Митинг иштирокчилари тиббиётдаги ҳаракатсизликларда ҳукуматни айблади

07.10.2019 12:10:09

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Когон шаҳрининг “Темирйўлчилар” истироҳат боғида “Ақлли тиббиётни тарғиб қилиш тарафдоримиз” мавзусида митинг ташкил этилди. Тадбирда партия аъзолари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар ҳамда тиббиёт ходимлари билан гавжум бўлди. Ундан кўзланган асосий мақсад аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соҳада мавжуд камчиликларни қайта ўрганиш, уларнинг бартараф этилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратиш бўлди. Тадбирда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов барчани бирдамликка чақирди.  

Албатта, бугунги сайловчи учун партиянинг ташаббуси ҳамда халқ овозини бирлаштирган ҳолда унинг муаммоларини ҳал этиш, қулайликлар яратилишини таъминлаш жуда муҳим ҳисобланади. Бу эса катта меҳнат ва интилишни талаб этади. Ташкил этилган намойиш барча эркин фикрини билдириш учун имкон бўлди. Тадбир моҳиятидан келиб чиққан ҳолда тиббиёт тизимига нисбатан баъзи эътирозлар очиқ-ойдин билдирилди.  

-Партиянинг ушбу намойиши бизга қанот берди. Бугун халққа ўзи нима керак? Унинг учун соғлом ҳаёт ва тинчлик энг муҳими ҳисобланади. Шу сабаб тиббиёт тизимида мавжуд камчиликларни батамом бартараф этиш вақти келди. Митингда биз жамоамиз билан соҳада мавжуд камчиликлар, яъни қоғозбозликларга чек қўйган ҳолда ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва юритиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда эътиборни янада кучайтириш даркор. Бу эса бизнинг вақтдан унумли фойдаланишимизни таъминлаб беради. Биз кўпроқ бемор билан самарали ишлаш тизимини йўлга қўйишимиз шарт, - дейди Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси олий тоифали ҳамшираси Шаҳноза Мадиева.

Соҳа мутахассислари томонидан билдирилган бу каби фикрлар жараённи мақбуллаштириш, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида ахборот-коммуникация технологиялари ва “электрон соғлиқни сақлаш”ни кенг жорий этиш ишларини янада жадаллаштиришда хизмат қилади.

Митинг давомида патронаж ҳамширали томонидан ҳам муаммолар кўтарилди. Хусусан, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш, юкламаларини қайта кўриб чиқиш, патронаж хизмати кўрсатувчи ходимларни транспорт воситалари билан таъминлаш, йўл ҳақи компенсациясини белгилаш ёки тариф ставкасини қайта кўриб чиқиш, энг муҳими, тиббиёт ходимларининг мажбурий тиббий кўригини бепул асосида ташкил этиш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари айтиб ўтилди. Намойиш иштирокчиларининг фикрларини қўллаб-қувватлаган ҳолда сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев, ҳар бир кўтарилган муаммони алоҳида эътиборга олди, партия томонидан илгари сурилаётган бир қатор ғоялар ҳақида гапирар экан, албатта, ҳукуматнинг бу ғояларни қўллаб-қувватлаш мақсадида етарли маблағ ажратмаётганлигини, эътибордан четда қолдириб кетаётганлигини таъкидлади.

Митинг давомида айнан тиббиётда коррупциянинг олдини олиш масалалари ҳам кўтарилиб, ушбу ҳолатнинг салбий оқибатлари “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари томонидан саҳналаштирилган бадиий чиқишлар орқали очиб берилди.

Ташкил этилган викторина ўйинлари эса халқни янада жонлантирди, уларнинг сиёсий саводхонлигини оширди.

-Партия томонидан бўлиб ўтган намойиш ҳар томонлама қизиқарли бўлди. Муаммолар тингланди, таклифлар айтилди. Бу бизга берилган эътиборнинг ўзига хос намунасидир. Ҳам сиёсий қарашларимизни шакллантирди, ҳам маънавий жиҳатдан кунимизнинг мароқли ўтишида хизмат қилди, - дейди “Мустақиллик” МФЙ фуқароси Моҳичеҳра Ҳакимова.

Митинг халқчил ва мазмундор оҳангда ўтказилди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!