Муборакдаги профилактик тайёргарлик ҳолати талабга жавоб берадими?

21.03.2020 10:03:40

Ўзбек халқи бошига тушган кулфатларни ҳамиша мардонавар енгиб келган. Оғир кунларда мақсад йўлида бирлаша олган. Синовларни ҳам эртанги бахтли ҳаёт учун берилган синов сифатида қабул қилган. Бежизга ота-боболаримиз шундай кунларда “Кўпга келган тўй” дея оптимистик кайфиятда қарашмаган.

Бугунги кунлар ҳам тез орада ортда қолади. Коранавирус инфекциясини ҳам енгиб ўтамиз. Фақат бунинг учун Президентимиз айтганларидай, “Бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим”.

Шу мақсадда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам жойларда коронавирус инфекцияси профилактикаси юзасидан аҳоли орасида олиб борилаётган ишлар аҳволини ўрганиш мақсадида ҳудудларда бўлишди.

Жумладан, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Махфират Хушвақтова Муборак туманида мавжуд ҳолат билан танишиб чиқди.

Ҳудудда туман соғлиқни сақлаш бўлими ва давлат санитария- эпидемиологик осойишталик маркази билан биргаликда коронавирусга қарши кураш бўйича штаб ташкил қилинган.

Ўрганиш жараёнида депутат штаб талаб даражасида ташкил қилингани ва ундаги ходимлар коронавирус инфекцияси ҳақида тўлиқ тиббий маълумотга эга эканлигини эътироф этди.

Шундан сўнг М. Хушвақтова туман тиббиёт бирлашмасида касаллик вужудга келтириши мумкин бўлган ҳолатлар билан танишди. Мазкур муассасага қарашли юқумли касалликлар бўлимида беморлар учун ўринлар тайёрланган. Депутат тиббиёт ходимлари учун ажаратилган махсус кийим жамланмаси етарли эмаслигини айтиб, уни кўпайтириш бўйича тегишли тавсиялар берди.

Афсуски, халқимиз бошидаги бугунги синовли кунларда айрим инсофсиз тадбиркорлар айрим маҳсулотлар учун нарх-навони сунъий равишда ошириш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Муборак туманида ҳам бу каби салбий иллатлар оз бўлса-да учраб турганиги маълум бўлди. Туманда дорихоналар ўрганилганда сотувда тиббий ниқоблар йўқлиги, антисептик воситалар жуда ҳам қиммат нархда сотилаётгани маълум бўлди. 

Солиқ бошқармаси ходимлари билан биргаликда туман марказидаги бозор, дўкон расталарини аҳолини кунлик эҳтиёжига керакли маҳсулотлар озиқ овқатлар тан нархлари ўрганилганда нархлар ўзгаришсиз, расталарда ва омборхонада маҳсулотлар етарли даражада эканлиги аниқланди. Аҳоли ва савдо ходимлари билан суҳбат ўтказилганда нархларни ўзгармаганлиги, аҳолини тадбиркорларга эътирози йўқлиги аниқланди. Тадбиркорларга бу вазиятдан фойдаланиб нархларни оширмаслик ҳақида тушунчалар берилди.

Касалликнинг олдини олиш учун дизенфекция ишларининг тўғри йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Аммо Муборак туманида бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар етарли эканлиги маълум бўлди. Жумладан, санитария эпидемиологик осойишталик маркази жамоат транспорти, жамоат жойлари, таълим муассасаларини дезинфекция қилиш учун етарли жиҳозларга эга эмаслиги маълум бўлди.

Депутат томонидан мазкур муаммони тез орада бартараф этиш, тумандаги санитар осойишталикни таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли тавсиялар берилди.

 

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+