Митингда тиббиётдаги камчиликлар очиқ айтилди

19.11.2019 22:11:07

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Жондор туманида “Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш – давр талаби” мавзусида митинг ташкил этилди. Партия ходимлари, депутатлар, кенг жамоатчилик вакиллари, фахрийлар, ёшлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар билан гавжум бўлган тадбирдан асосий мақсад аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, “ақлли” тиббиётни тарғиб этиш, бепул тиббиёт тизимини ривожлантириш, патронаж фаолиятини янада қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди. 

Бугунги сайловчи учун партия ва номзоднинг ташаббуси жуда муҳим ҳисобланади. Бу эса жуда катта меҳнатни талаб этади. Айниқса, сайловчининг сиёсий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш улар олдида турган муҳим вазифадир. Шунинг учун ҳам бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтишини инобатга олган ҳолда етакчи ва бирлашган куч сифатида фаоллик кўрсатилиши жуда зарурдир.

Митинг давомида сўзга чиққанлар айни шу масалага эътибор қаратишар экан, аввало, партиянинг дастури ва лойиҳалари, мақсад, вазифалари хусусида ҳам тўхталиб ўтишди.

Намойиш давомида соҳа мутахассислари ўзларининг жуда кўп таклифлари билан фаол иштирок этишди. Хусусан, ягона электрон маълумотлар базасини яратиш ва юритиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этган ҳолда эътиборни янада кучайтириш, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари ходимларининг фаолиятларини янада ошириш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, рағбатлантиришнинг янги механизмларини жорий этиш, юкламаларини қайта кўриб чиқиш, патронаж хизмати ходимларини транспорт воситалари билан таъминлаш масалалари айтиб ўтилди.

Тадбирда йиғилганлар тиббиётдаги муаммоларни вақтида бартараф этиб бориш масаласини ўртага ташлашди ва ҳар бир беморга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини ривожлантириш асосий вазифа эканлиги айтиб ўтилди. Митингда ташкил этилган концерт дастури барчага завқ бағишлади. Ҳам сиёсий, ҳам маданий жиҳатдан кўмак берди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро виляот Кенгаши ахборот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+