Муаммоларга амалий ечим изланмоқда

20.09.2019 12:09:45

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан чиқарилаётган қонунлар фуқароларимизнинг ижтимоий-иқтисодий турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда.

Бунинг амалий натижаси ўлароқ аҳоли билан юзма-юз, очиқ мулоқотлар ўтказилиб, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топилмоқда. Бу борада  Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан  лойиҳалар доирасида аҳоли ва давлат ташкилотлари учрашувлари ҳам ташкил этилмоқда.

Ҳусусан, партиянинг Сурхондарё вилоят Кенгаши вакиллари ва депутатлар билан ҳамкорликда маҳаллалардаги уйма-уй ўрганишлар натижасида бир қатор муаммолар юзасидан аниқ, амалий натижаларга эришиляпти. Аҳоли билан мулоқотлар жараёнида фуқаролар қилган мурожаатлари ўрганилиб, қонун хужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Хозирда уларни ҳал этиш чора-тадбирлари олиб борилмоқда.  Партиянинг вилоят Кенгаши ҳамда Термиз тумани Кенгаши вакиллари ҳамда депутатлардан ташкил этилган ишчи гуруҳи Термиз тумани “Айротом” МФЙда 12 та хонадонга ташриф буюриб, аҳоли билан яккама якка мулоқотлар ўтказди, 24 нафар фуқаролар билан бевосита суҳбатлар уюштириб, қонунлар ижроси ва амал қилиш даражаси ўрганилди. Жумладан, маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Д.Хуррамова суюлтирилган газ олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати юзасидан маҳалла раисига учрашилиб, туман газ таъминот ташкилотига газ баллон келиши билан олиб бериладиган бўлди. “Айротом” МФЙда яшовчи яна бир фуқаро А.Хуррамов II гуруҳ ногирони эканлигини билдириб, ногиронлик аравачаси олишда амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаатга асосан Халқ депутатлари Термиз тумани кенгаши депутати М.Раҳмонов туман Тиббиёт бирлашмаси раҳбариятига депутатлик сўрови юборди.

Шунингдек, шаҳар ва туманлар кесимида партия фаоллари ва депутатларидан тузилган ишчи гуруҳлар ҳудудлардаги МФЙларда аҳоли билан юзма юз мулоқотларда мурожаатларга амалий ечим изланяпти.

Хусусан, Қизириқ туман Кенгаши фаоллари ва депутатлари томонидан тузилган ишчи гуруҳи тумандаги “Қишлоқ қозон” МФЙда  ўрганишларда маҳалла фуқароси И.Маҳмудов иш масаласида амалий ёрдам сўради. Партия ишчи гуруҳи маҳалла фаоллари билан биргаликда маҳаллада жойлашган 11-сонли МТМга иш юритувчи вазифасига ишга жойлаштиришда кўмаклашди. Яна шунингдек, партиянинг Шўрчи туман Кенгаши фаолларидан иборат ишчи гуруҳига тумандаги “Озод” МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар хонадонларидаги экин майдонларини суғориш учун ариқлар йўқлиги, оқова сувларининг маҳаллага етиб келмаётганлиги тўғрисида шикоят қилишди. Мазкур мурожаат атрофлича ўрганилиб, халқ депутатлари Шўрчи туман Кенгаши депутати А.Абдуллаев томонидан туманнинг 4 сектор раҳбарига депутатлик сўрови юборилди.

Қувонарлиси, депутатларимизнинг аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотларга йўллаган сўровлари ўз муддатларида ижобий ҳал этилмоқда.
Бугунги давр депутатлар олдига муҳим вазифаларни қўймоқда. Замон талаби даражасида ишлаш, ўз навбатида, депутатларни янада ташаббускор, қатъиятли ва фидойи бўлишга ундайди, албатта.

 Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+