Муҳим тарихий қадам арафасида

26.09.2019 08:09:25

20 сентябрь мамлакатимиз тарихида янги саҳифа, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда тарихий аҳамиятга эга бўлган сана сифатида муҳрланди. Мазкур санада Ўзбекистонда янги сайловлар кунини эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Унга кўра, 2019 йил 22 декабрь мамлакатимиз Парламентининг Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар куни, деб белгилади ҳамда сайлов кампанияси бошланганлиги  эълон қилинди.

Мамлакатимизда  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларни таъминлаш, аҳолининг фаровонлигини ошириш борасида “Сўз ва амал бирлиги” шиорига қатъий амал қилинмоқда.

Сўз, эътиқод, матбуот эркинлиги, фикрлар хилма-хиллиги ва ҳур фикрликка кенг йўл очилди. Мамлакатимиз дунё давлатлари билан яқин қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, дунё ҳамжамияти олдида янги Ўзбекистоннинг ижобий имиджини юксалтириб бормоқда.

Жорий йилги сайловлар Шавкат Мирзиёев томонидан 2019 йилнинг 25 июнида имзоланган ва кучга киритилган янги Сайлов кодексига мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.

Янги Сайлов кодекси унгача амалда бўлган сайлов жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солган қонунлардан кескин фарқ қилади. Аввало, ушбу кодекс - демократик, очиқ, ошкора ва эркин сайловлар ўтказиш бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари ва стандартларини, ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибасини ҳамда қадимий давлатчилик тарихига, ўзининг ўчмас ва сўнмас инсонпарвар, адолатли қадриятларига эга халқимизнинг ижтимоий адолат, бағрикенглик, сўз ва амал бирлиги каби ноёб ғоя ва қадриятларини ўзида мужассам этган. Содда ва равон тилда ёзилган.

Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига асосан сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда сайловчилар томонидан бир қанча партияларни ёқлаб имзо қўйиш имконияти берилди. Олдинлари сиёсий партиялар томонидан имзо йиғишда “сайловчи фақат битта сиёсий партияни ёқлаб имзо қўйиши мумкин”, деган норма мавжуд эди. Бу эса сиёсий партияларга ҳам, сайловчиларга ҳам ноқулайлик туғдирарди.

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватлаш бу сайловчининг ихтиёрий хоҳиши. Сайловчи сиёсий партиянинг дастури ва амалий фаолияти билан таниш бўлса ҳамда мазкур сиёсий партиянинг сайловлар жараёнида иштирок этишини қўллаб-қувватласа, демак, улар тўплаган имзо варағига ўз имзосини қўяди. Лекин бу сайловчи айнан шу сиёсий партиянинг номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беради дегани эмас. 

Сайловчи номзодни қўллаб-қувватлаши учун ҳали олдинда 2 ойдан зиёд вақт бор. Бу вақт давомида сиёсий партиялар, номзодлар ўзларининг сайловолди дастурларини эълон қилади. Сайловолди ташвиқотини олиб боради. ОАВ орқали чиқишлар қилиб, сайловчилар билан бевосита учрашувлар ўтказади. Мабодо, сайловчи имзо тўплаш жараёнида 3 ёки 4 та сиёсий партиянинг сайловда иштирок этиши учун имзо қўйган бўлса-да, учрашув ва дебатлар жараёнида қайси сиёсий партиянинг номзоди ёки платформаси унга маъқул бўлса, овоз бериш кунида сайловчи айнан шу партиянинг вакилига ёки номзодга овоз бериши мумкин. Овоз бериш жараёнида эса битта сайловчи фақат битта овоз бериш ҳуқуқига эга.

Аввалги қонунларда “Имзо варақаларида имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиядан рўйхатга олиш учун ҳужжатлар қабул қилишни рад этади ҳамда тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва қонун талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий пар­тия­ларнинг раҳбарларига, ваколатли вакилига белгиланган тартибда маълум қилади”, деб белгилаб қўйилган эди. Бу қоида сиёсий партияларнинг сайловда иштирок эта олмаслигига олиб келарди. Партияларга ҳолатни тўғрилаш учун имкон беришга оид норма мавжуд эмас эди. Янги қабул қилинган кодексга мувофиқ сиёсий партияларга ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатиш ҳамда уларни Марказий сайлов комиссиясига қайта тақдим этиш ҳуқуқи берилди. Ушбу демократик талабларга жавоб берадиган норма сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этиш имкониятини янада мустаҳкамлади.

Партиялар сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда аввалги қонунлар бўйича фақат биттадан кузатувчи бериши мумкин бўлган бўлса, мазкур кодексда бундай чеклов чиқариб ташланди. Бу ҳам очиқлик, ошкораликни, жамоатчилик назоратини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, сиёсий партияларнинг тарафдорлари, уларни қўллаб-қувватловчилар сафини кенгайтиришга, кузатувчилар учун эса бир кун давомида сайлов участкасида қимирламай туриш эмас, балки алмашиб бу ваколатни амалга ошириш имконини яратади.

Кодексда сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқлари ҳам кенгайтирилди. Эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Агар аввалги қонунларда суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар, деган мазмундаги қоида белгиланган бўлса, мазкур кодексда уларнинг сайланиши мумкин эмаслигига оид норма қолдирилиб, “сайловда қатнашмайдилар” деган жумла чиқариб ташланди. 

Кодекснинг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, деб белгилаб қўйилди. Бу билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи вужудга келди. Бу эса озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари тузилиши мумкинлигини кодекснинг 10, 27-моддаларида мустаҳкамлаш имкониятини берди. Буларнинг барчаси умумий сайлов ҳуқуқи принципи янада кенгроқ таъминланганидан далолат беради.

Кодексда тенг сайлов ҳуқуқини таъминлаш механизмлари белгиланиб, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши қайд этилди. Аввалги қонунларда сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланиши белгиланган эди. Бу номзодларнинг ҳар хил вақтларда тарғибот-ташвиқот бошлашига олиб келарди.

Авваллари фуқароларнинг овоз бериш тартиби чегаралаб қўйилган, яъни сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга фақат битта белги – “крестик” белгисини қўярди. Кодексда фуқароларнинг овоз бериш имкониятлари янада кенгайтирилиб, сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга учта белгидан: яъни “+” ёки “˅” ёхуд “х” белгисидан бирини қўйиш имкониятига эга бўлди.

Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини янада мустаҳкам кафолатлаш мақсадида кодекснинг 7-моддасида “Яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади”, деб белгилаб қўйилди.

Кодексда шунингдек, овоз бериш сайлов куни соат 8:00 дан 20:00 гача ўтказилиши белгилаб қўйилди. Аввалги қонунларда бу соат 6:00 дан бошланиши белгилаб қўйилган бўлиб, сайлов комиссияси аъзоларига ҳам бир қатор ноқулайликлар келтириб чиқарарди. Сайлов декабрда бўлишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу вақт кун ёришмаган, қоронғи бўларди.

Умуман, янги Сайлов кодексидаги асосий нормалар билан унгача бўлган сайлов қонунчилиги нормалари ўртасида ўттиздан ортиқ демократик янгилик, ўзгаришлар мавжуд. Сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида улар албатта, сиёсий-ҳуқуқий ҳаётимизга татбиқ этилади.

Қисқаси, Ўзбекистондаги демократик жараёнлар  муқаррар тус олди. Жорий йилнинг 22 декабрида мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий Кенгашларига бўладиган сайловлар миллий мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшишда яна бир муҳим амалий қадам бўлади. Бутун халқимиз, сайловчиларимиз, айниқса, ёшларимизнинг орзу-интилишларини ифода этишлари учун янги имкониятлар эшигини очади.

Рустам Ҳамраев,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилояти Кенгаши раиси

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+