Менда таклиф бор: Таълим ва тарбия соҳасида узвийликка эришсак

24.09.2019 10:09:24

Айни кунларда партиядошларимиз, кенг жамоатчилик вакиллари, хайрихоҳларимиз-у электоратимизнинг қизғин муҳокамаларига сабаб бўлаётган янги сайловолди дастур тобора мукаммаллашиб бораётгани биз  учун жуда қувонарли. Сабаби, қуйи қатламнинг, оддий аҳолининг тили-ю дилидаги орзу ва истаклар бизнинг дастуруламалимиз билан уйғун бўлиши асосий вазифамиздир.

Шу ўринда мен ҳам дастурнинг “Рақобатбардош ва замонавий кадрлар – барқарор тараққиёт таянчи” бобига ўз таклифларимни билдириб ўтмоқчиман. Маълумки, халқимиз манфаатларига садоқатли янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласи мамлакатимизда ҳамиша принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга масала бўлиб келмоқда. Шу боис, олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш босқичига қадар, таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлаш ишларини кучайтирмоғимиз зарур. Бунда мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби фаолиятини бирлаштириш мақсадга мувофиқдир.

Мазкур йўналишдаги умумтаълим мактаблари Фарғона вилоятида мавжуд, лекин уларнинг ўқув кўрсаткичлари натижаси юқори бўлишига қарамай, мактаблар бармоқ билан саноқли. Агар Республика миқёсида умумтаълим мактаблари қошида мактабгача таълим муассасасалари бўлган ўрта таълим масканларининг сонини кўпайтирсак, фарзандларимизнинг иқтидори, алоҳида хусусиятларини гўдаклигидан яхши билган ўқитувчилар тарбиясидан узиб қўймасак, фойдадан ҳоли бўлмайди. Ўқувчилар ушбу умумтаълим мактабларида дарс соатлари тугагандан сўнг куни узайтирилган гуруҳларда қўшимча машғулотлар (тасвирий санъат, спорт машғулотлари, бадиий ҳаваскорлик тўгараклари) билан шуғуллансалар, уларнинг бўш вақтлари ҳам унумли ташкилланади.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

 раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+