Мукофот янги марралар сари ундайди

07.10.2020 17:10:28

Шу кунларда қалбим қувонч ва ҳаяжонга тўла. Шу азиз халқимнинг фарзандларини тарбиялаш ва таълим беришдек қутлуғ даргоҳда фаолият юритишга, мамлакатимизнинг келажаги, ривожи учун ўз ҳиссамни қўшаётганимдан беҳад хурсандман. Бу мен учун катта бахт.

Бизнинг бетакрор, гўзал юртимиз, олижаноб халқимиз бор. Мана шундай юртда яшаш, шу азиз Ватаннинг фарзанди бўлиш ва унга хизмат қилиш буюк шараф.

Умримнинг унутилмас саҳифаси бўлиб муҳрланаётган ушбу кунларда айта оламанки, ҳаётимда қувончли кунлар кўп бўлган. Лекин энг азиз, энг улуғ айёмлардан саналмиш 1–октябрь Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Президентимизнинг фармонига биноан “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланганимдан бошим кўкка етди!

Ушбу мукофот нафақат менга, балки мен билан ёнма-ён фаолият олиб бораётган мураббийларга, юртимиз тинчлиги ва фаровонлигини таъминлаш йўлида тинимсиз меҳнат қилаётган тарбиячи-устозларга, дўстларим, ҳамкасбларим, шу билан бирга, барча юртдошларимга берилган юксак эътибор намунаси деб биламан.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Ҳеч кимга сир эмаски, сўнгги йилларда мактабгача таълим соҳасига катта эътибор қаратилди. Агар рақамларга эътибор қиладиган бўлсак, улкан ўзгаришларни кузатиш мумкин. Жумладан, охирги икки йилда туманимизда мактабгача таълим муассасалари реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирланди. Газ, электр энергияси яхшиланиб, тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Шу мақсадда мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган бир қатор норматив ҳужжатлар қабул қилиниб, улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, бугунги кунда боғчаларда таълим-тарбияни ташкил этишда дастурлар асосида машғулотлар олиб борилмоқда. Мен фаолият олиб бораётган тумандаги 1-мактабгача таълим ташкилотида ҳам таълим жараёни замонавий талаблар асосида олиб бориляпти. Ўқув-тарбия жараёнида инглиз ва рус тили тўгараклари ташкил этилиб, машғулотлар замонавий кўргазмали қуроллардан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон ўз умри давомидаги барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Шундай экан, келажагимиз бунёдкорларининг эртанги камолоти уларни болалигидан бошлаб соғлом ва билимдон, мустақил фикрлайдиган, қатъиятли қилиб вояга етказишимизга боғлиқ, албатта.    

Бу мукофот менга билдирган ишонч билан бирга, болажонларни комил ва етук инсон  бўлиб шаклланиши учун катта масъулият ҳам юклайди ва ўзимнинг келгуси фаолиятим мобайнида бундай ишончни оқлашга, Ўзбекистонимизга сидқидилдан хизмат қилишга ҳам устоз-мураббий сифатида, ҳам халқ ноиби сифатида бор кучимни сафарбар этаман.

Гавҳар ШОИМОВА,

Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+