“Митти юлдузлар” тақдимоти

21.01.2021 14:01:52

 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида 15 нафар ёш ижодкорнинг чоп этилган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди. Ёзувчилар, шоирлар, драматурглар, адабиётшунос олимлар, таржимонлар, ёш ижодкорлар иштирокидаги маросимда Ўзбекистон халқ шоири, уюшма раиси Сирожиддин Саййид муаллифларга қалам ҳақи ва китобларини топширди. Уларни илк китобилари билан муборакбод этди.

Унда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг биринчи банди ижросини таъминлаш, Президентнинг 2020 йил 25 декабрь куни ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқида ёшларни барча соҳаларда қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор мақсад ва режаларнинг амалга оширилишига ҳамда 29 декабрь куни Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб эълон қилгани жамиятимизнинг барча жабҳаларида ёшлар фаоллигини оширишда катта аҳамиятга эга экани айтилди.

Тадбирда уюшма раисининг Ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Ботиржон Эргашев сўзга чиқиб, 2018 йилда Зомин семинарида қатнашган, устозлар томонидан ижодий ишлари юқори баҳоланган ёш ижодкорларни, шунингдек, вақтли матбуотда асарлари доимий равишда чоп этиб келинаётган умидли ёшларнинг илк тўпламлари билан танишиб чиқдик, дея таъкидлади.

– Албатта, бу жараёнда устоз адибларимиз йўналишлар бўйича ёшларнинг асарлари билан яқиндан танишишди, – дея сўзини давом эттирди Ботир Эргашев. – Уларнинг фикр-мулоҳазалари асосида шеърият, наср, бадиий публицистика ва драматургия бўйича жами 37 нафар ижодкорнинг асарлари танлаб олинди. Китобларни жамоатчиликка кенгроқ тарғиб қилиш мақсадида уларнинг тақдимотини учга бўлиб ўтказишни режалаштирдик. Шунинг учун бугунги тақдимотга шулардан 15 нафарини олиб чиқдик.

Тақдимотда Маҳлиё Умрзоқованинг “Туйғулар алангаси”, Анвар Ботирнинг “Улғайиш”, Бобур Ҳамронинг “Широқнинг қайтиши”, Яҳё Фаёзнинг “Бахтимизнинг зар туморлари”, Юлдуз Ўрмонованинг “Уйғоқ юлдузлар”, Мирзоҳид Музаффарнинг “Фош”, Акмал Турсуновнинг “Бургутқоя”, Раҳмат Бобожоннинг “Изтироб шивири”, Анвар Аллабергановнинг “Гуллаётган чечаклар”, Бек Алининг “Мен ахир сенман”, Асрор Солижоннинг “Севгиранг нигоҳ”, Мадина Норчаеванинг “Кафтдаги йўл”, Азизбек Норовнинг “Эйнштейн жумбоғи”, Рахшона Аҳмедованинг “Орзу ва денгиз” ҳамда Абдурауф Зокировнинг “Она замин” китоблари ўқувчилар эътиборига ҳавола этилди.

Маълумки, мамлакатимизда ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Биринчи китобим” лойиҳаси ҳам ана шундай эътиборнинг ёрқин намунасидир. Унда республикамизнинг барча вилоятларида ижод қилаётган ёшларнинг истеъдодлари кашф қилиняпти. Ушбу 15та китоб 2018 йилда Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинарида нашрга тавсия қилиниб, “Ижод” жамоат фонди томонидан молиялаштирилди. Лойиҳа доирасида ҳар бир муаллифнинг китоби 2020 йилда “Adabiyot” нашриётида 10000 нусхадан чоп этилди.

– Тақдимотда тенгдошларим қаторида турганимдан жуда хурсанд бўлдим, – деди китоб муаллифи, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси Бобур Ҳамроев. – “Широқнинг қайтиши” деб номланган илк китобимда 4 та саҳна асари ва 1 та қисқа метражли фильм сценарийси ўрин олган. Ҳар бир асар драма жанрида бўлса-да, жамиятимизда бугунги кунда долзарб бўлган турли мавзуларга қўл уришга ҳаракат қилдим. Албатта, бу жараёнда устозларим, таниқли ижодкорлар Абдуқаюм Йўлдошевга, Аҳмаджон Мелибоевга берган маслаҳатлари, кўрсатмалари учун ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ташаккур, дейман.

Мазкур китобларни қўлга олар экансиз, улар жанр ва мавзуларнинг хилма-хиллиги билан ўқувчини ўзига тортади. Ҳикояларда барча ёшдаги кишиларнинг фикр-ўйлари ҳаётий ва ишонарли ёритилганига гувоҳ бўласиз. Абдурауф Зокировнинг “Она замин” номли шеърий китобига шоир Ботиржон Эргашев муҳаррирлик қилган. Ушбу тўпламда Сурхон воҳасининг нафаси сезилиб туради. Ёзганларида гўзалликка ошиқ кўнгил, дард билан олишган орзу-умидни кўрасиз. Унинг борлиқни бошқача кўриши, сўз ила табиатни моҳирлик билан чизишига амин бўласиз. Ёш шоир Яҳё Фаёзнинг шеърларида она юртнинг соғинчи, болалиги кечган дамларни, яқин кишиларни қумсаш кечинмалари етакчилик қилса, Бек Али ўз тўпламида ҳаётни, инсонларни, борлиқни ёруғ туйғуларда ифодалайди.

– “Уйғоқ юлдузлар” номли китобимга Ўзбекистон халқ шоири, устоз Иқбол Мирзо сўзбоши ёзибди, – деди китоб муаллифи Юлдуз Ўрмонова. – Кўриб, ўқиб хурсанд бўлдим! Биринчи китоблар кўринишидан кичкина ва енгил, аммо навқирон ижодкорга катта ва оғир масъулият юклайди. Сабаби, илк тўплам катта адабиётга кириб келаётган ижодкорнинг “паспорти”. Унга муносиб бўлиш, бундан ҳам яхши асарлар яратиш ҳаммамизга насиб этсин. Эътибор ва эътироф учун барча устозларимизга, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоасига катта раҳмат, дейман.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда республика миқёсида ёш ижодкорларни саралаш, уларнинг китобларини чоп этишга катта эътибор берилаяпти. Аввалги йилларда ёш истеъдодлар “Биринчи китобим” лойиҳасида илк тўпламларини чиқариш учун Зомин семинарида, албатта, иштирок этишлари шарт эди. Натижада турли сабабларга кўра, бу семинарга бора олмаган ёш ижодкорларнинг илк китобларини Уюшма томонидан чоп этиш имконсиз эди. Шунингдек, аввал ушбу туркумда фақат 30 ёшгача бўлган ижодкорларнинг китоблари чиқарилган бўлса, эндиликда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан 35 ёшгача бўлган қаламкашлар ҳам ушбу лойиҳада қатнашишлари мумкинлиги тўғрисидаги тартиб тасдиқланди.

Тақдимот маросимида сўзга чиққан адабиётшунос Раҳмон Қўчқор, шоира Фарида Афрўз, драматург Қўчқор Норқобил илк китобларнинг масъулияти ва ижодий тажрибалари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Мазкур китобларга Иқбол Мирзо, Неъмат Арслонов, Зулфия Мўминова, Рустам Мусурмон, Азиз Саид, Қўчқор Норқобил, Исажон Султон, Собир Ўнар, Абдуқаюм Йўлдошев, Шодмоқул Салом, Жонтемир Тоштемиров, Наргиза Асадова, Маъмура Зоҳидова каби ёзувчилар, шоирлар, публицистлар муҳаррирлик қилган.

Тақдимот маросими якунида йиғин аҳлига “Биринчи китобим” лойиҳасида чоп этилган тўпламлардан улашилди.

 

Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА,

журналист

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+