Моддий ёрдам ва маънавий далда билан қўллаб-қувватлаймиз

09.05.2020 14:05:30

Сардобадаги сув омборидаги фалокат сабабли кўплаб оилалар бошпанасиз қолди, минглаб гектар экинлар нобуд бўлди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотларига асосан, Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларининг 32381 гектар майдонлари талафот кўрган. Тошқин сувлари ушбу туманларнинг 10та маҳалла фуқаролар йиғини, 23та аҳоли пункти, ҳудудлардаги 4711та турар ва 277та нотурар жой объектларига ҳамда 30718 гектар экин майдонларига зарар етказган. 13та республика аҳамиятидаги кўприкларга зиён етган. Ходиса оқибатида 4 киши вафот этган, 1 киши бедарак йўқолган, 56 киши касалхонага ётқизилган.  

Жуда оғир мусибат! Кимдир уйини, бир умр йиғиб юрганларини, яна кимдир яқинларини йўқотиб, қандай аҳволга тушганини фақат ўзлари билади. Битта Сардоба туманининг ўзида 1865та оила бошпанасиз қолди, 12862 фуқаро жабр кўрди. Ҳеч ким бундай талофатни кўрмасин.  

Ўзбекистоннинг бутун халқи бирлашиб, ушбу фалокатнинг оқибатларини бартараф этиш билан курашмоқда. Ҳозирги кунга қадар Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия томонидан 17минг  нафарга яқин шахсий таркиб, 2500та техника, 300га яқин мотопомпа олиб келиниб ишлатилмоқда. Тошқин ҳудудларида кунига 30тагача вертолёт парвозлари амалга оширилмоқда. Сардоба туманининг Дўстлик, Қўрғонтепа, Юртдош аҳоли пунктларида, Оқолтин туманининг Шодлик, Аҳиллик, Саховат аҳоли пунктларида, Мирзаобод туманининг Ҳақиқат, Мирзачўл ва Навбаҳор аҳоли пунктларида 1330 бош уй ҳайвонлари нобуд бўлган. Уларнинг жасади кўмиш йўли билан зарарсизлантирилди. 2 миллиондан ортиқ квадрат метр майдонда дезинфекция ишлари ўтказилди.

Ўзбекистоннинг барча аҳолиси оёққа турди. Ҳамма ўз имкониятидан келиб чиқиб, ёрдам қўлини чўзиб, саховат кўрсатмоқда. Иншаоллоҳ, яқин кунларда Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманлари талофат кўрган маҳаллалар обод бўлади. Бузилган уйлар ўрнига янги уйлар қурилади. Йўқолган ва нобуд бўлган буюмлар тикланади. Асосий ҳамма соғ-саломат! Албатта, ушбу техноген фалокатга айбдор бўлганлар жавобгарликка тортилиши шарт. Ҳукумат комиссияси ўз ишини бошлаб юборган. Тегишли суриштирувлар ва терговлар олиб борилади. Ҳамма ноқонуний ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилади. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари тегишли вазирликларни чақириб, парламент эшитувини қилади ва сўровини ҳам жўнатади. Биз биргаликда барча сабабларни аниқлаштиришимиз ва таҳлил қиламиз. Чунки бундай техноген фалокатларга бошқа йўл қўймаслигимиз лозим!

Ҳар бир давлатнинг асосий вазифаси ҳудудда яшаётган аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш. Демак, ким бу хавфсизликка дахл қилса, албатта жавоб беради ва депутатлар ҳақиқатни юзага келтиришда четда туриш нияти йўқ. Лекин бу сал кейинроқ бўладиган жараён. Айни вақтда биз бошқа ишлар билан машғулмиз. Ҳозир биз жабр кўрган қадрдонларимиз олдида бўлишимиз керак, уларга ўз уйларига қайтишга, тўлиқ бузилган уйларни қайта тиклашга, келажакка умид ўйғотишга ўз ҳиссамизни кўшишимиз лозим! Бу бизнинг бурчимиз! Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ўз шахсий жамғармаларидан нафақат саховат акцияларида қатнашиб келмоқда, балки жойга чиқиб аҳолига руҳий ёрдам бермоқдалар. Моддий ёрдамга эҳтиёж катта, лекин маънавий далда жабрланганларга  жуда зарур! Шунинг учун ҳаммамиз қўлимиздан нима келса бажаришимиз керак. Бугунги вазиятда қуруқ гап эмас, амалий иш натижа беради.

Бизнинг Ватанимиз битта. Агар фалокат келса, ҳаммамиз биргаликда барча синовларни енгамиз!

 

Нодира ДЖАНИБЕКОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+