Моғорлаб, заҳ босган ва томидан чакки ўтган уйлар ўрганилди

24.09.2020 10:09:05

Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати Эркин Абдураҳмонов ўзи сайланган 19-“Ватанпарвар” сайлов окургидаги аҳоли билан партиянинг “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида учрашув ўтказди. Карантин талабларига амал қилинган равишда ўтказилган лойиҳада “Боғишамол” маҳалласидаги 9 та кўп қаватли уйда истиқомат қилаётган аҳоли ўзларини қийнаётган муаммоли масалаларни ўртага ташлади.

Хусусан кўп қаватли 59-уйда 25 йилдан буён  истиқомат қилаётган Дилфуза Йўлдошева томонидан  депутатга мурожаат бўлди. Мазмуни эса у истиқомат қилаётган кўп қаватли уй икки йил олдин “Обод маҳалла” дастурига киритилгану лекин таъмирлаш ишлари бажарилмай қолиб кетгани ҳақида бўлди. Бу борада мутассаддиларга, хусусан сектор раҳбарига мурожаат қилишгани, лекин афсуски  натижа бўлмаганини ҳам таъкидланди.

 Шундан сўнг депутат Эркин Абдураҳмонов мазкур маҳалладаги кўп қаватли уйлардан бирида истиқомат қилувчи фуқаро Райхона Холбоева билан  суҳбатлашди. У ҳам  15 йилдан буён шу уйда истиқомат қилаётганини айтиб депутатга ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳақида маҳалладошлари номидан гапирди.

Депутат муаммо билан юзлашиш жараёнида шу ҳудуддаги “Лочин” ҳусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Фарход Ҳазратқулов билан ҳам учрашди. Аҳолининг мурожаати юзасидан ўтказилган суҳбатда ширкат раисининг ўзида ҳам муаммолар борлиги аниқланди. Яъни мазкур маҳалладаги 52-59-кўп қаватли уйлардаги мавжуд 439 та хонадон куз-қиш мавсумига умуман тайёр эмаслиги, уйларнинг ертўласидан ториб фасад қисми, кириш йўлаклари ва ичкарилар таъмирталаб эканлиги, ичимлик суви қувурлари чириб, яроқсиз ҳолга келиб қолгани ҳақида маълум қилди. “Обод маҳалла” дастурига киргач икки йил олдин таъмир учун масъул бўлган фирма қурувчилари келиб қурилиш ишларини бошлагандек бўлишган. Яъни кириш йўлакларидаги дераза ва ойналар, иситиш тизимларининг қувурлари олиб кетилгану, янгисига алмашилмаган. Болалар майдончаси қуриш учун кўп қаватли уйларнинг умумий ҳовли майдони ҳам чала қолиб кетгани боис бугун хароб аҳволга келиб қолган.

Ертўладаги сув ва канализация тармоқларининг носозлиги боис тўпланаётган сувлар аҳоли ҳонадонларини моғорлаб, заҳ тортишига олиб келган.  Куз-қиш мавсумида аҳоли ўз уйларини иситиш учун электр ускуналардан фойдаланишга мажбур бўлаётгани ва том қисмидан сув ўтиши ҳам уйларнинг мавсумга тайёр эмаслигини кўрсатиб турибди. Белгиланган ишлар бажарилмагач, аҳоли ҳам ширкатга ишонмай қолаётганини афсус билан гапирди. Бу каби масалаларни атрофлича ўрганиш ва мутассаадилардан асосли жавоб олиш мақсадида Эркин Абдураҳмонов ўзининг навбатдаги депутатлик сўровини Гулистон шаҳар ҳокимининг коммунал масалалар бўйича ўринбосарига жўнатди. Демак, аҳолининг хақли эътирозига сабаб бўлаётган муаммоларга ечим топиш сари илк қадам ташланди.

Биз эса тез орада “Боғишамол” маҳалласига ҳам бунёдкорликнинг шаббодаси келишига умид қилиб қоламиз. 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+