Муаллимни эъзозлаш –миллатни эъзозлаш

05.10.2020 15:10:03

 

Ўқитувчидек шарафли касб эгаси бўлиш мураккаб. Уларнинг жажжи қўлларга қалам тутишни ўргатишидан тортиб то ўқиш-ёзишни ва келажакда етук бир касбнинг мутахассиси бўлгунига қадар меҳнатлари, сабр-тоқат билан билим ўргатишлари кишидан катта масъулият ҳамда қунт талаб этади.

1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунининг алоҳида нишонланиши ҳам айнан ушбу машаққатли касб захматларига бўлган ҳурмат-эътибордандир. Бугунги кун муаллими барча зарур шарт-шароитларга, кенг ва ёруғ синфхоналарда энг сўнги замонавий технологияларни қўллаган ҳолда ўқувчиларга билим бермоқда. Албатта, бунда давлатимиз томонидан таълим соҳаси фидойиларига кўрсатилаётган юксак эътиборни алоҳида эътироф этиш жоиз. Сўнги йилларда ўқитувчилар мақоми оширилиши, уларга муносиб меҳнат шароитларининг яратиб берилишида давлат томонидан олиб борилаётган кенг ислоҳотларнинг ўрни юксак. Хусусан, 2017 йил 30 сентябрда Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилганлиги соҳа ривожида янги йўлни очиб берди. Кўплаб замонавий мактабгача таълим муассасалари барпо этилди. Таълим берувчиларни касбга тайёрлаш бўйича ҳам янги йўналишлар очилди. Шунингдек, 2018  йил 14 августдаги Президент қарорига мувофиқ бошланғич ва юқори синф ўқитувчиларининг маоши тенглаштирилди. Яқинда қабул қилиниши кўзда тутилаётган “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони ҳам соҳа тараққиётида янги уфқларни очиб бериши, шубҳасиз. Мен ўйлайманки, бу фармон орқали бугунги кунда халқ таълимида кўндаланг турган кўплаб муаммоларга ечим топилади. Таълимдаги ислоҳотлар янада юқорига бўй кўрсатади.

Яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ўқувчиларнинг ўз келажакларини яратишларида албатта, устоз ва мураббийларинг аҳамияти кучли. Уларнинг интеллектуал салоҳияти, педогогик маҳорати, ҳар бир ўқувчини ўз фарзандидек кўриб, таълим-тарбия ўргатиши таълим сифатини кўтарибгина қолмай, янги Ўзбекистонда улғаяётган авлодни янги марраларга етаклайди.

Мен ана шундай фидокорона меҳнатлар соҳиби бўлган ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан чин қалбдан муборакбод этаман.

 

Фаррух СОБИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+