Муаммолар ҳал этилмаса, натижадорликка эришиб бўлмайди

19.07.2020 09:07:46

Ҳозирги мураккаб шароитда аҳолини қўллаб-қувватлашнинг муҳим шартларидан бири уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш саналади. Чунки мамлакат иқтисодий барқарорлиги, аҳоли фаровонлиги бизнес муҳитини шакллантириш ва ривожлантиришга бевосита боғлиқ. Буни амалга ошириш учун, мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш зарур ва шарт. Айниқса, кредит олиш масаласида. 

Масалан, кўчмас мулк баҳосининг 100 фоиз қийматининг банк томонидан 60 фоизга баҳоланиши, эскириш қийматиниям ҳисоблаб, 50 фоизи миқдорида пул берилиши олинажак кредит суммасига таъсир қилмоқда. Банк ходимлари эса хавф (риск)ни ўз фойдаларига камайтириш учун тадбиркор ҳиссасини туширишмоқда. Тадбиркорлар кўчмас мулк банклар томонидан 80 фоизга баҳоласа, гаров масаласида анча енгиллик бўлишини билдиришяпти.

Шунингдек, тадбиркорлар олинаётган кредитга нисбатан йиллик фоиз ставкасининг юқорилигидан ҳам норозилик билдиришмоқда. Бу талаблардан кейин Марказий банк мутасаддилари банк сиёсатини ўзгартиришни ўйлаб кўришлари керак.

Яна бир муҳим масала — банк кредити бериш муддатининг чўзилиб кетишидир. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурида белгиланишича, кредит олувчининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банки томонидан уч иш кунидан ошмаган муддатда ушбу ариза бўйича асослантирилган қарор қабул қилинади. Тижорат банки кредит беришни рад этган тақдирда, банк қарз олувчига ҳамда тавсифнома берган тегишли секторлар раҳбарларига ва маҳалла фуқаролар йиғинига бу ҳақда кейинги иш кунидан кечиктирмаган ҳолда ёзма шаклда асослантирилган маълумот тақдим этиши керак. Ҳозирда кўплаб аризаларга эса жавоб берилмай ойлар давомида чўзилиб келмоқда. Ҳудудлардаги банк ходимлари ариза республика даражасида кўриб чиқилиши чўзилаётганини, кутишга мажбур эканликларини айтишяпти.

Биргина Бағдод тумани мисолида таҳлил этадиган бўлсак, жорий йилнинг 9 июль кунги бизнес-омбудсман вакиллари билан бўлган учрашувда тумандаги тўртта сектор вакиллари томонидан тадбиркорлар билан ишлаш, уларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳисобот берилган. Маълум бўлишича, шу пайтгача тадбиркорлар томонидан кўтарилган 234 та муаммонинг 79 таси кредит, 26 таси ер, 10 таси солиқ, 27 таси рухсатнома ва лицензия масалаларида, шунингдек,  73 таси бошқа йўналишларда бўлган. Муаммоларнинг 215 таси (92 фоизи) ижобий ҳал этилган. Кўринадики, тадбиркорлар орасида энг кўп муаммо кредит масаласида бўлиб чиқяпти.

Айрим туманларда фақатгина саноқли бир-икки банклар филиаллари фаолият кўрсатиши ҳам муаммоли масалалардан. Ваҳоланки, бошқа туманларда камида 5-6 та банк филиали бор. Бу ҳолат эса тадбиркорларнинг фақат шу банкларга боғланиб қолишига сабаб бўлмоқда. Масалан, Фарғона вилоятининг Бағдод туманида 1428 та корхона ва 1826 та ЯТТ, жами 3254 та тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинган. Туманда 7 та қўшма корхона ҳамда 3 та хорижий корхона мавжуд.  Шунга қарамай, фақат “Халқ банки” ва “Агробанк” филиаллари фаолият кўрсатади. Марказий банк вилоят бошқармаси бошқарувчиси билан суҳбатлашганимизда, яқинда Қўқондаги “Универсалбанк” ва “Микрокредитбанк” филиаларининг хизмат кўрсатиш марказлари очилиши ҳақида маълумот берди.

Банк-кредит соҳасида яна бир муаммо — банк ходимлари томонидан доимий равишда тадбиркорга “ресурс йўқ” деган жавобнинг берилишидир. Тўғри, Бағдод тумани мисолида тадбиркорлик учун ажратилаётган маблағлар ва лойиҳалар билан танишадиган бўлсак, маҳаллий ҳокимлик ва тадбиркорлик субъектлари томонидан хайрли ишларга қўл урилаётганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, “Ҳар бир оила — тадбиркор” Давлат дастури доирасида туманда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига жами 13.9 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилган. Бу рақамларни яна давом эттириш мумкин.

Хўш, маблағлар ҳар доим ҳам тадбиркорга ўз вақтида ажратиб берилмоқдами? Учрашувларимиз чоғида экспорттёр тадбиркорларимиз янги иш ўринлари яратиш мақсадида фаолиятини кенгайтириш учун кредит олиш мақсадида берган аризаларига ҳануз жавоб ололмаётганликларидан шикоят қилишди. Банкнинг маблағ беришга ресурси бўлмаса, у банкротлик эълон қилиши керак эмасми?

Яна бир муаммо — тадбиркор фаолиятида ҳуқуқий нормаларда чалкашликларнинг борлиги ва бунга мутасадди идораларнинг ўз вақтида ечим топмаслигидир. “БАҒДОД АВТОТРАНС СЕРВИС” МЧЖ раҳбарининг муаммоси шуки, унинг дон ташувчи корхона сифатида бириктирилган автомобиль корхонаси “чекланган тарифлар”да ҳисобланган ва ҳақиқатда ишлатилган ёнилғи маҳсулотлари нархлари ўртасидаги тафовут туфайли жами 319 400 882, 93 сўм иқтисодий зарар кўради. Корхона мулки тўлиқ хатланиб сотувга чиқарилган. Бу ўринда корхона ҳам холис хизмат қилиб, ҳам қарздор бўлиб қолмоқда. Тадбиркорнинг туман, вилоят ҳамда республика даражасидаги турли идораларга мурожаатлари ҳал бўлмасдан келмоқда. Аниқроғи, “юқори” “қуйи”га, “қуйи” эса “юқори”га йўллашдан чарчамаяпти. Гарчи, Молия вазирлигининг Фарғона вилоятидаги Давлат молиявий назорати бошқармаси далолатномасида корхонанинг айбсиз эканлиги кўрсатилган, туман ҳокимлиги йиғилиш баёнида “Муддати ўтказиб юборилган дебиторлик ва кредиторликларни қисқартириш, бюджетга тўловлар интизомини мустаҳкамлаш” комиссиясидан юқоридаги суммадаги қарздорликни кечиш сўралган бўлса-да, муаммо шу кунгача барҳам топмаган.

Юқоридаги каби ҳолатлар, қанчалик аччиқ бўлмасин, айтиш керакки, мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожига тўсиқ бўлмоқда, тадбиркорларнинг фаолият юритишига имкон бермаяпти. Биз, албатта, ушбу масалалар бўйича тегишли вазирлик ва идораларга мурожаат йўллаймиз. Лекин булар бир-икки  тадбиркор бошига тушган иш эмас, балки республика бўйича тизимли муаммо сифатида тадбиркор оёғига тушов бўлмоқда. Шунинг учун ушбу муаммолар республика даражасида мутахассис ва мутасаддилар томонидан атрофлича ўрганиб чиқилиши, керак бўлса, янги қарорлар қабул қилиниши ва бу қонунларда акс этиши керак.

Бинобарин, Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам давлат раҳбари банк-кредит, солиқ сиёсати соҳасида ислоҳотлар кераклигини таъкидлади. Бу эса аллақачон ечимини топиши керак бўлган муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

Демак, мамлакат ривожини чиндан истасак, тадбиркорга қулай шарт-шароит яратиб беришимиз, мавжуд қонунчиликни такомиллаштиришимиз мақсадга мувофиқ.  

 

Гулбаҳор САИДҒАНИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+