Муаммолар ечимини топмоқда

19.03.2020 14:03:24

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг келгуси 5 йилга мўлжалланган “Адолат - ҳар бир инсон учун” сайловолди дастурида бир қанча вазифаларни амалга ошириш мақсадида лойиҳалар ишлаб чиқиб, улар доирасида амалий натижаларга эришишни режалаштирган.  

Шу мақсадда партия сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни “Адолатнинг сиёсий-ҳуқуқий ўқувлари куни”, “Муаммо билан юзма-юз” “Бир ойда бир иш ўрни”, “Тиббий маданият – соғлом жамият асоси”, “Сифатли дорилар – соғлом ҳаёт гарови”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур”, “Таълим сифати - партия нигоҳида”, “Тозалик - соғлом ҳаёт мезони”,  “Жамоатчилик назорати-қонун устуворлигининг ғарови”, “Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши кескин курашиш – жамият ривожининг гарови” лойиҳалар доирасида амалга оширади.  

Жумладан, “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси шулар жумласидандир. Лойиҳа доирасида ҳудудий ва маҳаллий Кенгашларда тузилган партия фаоллари ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатларидан иборат ишчи гуруҳлари ҳафтанинг ҳар чоршанба кунлари жойларда жисмоний ва юридик шахслар билан бевосита мулоқотлар ташкил этишмоқда. Бунда ҳар ҳафтада ҳудуддаги биттадан маҳалла фуқаролар йиғинларида жойлашган хонадонлар, хўжалик юритувчи субъектлар ва ижтимоий объектларнинг ҳолати, улардаги мавжуд муаммолар, қонунлар ижроси ва ислоҳотларнинг амал қилиш даражасини тизимли равишда ўрганиш ва аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этишга эътибор қаратилмоқда.

Лойиҳа доирасида жорий йилнинг январь-февраль ойларида туман ва шаҳар Кенгашларида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан жами 550 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари 380 та хўжалик юритувчи субъектлар ҳолати ҳам ўрганилди. Депутатлар ва партия фаолларидан тузилган ишчи гуруҳлари томонидан 6510 та хонадонларга ташриф буюрилиб, фуқароларни қийнаётган 460 та муаммолар бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар рахбарларига 180 та депутатлик сўровлари чиқарилди.

Лойиҳа доирасида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни халқ билан юзма-юз учрашиб, муаммоларини бартараф этишда Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Самарқанд, Наманган, Сурхондарё, Андижон, Навоий вилоят Кенгашлари фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Тўрткўл туманида тузилган ишчи гуруҳи тумандаги “Ибн-Сино” МФЙ ҳудудидаги аҳоли билан учрашди. Аҳоли билан бўлган учрашувда кўчаларда аҳоли томонидан ташланган чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаётганлиги бўйича мурожаатлар келиб тушди.

Аҳоли билан юзма-юз мулоқотда фуқароларга ўз ҳудудларини тоза сақлаш, кўчалардаги чиқиндиларни олдириш ва тозалликка риоя қилиш бўйича амалий ишлар олиб борилди. Туман “Тоза ҳудуд” ДУК билан бирга кўчалар ободонлаштирилишига эришилди.

Фуқаролар мурожаатлари асосида келиб тушаётган муаммоларини  ҳал этишда  Андижон вилоят Кенгашининг ҳам ўрни беқиёс. Айниқса, Балиқчи туманидаги  “Серқуёш” МФЙда яшовчи дарё бўйи аҳолиси мурожаати дарё сувини тошиши аҳолига қийинчилик келтириб чиқараётганлиги ва ушбу муаммони ечишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Ушбу мурожаати бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси масъул ходимлари билан дарё ўзанини мустаҳкамлаш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди ва амалий чоралар кўришга келишилди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида тузилган ишчи гуруҳига фуқаро Одилова Зарина жазони ўташ маҳкамасида бўлиб, энди озодликка чиққанлиги ва партия ишчи гуруҳидан ишга жойлаштиришда амалий ёрдам бериш бўйича мурожаат тушди. Тузилган ишчи гуруҳи томонидан фуқаро З.Одиловага мурожаати юзасидан 7%ли кредит ажратилиб, 10 та қўй олиб беришга эришилди.

Андижон вилоятининг Балиқчи тумани “Оқтепа” МФЙда яшовчи фуқаро Г.Орипова соғлиғини тиклаб олиши учун ордер олишда амалий ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилди. Ишчи гуруҳи томонидан фуқаро Г.Ориповага соғлиғини тиклаши учун туман тиббиёт бирлашмаси кўмагида бепул даволаниш учун йўлланма олиб берилишига эришилди.

Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги “Тўқбой” МФЙ партия томонидан тузилган ишчи гуруҳининг ўрганиши давомида ҳудудда яшовчи фуқаро Рустамова Гавҳар оилавий шароити оғирлиги сабабли уй-жой сўраб мурожаат қилди. Ушбу масала туман ишчи гуруҳи билан биргаликда ўрганилди ҳамда рўйхатга қўйилди. Яна шу маҳаллада яшовчи фуқаро Қудратова Маърифат момонинг оилавий шароити оғирлиги, соғлиғини тиклашда даволана олмаётганлиги учун моддий ёрдам сўралган мурожаат тушди. Ушбу масала бўйича Қудратова Маърифат момонинг даволаниши учун 1 067 000 сўм ҳомийлик маблағлари йиғилиб, тумандаги Ибн Сино хусусий шифохонасида даволаниш учун ётқизилди. Маҳалла худудида жойлашган 4 умумтаълим мактаби директори томонидан ушбу мактабнинг 11-синф ўқувчиси Қиличова Шохсанамнинг дарсларга мунтазам қатнамаётганлиги тўғрисидаги билдириш хати билан мурожаат асосида Ш.Қиличованинг хонадонига борилиб, бу фуқаро билан суҳбат ўтказилиб тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ишчи гуруҳлари томонидан бундай ҳал этилган масалалар юзасидан  ҳудудий Кенгаш раислари фикр билдиришди.

- Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни халқ билан юзма-юз ўтказилаётган мулоқотлар халқнинг эртанги кунга бўлган ишончини оширмоқда - дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши раиси, Мухиба Бабабекова. - Ўрганишларда ишчи гуруҳ аъзоси сифатида халқ билан шахсан ўзи учрашиб, уларни қийнаётган  муаммоларга қулоқ тутиб, уларни бартараф этиш чораларини излаб топиб, одамларнинг хурсандчилигига шерик бўлиб келмоқдаман. Мен халқнинг вакили сифатида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни билан чекланиб қолмасдан чоршанба, жума кунлари ҳам фуқаролар билан учрашишни таклиф этаман. Чунки халқнинг орасига қанча кўп кириб, уларни ўйлантираётган муаммоларнинг ечимини топиб берсак, аъзоларимиз ва хайрихоҳларимиз сони ошишига эришамиз.

- Халқ билан очиқ мулоқотларда фуқаролардан келиб тушаётган миннатдорчилик хатлари партиямизнинг ҳалқ орасида нуфузини ошиб бораётганлигида деб биламан. – дейди Бухоро вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов - Бугунги кунда вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатларимиз ҳам жуда фаол, буни 2 ой давомида 72 та  депутатлик сўровлари ташкилот ва идораларга йўналтирилганида ҳам кўришимиз мумкин. Партия тизимида аҳоли ва электорат билан олиб борилаётган мулоқотларни янги босқичга олиб чиқиш, партия ташкилотлари ҳузуридаги ишчи гуруҳлари фаолиятларини янада жонлантиришни ҳам тақозо этмоқда. Зеро, “Адолат ҳар бир инсон учун” шиори ҳаётимиз мазмунига айланиб бораётган экан, мамлакатимизда кечаётган демократик ислоҳотларнинг янги босқичи суръатларидан ортда қолмаслик, Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида олдимизга қўйилган мақсадлар ижросини таъминлашда партиямизнинг ҳар бир фаоли ва депутати ўз зиммасидаги масъулиятни чуқур ҳис этмоғи даркор. Шундагина партиямиз кейинги сайловларда юқори ўринни эгаллашига эришган бўламиз.

 

Гулнисо САИДОВА,

партиянинг дастурий ва ўқув методик

кўрсатмаларини ишлаб чиқиш сектори мудири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+