Мухаррам Дадахўжаева: Дори воситалари ноқонуний айланишига чек қўйилади

10.09.2019 16:09:56

Иссиқ жоннинг иситмаси чиқади, деймиз. Бундай пайтда, “бошдан ўтказган табиб” сифатида, агарда қандай дори ичишни билсангиз, истаган дорихонага кириб, хоҳлаган дорингизни сотиб олишингиз мумкин. Унча-мунча дорихоначи-сотувчи шифокор рецептини сўрамайди: азбаройи нақд тушум келиб турганида, савдо авжида палласида пулнинг жозибаси кучли бўлади.

Тўғри, саломатлик борасида бош оғриғи, ич кетиши, иситма каби безовталиклар учун дори керак бўлса, рецепт шарт эмасдир. Аммо, ҳар дорининг ўз шифоси билан бирга, ножўя таъсири ҳам бўлиши мумкин.

Афсуски, кейинги пайтларда баъзи дорихоналарда шифокор кўрсатмасисиз ичилса, инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши мумкин бўлган, таркибида кучли таъсир этувчи моддалар мавжуд дори воситалари ҳам сотилаётгани бу борада жиддий бош қотириш лозимлигини кўрсатмоқда эди.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 6 сентябрь куни “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинишини катта воқелик сифатида қабул қилдик.

Боиси, давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори билан дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашни таъминлаш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш кўзда тутилгани айни муддао бўлди.

Ҳужжатга кўра, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари буюм-миқдор жиҳатдан ҳисобга олиниши лозимлиги белгиланди. Уларнинг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд дорихоналар томонидан амалга оширилиши қаъий тартибга солинадиган бўлди.

Албатта, тартиб ўрнатиш осон эмас. Бунинг учун қаттиқ назорат ўрнатиш, доимий мониторинг ишларини олиб бориш талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, Президентимиз қарорида бу борада зарур чоралар кўрилиши белгиланиб, уларни амалга оширишнинг аниқ механизми кўрсатиб ўтилган.

Унга биноан, шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг ноқонуний чакана савдоси ҳолатларига барҳам бериш бўйича текширувлар Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга хабар бериш тартибида, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Ўз навбатида, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларини бериш бўйича ҳам аниқ тартиб ўрнатиладиган бўлди. Яъни, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларини бериш учун ёзилган рецептлар дорихоналарда бир йил давомида сақланади. Мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар тиббиёт ташкилотларида беморга рецептли дори воситаларини белгиланган тартибда рецептни расмийлаштирмасдан тайинлаш тақиқланади.

2020 йил 1 январдан бошлаб дори воситалари ва тиббий буюмларнинг реализация (бериш) жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш шартлиги белгиланмоқда. Бу талаб — дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишдаги лицензия талаби ҳисобланади. Аммо қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудида жойлашган дорихоналар ва уларнинг филиаллари бундан мустасно.

Мазкур талабнинг мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилиши лицензиянинг амал қилишини ўрнатилган тартибда тугатиш учун асос бўлади.

Бугунги кунда фаолиятда очиқ-ошкоралик, шаффофликни таъминлаш, ҳар хил қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида барча соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жадал татбиқ этилмоқда. Мазкур тизимлар дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни янада кучайтириш, соҳадаги ислоҳотларни ҳаётга изчил жорий қилишда ҳам асқотиши табиий.

Мамлакатимиз раҳбарининг қарорида айни жиҳатга алоҳида эътибор қаратилгани диққатга молик. Жумладан, 2021 йил 1 январга қадар Электрон рецепт бериш тизими жорий этилиб, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Электрон рецепт бериш тизимининг буюртмачиси этиб белгиланди.

2021 йил 1 мартдан бошлаб Электрон рецепт бериш тизими, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар, Тошкент шаҳридаги барча тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналари учун, 2022 йил 1 мартдан бошлаб эса, босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида қўлланилиши мажбурий ҳисобланади.

Албатта, аниқ тартиб-интизом жорий қилинган, қатъий назорат ўрнатилган жойда муаммолар бўлмайди. Бунинг учун барча тизим — соғлиқни сақлаш вазирлигидан тортиб, ҳуқуқ-тартибот органлари, кенг жамоатчилик фаол жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, биз депутатлар ҳам дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш, демакки, халқимизнинг соғлиғини сақлаш, аҳолининг саломатлиги мустаҳкамлашда парламент назоратининг барча самарали шаклларидан фойдаланишимиз шарт. Лозим топилса, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, уларни бугунги давр талаблари асосида янги мазмун-моҳият билан бойитишимиз даркор. Энг муҳими, дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига чек қўйишимиз, кучли таъсир этувчи моддалар айланишини тартибга солишимиз, шу аснода аҳолимиз соғлиғини сақлашни таъминлашга эришишимиз лозим.

Бу барчамиз учун энг муҳим вазифалардан биридир.

Мухаррам ДАДАХЎЖАЕВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+