Митингда талабалар таклифи янгради

29.11.2019 18:11:26

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Пешкў туманида “Биз адолат тарафдоримиз” шиори остида митинг ташкил этилди. Унда партия ходимлари, депутатлар, фаоллар, ёшлар, номзодлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Тадбир давомида партия мақсад ва вазифалари, сайлов жараёнларида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот тадбирлари, сайловда овоз бериш тартиби, илк сайловчининг сайловдаги иштироки хусусида алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан партиянинг сайловолди дастурида ҳар бир соҳа тараққиёти йўлида қилиниши керак бўлган амалий ишлар юзасидан қайд этилган таклифлар хусусида айтилди. Хусусан, таълим тизимини янада такомиллаштириш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилаш, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Митинг давомида тиббиёт тизимида кутилаётган ўзгаришлар ҳам тилга олинди. Айниқса, ёш тиббиёт кадрларнинг малакасини ошириш, назария билан бир қаторда амалиётни жорий этиш зарурлиги билдириб ўтилди ва дастурнинг ҳар бир банди йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.

Ёшлар томонидан уларга нисбатан имкониятлар кўламини янада кенгайтириш, инновацион таълим сифатини ошириш, олий ўқув юртларида ўқувчи ёшлар учун талабалар турар жойларининг сонини кенгайтириш масалалари кўтарилди ҳамда таълим муассасасини битирган кадрнинг бандлигини таъминлаш зарурлиги айтиб ўтилди. Ёшларнинг билдирган бу каби фикрлари партия ходимлари, номзодлар томонидан эътиборга олинди.

Митинг сўнгида янграган куй-қўшиқлар барчага бирдек завқ бағишлади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати      

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+