Муҳим таклифлар, муаммо ва ечим

15.11.2020 15:11:56

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 10 ноябрь куни Шанхай хамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари  Кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги мажлисида иштирок этган эди. Ташкилотга аъзо турли давлатлар вакиллари иштирок этган анжуманда мамлакатимиз раҳбари ҳам алоҳида нутқ сўзлаб, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ўз тараққиётининг принципиал жиҳатдан янги босқичда турганига алоҳида урғу берди. Бундан ташқари юртбошимиз томонидан айтилган қатор таклиф ва ташаббуслар ташкилотнинг кейинги фаолият босқичида янги-янги истиқболларни кашф этиши, шубхасиз.  Хусусан, пандемия салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида ШҲТнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва саноат кооперациясини рағбатлантириш бўйича узоқ муддатли ҳужжатларини қабул қилиш орқали савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кучайтириш таклифининг илгари сурилганлиги, ўйлайманки, эпидемияга қарши биргаликда ташкил қилинган катта куч юзага келишини англатади. Шунингдек, мамлакатимизнинг соҳага ихтисослашган шифохоналари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида эпидемияга олиб келувчи касалликларга қарши курашиш бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратиш таклифи даволаш бўйича халқаро тажриба алмашиш имкониятини яратади. Дарҳақиқат, ушбу тармоқ доирасида инфекцион касалликларни диагностика, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тажриба алмашиш, қўшма шифокорлар гуруҳи фаолиятини ташкил этиш ва уларни тайёрлашга қаратилган ўзаро манфаатли лойиҳаларни бевосита амалга ошириш мумкин бўлади.

Саммитда давлатимиз раҳбари яхши қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ишонч ва манфаатларни ҳисобга олиш анъаналарини асраш ва кўпайтиришга қаратилган чақириғи ҳам дунёда юз бераётган турли нотинчликларнинг олдини олишда бир хитоб бўлди, десак янглишмаймиз. Ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти кун тартибидаги асосий масалаларга биргаликда муроса излаш, кенг Евросиё маконида хавфсизлик барқарор тараққиётни таъминлашнинг бош шарти сифатида қайд этгани давлатларнинг муросага келиш, турли хатарларнинг олдини олиш учун бирлашиш муҳим вазифа эканлигидан далолатдир. Зеро, ШҲТ кучли бўлиши учун ундаги ҳар бир давлат кучли ва бирдамликда ҳаракат қилиши зарур.

Президентимизнинг иқтисодий ўсишни таъминлашда ахборот технологияларининг ўрни ортиб бораётганини қайд этиши, айниқса бунда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва аҳолини ўқитишга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш бўйича дастурини ишлаб чиқиш юзасидан илгари сурилган таклифи ҳам ниҳоятда долзарб аҳамиятга эга. Чунончи, 2020 йилга Ўзбекистонда “Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили деб ном берилган эди. Юқоридаги таклифнинг амалиётда бўй кўрсатиши мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда янада янги истиқболларни ҳамда халқаро тажриба алмашишни кучайтириши билан қимматлидир. Шунингдек, давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартириш масалаларида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйишнинг долзарб аҳамияти ҳақида тўхталар экан, ташкилот доирасида мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари йиғилишлари механизмини яратиш ва тегишли дастурий ҳужжат тайёрлаш таклифи аҳолининг ижтимоий ҳолатини яхшилашда улкан қадам бўлишига ишонаман.

Маълумки, Афғонистон ҳақида гап кетганда глобал аҳамиятга молик ҳал этилиши лозим бўлган кўплаб муаммолар турганлигига яхши англаймиз. Шу ўринда “ШҲТ-Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасининг тез фурсатда қабул қилиниши каби масалалар тинчлик ва ҳамкорликни кучайтириш йўлида амалга оширилаётган муҳим ташаббусдир. Хусусан, Афғонистонга унинг Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи кўприк сифатидаги тарихий ролини қайтаришга хизмат қиладиган транспорт йўлакларини барпо этиш ташаббусига эътибор қаратилаётгани яқин келажакда тинчлик ва ҳамкорликнинг давлатлараро кучайиши ва  ривожланиш истиқболларини очиб бериши турган гап.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз Президентининг ШХТнинг навбатдаги саммитида иштироки ва унда илгари сурилган таклифлар бугунги замонамиз учун зарурият ҳисобланган кўплаб масалаларга ечим бўлиб хизмат қилиши шубхасиз.

 

 

Бахром ВАЛИЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+