Митингда тиббиётда коррупциянинг олдини олиш масаласи кўтарилди

11.11.2019 15:11:19

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Бухоро шаҳрида “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш – давр талаби” шиори остида митинг ташкил этилди. Унда партия ходимлари, депутатлар, фаоллар, тиббиётчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Халқ дардини эшитиш, соҳада, айниқса, тиббиётда мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, уларни ўрганиш, бу борада таклиф ва ташаббус билан чиқиш партия ходимлари баробарида соҳа мутахассисларининг ҳамда фуқароларнинг олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Митинг давомида сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов ҳар бир муаммонинг ечими хусусида тўхталиб ўтар экан, бугун тиббиётдаги камчиликларни жойида бориб, ўрганиб, унинг ечимларини топишни мақсад қилиб қўйган депутатлар ҳамда партия ходимларининг бу борада олиб борган фаолиятлари, ўрганишлари хусусида ҳам қайд этди.  

Тадбирда соҳа вакиллари тиббиёт бирлашмаларининг моддий-техник базасини янгилаш, тиббиётчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, имтиёзларни кўпайтириш, малакасини ошириш, айниқса, тажрибали шифокорлардан амалий кўникмаларни ўрганиш масалалари хусусида таъкидлашди.

Соҳа мутахассислари билан бир қаторда фуқаролар томонидан ҳам тиббиёт тизимида малакали кадрларни кўпайтириш, кам таъминланган оила фарзандлари учун бепул тиббий кўрикларни ташкил этиш, соҳада коррупцияни батамом йўқотиш, хусусий тиббиёт клиникаларида кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотганлар учун имтиёзларни кўпайтириш, тез тиббий ёрдам шифокорларининг билим кўникмасини ошириш масалалари кўтарилди.

-Партия томонидан ташкил этилган митинг тиббиётдаги муаммолар ва камчиликларни таъкидлашда имкон берди. Бу эса соҳа мутахассисларининг фаолиятини шакллантириш, масъулиятини оширишга хизмат қилади, - дейди партия фаоли Дилноза Аслонова.

Тадбир давомида тилга олинган муаммолар юзасидан бугун партия томонидан қилинаётган амалий ишлар, айнан тиббиётда мавжуд муаммоларнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ўрганишлар, ташаббуслар тўғрисида таъкидланди. Билдирилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар барчани бирдамликка чақирди, фуқароларнинг фаоллиги учун имкониятлар майдони бўлди.     

Ташкил этилган викторина ўйинлари эса тадбир иштирокчиларига ўзгача завқ бағишлади. Уларнинг сиёсий билими ва фаоллигини оширди. Амир Темур образининг “Куч – адолатда” шиорини очиб берган ҳолда ташкил этилган саҳна кўринишлари  эса барчага кўтаринки кайфият улашди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+