Мулоқот давомида муаммоларга ечим топилмоқда

19.02.2020 12:02:10

«Адолат» СДПнинг Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари У.Сейтжанова ўзи сайланган 8-сонли «Дослық» сайлов округида бўлиб, сайловчилар билан учрашди.

У партия ходимлари ва мутасадди ташкилотлар вакиллари билан бирга уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганди.

Ўрганиш жараёнида ўтказилган мулоқотда фуқаролардан кўплаб таклиф ва мурожаатлар тушди. Улар асосан ички йўлларни таъмирлаш ва коммунал соҳа билан боғлиқ шикоятлар бўлиб, аксарияти жойида ҳал этилди, қолганлари бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ҳусусан аҳоли томонидан маҳалладаги кўп қаватли уйлар олдида чиқинди ташлайдиган махсус ўринлар йўқлиги ва тунги ёритгич чироқларини ўрнатиб беришларини сўраб мурожаат қилишди.

Ушбу мурожаатлар бўйича депутат томонидан тегишли ташкилотларга мурожаат йўллаш орқали муаммога ечим топилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, депутат ташаббуси билан ушбу кўп қаватли уйлар олдида ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишлари ташкиллаштирилди. Ободонлаштириш ишлари давомида тўпланиб қолган чиқиндилар олиниб, тунги ёритгич чироқлари ўрнатиб берилди.

Бугун одамларнинг талаб ва истаклари асосида ишлаш тамойили фаолиятимизнинг бош мезони сифатида қабул қилинмоқда. Чунки юксак марраларга фақат ва фақат халқ билан мулоқот қилиб, одамларнинг ичига кириш, уларнинг дарду ташвишлари билан яшаш, инсон манфаатларини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади.

Расул ҚУДИЯРОВ,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Нукус шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+