яъни ота-онаси томонидан. Айрим давлатларда бола оёққа тушгунча, қай бири қарашига қараб, ота ёки онасига ишдан таътил берилади. Бизда бу вазифа ҳозирча оналар зиммасида.

Мамлакатимизда 10 мингга яқин маҳалла бор. Ҳар бир маҳаллада йилига ўртача 60 нафар бола дунёга келади. (Шаҳар ва туман маҳаллаларида бу кўрсаткич анча фарқ қилади).  Давлат ўзининг қўйи ташкилотлари орқали (бу вазифани жойларда прокуратура ёки ички ишлар идоралари мактабгача талим, халқ таълими муассасалари, соғликни сақлаш билан ҳамкорликда бажариши мумкин) ҳар бир фарзанд кутаётган оилани рўйхатга олади ва туғиладиган гўдак  фақат оилага эмас, давлатга ҳам тегишли экани, у соғлом туғилиши, бунинг учун нималарга эътибор қаратиш лозимлиги тегишли тарзда тушунтириб борилади. Фарзанд дунёга келиши билан тегишли ташкилот давлат номидан фарзанднинг ота-онаси билан болани белгиланган тартибда маънавий тарбия бериш борасида  шартнома тузади. Шартнома уч йил муддатга  тузилиб, шу даврда бола тарбияси билан банд бўлган онага, фарзандига “Болага маънавий тарбия беришнинг ягона намунаси” асосида қатъий тарбия бериши учун давлат томонидан маош тўлаб борилади. Бундан мақсад,  ҳар бир бола туғилганидан бошлаб бир хил намунавий маънавий тарбия олсин. Бундай намунавий тарбияни беришга киришган ёш ота-онанинг ўзида ҳам маънавий ўзгариш рўй беради. Чунки бола маънавиятини ўстиришга  оид китобни ўқиган одам мушоҳадага берилади. Инсон болалигида қандай тушунчаларга эга бўлиши керак, деган савол уни ўйлашга мажбур этади.

Ота-онанинг фарзандига қандай тарбия бериб бориши тегишли ташкилотларнинг доимий назоратида бўлади.  Керак бўлса, уларга амалий ёрдам кўрсатилади. Гўдакнинг биринчи ойлардаги   парваришини  тиббий муассаса ходими кузатиб борса,  кейин боланинг кун тартиби, мутолаага ўргатиш ва бошқа маънавий тарбияларнинг берилишини баҳолаб бориш мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси, психологи ва бошқа тегишли масъул ходимлар томонидан  амалга ошириб борилади. Бу жараён ўзида жуда кўп мураккаб ташкилий масалаларни қамраб олиш билан бирга, катта молиявий харажатларни ҳам талаб этади. Масалан, ҳар бир онага ойига ўртача юз минг сўмдан маош тўланса, бир йилда  ўртача 70 миллион доллардан зиёд маблағ талаб этилади.  Албатта бу катта маблағ, лекин болалар тарбияси учун сарфлашга арзийдиган малағ. Чунки, маълум вақтдан кейин бу харажат наинки ўзини оқлайди, юз, минг марта зиёд бўлиб давлатга, халққа  қайтади.

Болаларнинг маънавиятини тез ўстирадиган усул бўйича яна бошқа таклиф борми? Бўлса, айтинг. Бўлмаса, биргалашиб топайлик.

 

Хуршид НУРУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+