Моддий ёрдамлар манзилли етиб бормоқдами?

06.08.2020 23:08:03

Жамият ҳаётидаги энг долзарб, аҳолини, уларнинг муайян қатламини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш учун жамоатчилик назорати муҳим. Айнан жамоатчилик назорати орқали фуқаролар ва жамоат тузилмалари жамият ҳаётидаги муаммоларнинг ечимини топишга ҳаракат қиладилар. Давлат ва жамият ўртасидаги очиқлик ва шаффофликка эришилади.  Жамоатчилик назоратининг энг муҳим буғинларидан бири эса депутатлик назоратидир. 

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш учун Президент фармони ва ҳукумат фармойишлари асосида чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бу чора-тадбирлар кечиктирилмасдан кескин ва тезкорлик билан амалга оширилаётгани боис гоҳида аҳоли ўртасида турли хил тушунмовчиликлар, норозиликлар бўлиб турибди. Булар эса ўз вақтида ижтимоий тармоқларда ўз аксини топмоқда. Ушбу маблағлар ўз эгасини топиб бериляптими, буни ким назорат қилади деган иддаоларни эшитиб турибмиз.

Бунга жавобан, ушбу масалада тегишли давлат органлари қатори депутатлар ҳам ўзларига тегишли ҳудудларда мониторинглар олиб бораётганлиги ва бу давлат билан жамият ўртасидаги ижтимоий шерикликнинг энг муҳим халқаси эканлигини таъкидлаш зарур. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида муҳтож оилаларга берилаётган моддий ёрдам ва рағбатлантиришларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар доимо ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали ёритиб борилмоқда.

Бугунги кунда бутун дунёда бўлгани каби барчамиз ташвишли кунларни бошимиздан кечирмоқдамиз. Пандемия туфайли мушкул аҳволга тушиб қолган фуқароларга Президент ва ҳукумат, шунингдек саховатпеша ҳомийлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдамлар етказиб берилмоқда. Ана шундай пайтда фуқароларнинг турли тушунмовчиликлар, ижтимоий тармоқлардаги бўрттирилган хабарлар ва шошма-шошарлик билан чиқарилаётган хулосаларга эътиборлироқ бўлишларини истардик. Чунки айрим пайтда ишончли манбага асосланмай тарқатилаётган бундай хабарлар боис аҳоли ўртасида норозиликлар пайдо бўлаётгани сир эмас. Бу борада фуқароларнинг тегишли мутасаддиларга ёки депутатларга мурожаати муаммоларга ойдинлик киритиши билан бирга, албатта, қонуний ечим топилишига сабаб бўлади. Чунки, ушбу моддий ёрдамларнинг қайси тоифа фуқароларимизга берилишини аниқ мезонлари ишлаб чиқилган ва бу мезонлар асосида ишлар олиб борилмоқда.

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 29 июлдаги Фармойишига асосан  “Саховат ва кўмак” фонди орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам тарқатилди. Бунинг учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 150 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Шу жумладан, Тошкент вилоятига 10 миллиард сўм ажратилди.

Шу муносабат билан Қибрай туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга моддий ёрдам тарқатилиш жараёнини Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутатлари томонидан жойларда ҳаққоний ҳамда манзилли етиб борганлиги ўрганиб чиқилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, Қибрай туманда 1224 нафар кам таъминланганлар рўйхатга олинган бўлиб, айни кунда уларнинг аксарияти иш билан таъминлаш, моддий манфаатдорлигини ошириш орқали камбағаллик даражасидан чиқарилди.

Жумладан, Қурбон Ҳайит арафасида ўта эҳтиёжманд бўлган 349 нафар оилаларга 271 миллион 500 минг сўм ёрдам пули тарқатилди. Шундан: 1-сектордаги 104 нафар оилага 81 млн. 500 минг сўм;  2-сектор 81 нафар оилага 62 миллион 500 минг сўм; 3-сектор бўйича 53 нафар оилага 39 миллион 500 минг сўм;4 сектор бўйича 111 нафар оилага 88 миллион сўм.

Уч  нафаргача фарзанди бўлган 155 нафар оиланинг ҳар бирига 500 минг сўмдан, жами 62 миллион 500 минг сўм, 4 нафар ва ундан ортиқ фарзандни вояга етказаётган 194 нафар оилага 1 миллион сўмдан, жами 209 миллион сўм нақд пуллар берилди.

Шунингдек, аҳоли билан суҳбат жараёнида ҳудудлардаги сайловчиларнинг турли саволларига ҳам жавоб беришга тўғри келди. Жумладан, “Президентимизнинг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бўйича бизнинг маҳаллада пул маблағлари тарқатиб бўлинди, бироқ эҳтиёжманд бўлсак-да, бизнинг оиламизга берилмади”, мазмунида кўплаб саволлар берилди. Шу ўринда таъкидлаш зарурки, мазкур Фармонда назарда тутилган пул маблағлари ҳали тарқатилмаган бўлиб, айни пайтда мутасадди ташкилотилар томонидан тегишли рўйхатлар қайта кўриб чиқилмоқда. Бу ўринда ҳам маҳаллий депутатларнинг иштироки ва назорати моддий ёрдамларнинг аҳолининг ҳақиқий эҳтиёжманд қатламига етиб боришида очиқлик ва ҳаққонийликни таъминлашда аҳамияти каттадир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш зарурки, пандемия туфайли давлат халқни қўллаб-қувватлашга, моддий рағбатлантиришга ҳаракат қилмоқда. Аслини олганда айни мураккаб даврда ҳаммани рози қилишнинг иложи  йўқ. Аммо ижтимоий тармоқлардаги битта-иккита негатив ҳолатларни деб, давлат бу хайрли ишлардан тўхтаб қолмагани каби, аҳоли ҳам бундай ноаниқликлардан тезда нотўғри хулоса чиқариши ўринли эмас. Инчунун давлат билан халқ ўртасида олиб борилаётган барча муносабатлар очиқ, шаффоф ва ҳаққоний бўлиши, бунда эса жамоатчилик иштироки жуда муҳимдир.

 

Гулнора АҲМЕДОВА,

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+