Муаммо ва мурожаатлар – депутатлар эътиборида

28.10.2019 21:10:28

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилояти, шаҳар ва туман Кенгашларида ташкил этилган ишчи гуруҳи аъзолари фуқароларни қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалаларни ижобий ҳал этиш мақсадида фаол иш олиб бормоқда. Хусусан, ҳар бир маҳалла, шунингдек, ижтимоий объектлар партия фаоллари томонидан алоҳида ўрганилиб, муаммолар бартараф этилиб, инсон манфаатлари йўлида масъулиятни ҳис қилган ҳолда ташаббускорлик кўрсатишяпти.

Мазкур ишчи гуруҳлари томонидан ҳудудларда  жойлашган юридик ва жисмоний шахслар билан бевосита суҳбатлар уюштирилди, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражаси ўрганилди. МФЙлар ҳудудида жойлашган  хонадонларга ташриф буюрилиб, фуқароларга кичик бизнес ва тадбиркорлик билан шуғулланиш, банклардан имтиёзли кредитлар олиб иссиқхоналар қуриш, паррандачилик, лимон ва ёнғоқ дарахтларини экиш орқали қўшимча даромадларга эга бўлиш юзасидан тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.

Хусусан,  партиянинг вилоят Кенгаши ва Термиз туман Кенгашининг фаол аъзолари ҳамда депутатларидан иборат ишчи гуруҳ ҳам сайловчилар билан яккама-якка мулоқот ўрнатиш жараёнида фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб келаётган муаммоларга дуч келишди. Жумладан, “Термиз” маҳалласидаги юзма юз мулоқотларда фуқаролар маҳаллада жойлашган 18-умумтаълим мактабида спорт зали йўқлиги тўғрисида мурожаат қилишди. Мазкур мурожаат юзасидан Халқ депутатлари Термиз туман Кенгаши депутати М.Раҳмонов томонидан вилоят ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари ва туман ҳокими номига янги спорт зал қурилишини 2020 йилги Давлат дастурига киритиш юзасидан депутатлик сўрови чиқарилди.

Шунингдек, партиянинг Қумқўрғон тумани Кенгаши ишчи гуруҳининг сайловчилар билан яккама-якка мулоқот жараёнида тумандаги “Улуғбек” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаролар Ў.Муртозаев, Н.Бобомуродовалар маҳалла ҳудудидаги газ қувурларининг таъмирталаблиги сабабли газнинг атроф-муҳитга тарқалаётганлиги тўғрисида шикоят қилишди.   

Ишчи гуруҳи фуқароларнинг маҳалла ҳудудидаги газ қувурларининг таъмирталаблиги сабабли газнинг атроф-муҳитга тарқалаётганлиги тўғрисидаги мурожаати юзасидан туман Газ таъминоти корхонаси раҳбарига мурожаат қилинди ва шу куннинг ўзидаёқ газ қувурлари корхона мутахассислари томонидан таъмирланиб, муаммо бартараф этилди.

Яна шунингдек мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Низомиддин Холматов хусусий дорихона очиш учун банкдан кредит олишда амалий ёрдам сўради.

Ушбу мурожаатга жавобан ишчи гуруҳи томонидан туман ҳокимига хат билан мурожаат қилиш режалаштирилди.

Партиямиз вакилларининг халқ билан мулоқот давомида юзага келган муаммолар тўғрисида мурожаатлар ва уларнинг амалий ечими партиянинг хайрихоҳлари кўпайишига замин яратади.

Президентимиз таъкидлаганидек, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилса, аҳоли ўз ҳаётидан мамнун бўлса, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги мустаҳкамланади, муаммолар камаяди, тараққиётнинг янги уфқлари очилади, фаровонлик юксалади. Буларга эришмай туриб, одамларни ҳаётдан рози қилиб бўлмайди.

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши

мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+