Муносабат билдиришдан олдин мулоҳаза қилайлик!

12.04.2020 10:04:29

 

Кўринмас ёв – COVID-19 пандемияси туфайли республикамизда касалликнинг олдини олиш, унинг оқибатларини юмшатиш ва бутунлай бартараф этиш мақсадида чора-тадбирлар тизимли татбиқ этиляпти. Бунинг мисоли сифатида энг аввало давлатимиз раҳбари томонидан оқилона ижтимоий сиёсат, қолаверса, карантинга қатъий риоя этиш юзасидан тегишли тартиб-қоидаларнинг бевосита шоҳиди ва иштирокчиси бўлиб турибмиз. 

Шунга қарамасдан, айрим инсонлар томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган манманлик, ўзини кўз-кўз қилиш, тўқликка шўхлик каби ҳаракатлар қораланган. Бугунги кунги воқеа-ҳодисаларга камтарлик, холислик билан, тўғри ва оқилона муносабатда бўлиш орқали жараёнга тўғри ёндошмоғимиз лозим. Бугун эл бошига иш тушганда мамлакатимизнинг фидойи фарзандлари, барча қатламдаги раҳбарлар, шунингдек, саховатпеша  инсонлар  томонидан халқимизнинг ёрдамга мухтож қатламини қўллаб-қувватлаш юзасидан олиб борилаётган тадбир ва ташаббуслари тахсинга лойиқ. Шу ўринда фаолиятга зарур ҳужжатларни тўплаш ва топшириқларни бажариш  мақсадида жараённинг расмга олиниши, ижтимоий тармоқлар ёки телевидение орқали намойиш этилиши табиийдир. Аммо айрим кимсалар томонидан берганини миннат, кўз-кўз қиляпти дея,  ижтимоий тармоқларда турли постлар қолдириляпти, салбий муносабат билдирилмоқда.  Ёки кам таъминланган хонадонни озиқ-овқат маҳсулотлари билан хабар олган мутасаддилар масҳараомуз танқид қилинган. Берилган озиқ-овқат маҳсулотлари тарозида тортилиб, “мана энг арзон, сифатсиз ёғ”, “кичкина, лой картошка”, “килосидан  бир неча грамм кам шакар, гуруч”  дея  кўрсатилган ҳолатлар мавжуд.

 Буни қандай баҳолаш мумкин?! Ахир сизни яшаш жойингиздаги фаоллар, маҳаллангиз вакиллари кам таъминланганлигингизни инобатга олиб, имкон даражасида  хабар олган экан,  бунга шукр қилиш ва тўғри муносабатда бўлишингиз лозим. Шуни ҳам унутмангки, биргина  маҳаллада сизга ўхшаш инсонлар кўп. Уларнинг  ҳар бирининг хонадонига кўмак бериш учун айрим ҳолатларда мутасаддилар бир оилага берилган маҳсулотларни бошқалар учун ҳам тақсимлашига тўғри келади. Бир жиҳатдан эса, халқимизда ўнг қўлинг берганни чап қўлинг билмасин деган гап бор. Лекин  юртдошларимизнинг кўнглига меҳр-шавфқат уруғларини қадаш, уларни ҳам саховат қилишга ундаш учун ҳам тарғибот воситаларидан унумли фойдаланиляпти.  “Олма олмага қараб ранг олади”. 

Орамизда қозонини  қайната олмаётган, етарли заҳирага эга бўлмаган хонадонлар кўп. Карантин вақтида уларга кўмак бериш учун эса телевидение, ижтимоий тармоқлар орқали  моддий таъминоти етарли кимсаларни даъват этиш лозим бўлади.  Давлатимиз раҳбари ҳам бундай синовли кунларда бир-биримизга кўмакдош бўлишимиз, қўллаб-қувватлашимиздан мамнун бўлмоқдалар.

Халқимизда беш қўл баробар эмас, деган нақл бежизга айтилмаган.  Оллоҳнинг олдида ҳамма бандаси тенг. Лекин кимдир эҳсон олгувчи, кимдир эҳсон қилгувчи бўлади. Ҳамманинг ҳаракатига, меҳнатига ва ниятига қараб Оллоҳ ҳам ризқ беради.  Карантин кунларида Юртбошимиз айтганларидек, тобланиб, тегишли ҳаётий хулосалар чиқариб, буюк миллат ва буюк давлат  фуқароси эканлигимизни теран англаб, сабот билан  синовни енгиб ўтмоғимиз керак. Ҳар қандай шахсий фикр, жараёнларга бўлган шахсий муносабатларни билдиришдан, ўзгаларга тош отишдан олдин озгина мулоҳаза қилайлик!

Шерзод КАРИМОВ,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+