Можаритар сайлов тизимидан пропорционал сайлов тизимига ўтиш керакми?

15.11.2019 14:11:38

Сайловолди тарғиботи жараёнида халқаро матбуот маркази вилоят бўлимида бешта сиёсий партия вакиллари биринчи жонли телевизион дебатда қатнашдилар.  Кўрсатув “Фарғона” ва “Рухсор”  телеканалларида  намойиш этилади.

Партия вакиллари билан мулоқотга киришишдан аввал уларнинг эътиборига аҳоли билан юзма-юз мулоқот давомида партия фаолияти, уларнинг тарғибот тадбирларидан хабардорлик даражаси, шиорлари ҳақидаги савол-жавоблар асосида тайёрланган видеоролик намойиш этилди. Уларда билдирилган фикрларга асосан партия вакиллари муносабатини ва ўзларининг сайловолди  дастури, мақсад ва вазифалари ҳақида  қисқача  сўз юритдилар. Бошловчилар томонидан берилган саволлар асосан депутаталарнинг  фаолияти қанчалик самарали бўлаётгани, халқ уларни нечоғлик таниётгани, сайловчилар ишончини қозона олиши ҳақида бўлди.  Депутатларнинг партиядан партияга ўтиш ҳолатлари ёки партияда қўним топмаслиги салбий жиҳат сифатида баҳоланди.

Дебатда партия  ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан жиддий саволлар ўртага ташланди.  Халқ Демократик партияси вилоят Кенгаши  (ХДП) аъзосига Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши бош мутахассиси  Бунёджон  Аҳмадалиевнинг саволи имконияти чекланган шахсларга шароитлар яратиш,  жумладан, транспорт воситалари, биноларда уларнинг ҳаракатлариниши учун қулай, қўшимча йўлаклар ташкил этилиши масаласида қандай амалий ишлар олиб борилгани ҳақида бўлди. Улар томонидан эса бу борада аниқ фикр билдирилмай,  ногиронлик аравачалари берилгани ва бошқа ёрдамлар ҳақида маълумот бериш билан чекланилди.

Яна бир савол ЎзЛиДеП  масъул ходими Аброр Отабоевга қаратилди. –   Сиз  ўз сўзингизда можаритар  сайлов тизимидан  пропорционал  сайлов тизимига ўтиш тарафдори эканликларингизни билдирдингиз, – деди  блогер  Баҳордирхон Элибоев саволини берар экан. –  Бунда фуқаролар учун эмас ҳудудлар учун курашиладими?  Мисол учун  Олтиариқ  тумани ЎзЛиДеПга, Риштон ХДПга дегандекми?  Масъул ходим бу борада кейинги дебатларда атрофлича тўлиқ жавоб беришини  айтиб ўтди.  

Шу билан бирга, ХДП вакилига республика Марказий Кенгаши  етакчиси Улуғбек Инаятовнинг  ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган 2,5 миллион сўм 5 кишилик оилани боқишга етади, дея билдирган фикрига  вилоят бўйича бу миқдор тахминан қанча бўлиши ҳақида фикр сўралди. ХДП вакили бу борада аниқ бир маълумот йўқлиги, ҳар бир оиланинг  истеъмол саватчасидан келиб чиқиб, белгиланишини айтиб ўтди. Шу билан бирга, Ўзбекистон “Адолат” СДП  вилоят Кенгаши  вакили Гулбаҳор Саидғаниева ўз ўрнида сайловолди дастурида кўзда тутилган  квоталарсиз таълим тизимини яратиш  борасидаги саволларга, ҳудудларда кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, мутахассисларни тайёрлаш лозимлиги ва давлат гранди асосида таҳсил олиш учунгина кириш имтиҳонларини ташкил этиш масаласида ўз фикрларини билдирди.

Ўзбекистон Экологик партияси ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиялари ҳам ўз ўрнида саволларга жавоб бериб, ўз ғоя ва сайловолди дастурларини ҳимоя қилишди.

Депутатлар фаолиятида ўтган йилларга нисбатан самарадорлик кузатилиши ҳақидаги саволларга барча партия вакиллари бу йил сайловларнинг  янгича руҳда ўтказилаётганлиги, шу билан бирга, энг муносиб номзодлар танланаётгани ва уларнинг олдига камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда етарлича талаблар қўйилаётганини таъкидладилар.  

  Камола ПОЛВОНОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши  матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+