Мурожаат бизни янгидан янги марралар сари ундайди

05.10.2020 09:10:19

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 1-октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан ўтказилган тантанали маросимдаги барча устозларни, фан фидойиларини табриклаб сўзлаган нутқини қалбимда чуқур ҳаяжон билан тингладим.

Бизга қаторма қатор ҳарфни ёздирган, бўғинма бўғин сўзни ўргатган ҳаёт аталмиш дунёнинг эшикларини очган устозлар, мураббийлар, муаллимларнинг зиёси каби бу галги касб байрами ҳам умуммиллий маърифий уйғониш даврининг бошланғич нуқтаси бўлди, десам адашмайман. Энг катта бойлик ақл-заковат, илм бўлса, энг катта мерос гўзал тарбиядир. Бизни бой қиладиган ҳам,  бор қиладиган ҳам  аслида устозлар берган таълим ва тарбиядир.

Давлатимиз раҳбари юртимиз ўқитувчи ва мураббийлари билан учрашиб ана  шулар ҳақида фикр юритди. Устозлар билан самимий суҳбатлашиб, юрагида асраётган ташвишлар ва ҳаёллар, орзу-умидлар билан қизиқди.

Айтиш керакки, Президентимиз нутқидан таълимнинг олдидаги улкан вазифалар турганлигини барчамиз юрагимиздан ҳис қилдик. Тан олишимиз жоизки, миллат тақдирига дахлдор масала бўйича саволлар ва ечимини кутаётган масалалар  талайгина. Президентимиз ўз маърузасида таълимдаги муаммолар тўғрисида гапирар экан байрам табриги асносида нафақат ўқитувчилар, балки бутун халқимизга мурожаат қилди.

Дунё коронавирус пандемияси билан курашаётган бир пайтда мамлакатимиз таълим тизими ҳам жиддий синовдан ўтмоқда. Аммо ўз вақтида кўрилган чоралар, ўқитувчиларнинг фидокорона меҳнати эвазига дарс жараёнлари бир лаҳза ҳам тўхтагани йўқ. Онлайн мактаб ва масофавий таълим тизими жорий қилинди. Аксарият мактабларда янги ўқув йили бошланиб, ўқувчилар карантин талаблари доирасида таълим олишяпти. Таъбир жоиз бўлса, бугун ўқитувчилар икки томонлама фаолият олиб боришяпти.

Президентимиз ўз нутқида буюк маърифат ҳақида сўз очиб,  тарихга назар солар экан, IX-XII  асрларда юртимиз ҳудудида биринчи, XV асрда эса Иккинчи Ренессанс даври бўлганлигини таъкидлади. Ўтган асрнинг бошида жадид зиёлиларимиз  кўнглидан амалга кўчган миллий маърифий уйғониш- Учинчи Ренессанс бўлиши мумкин эди, дея таъкидлади.

“Илмдан бошқа нажот йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас” дея пурмаъно фикрни ўзига эътиқод деб билган ва бу йўлда жонини фидо қилган аждодларимиз энди орзулари қайтмоқда. Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан имзоланган фармонга мувофиқ  халқимизнинг озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунаввар Қори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани қалбларимизни қувонтирди.   

Давлатимиз раҳбари “Аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак”, дея айтиб ўтди.

Ҳа, мамлакатни кучли қиладиган, фарзандларимизни бахтли қиладиган  ҳам таълимнинг сифати, тарбиянинг қудратидир.

Президентимиз яна ўз нутқида “Янги Ўзбекистоннинг остонаси мактабдан бошланади” дея эътироф этди.  

Айтиш жоизки, бугунги замон шиддати, юксалаётган тараққиёт барчамиздан мукаммалликни талаб қилмоқда. Сўнгги йилларда қабул қилинган ўнлаб муҳим қарорлар ечимлар, дастурлар айнан таълим соҳасига бағишланаётганлигини таърифлаш жоиздир. Масалан, шу кунларда имзоланган “Таълим тўғрисида”ги қонун  шубҳасиз бу соҳада янги ривожланиш уфқларини очади.  Ушбу ҳужжат билан таълимнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий этилади. Таълим муассасаларига хорижий ўқув муассасалари билан ҳамкорликда қўшма факультетлар, ўқув марказлари очишга рухсат берилгани эса юртимизда таълим тизимини, сифатини яхшилашга бўлган эътиборнинг намунасидир. Бу каби саъй-ҳаракатлар ҳам стратегик мақсадимиз бўлган Янги Ўзбекистонни янги Уйғониш сари етаклайди. Бугун таълим тизимида ҳақиқий профессионаллар, юқори тайёргарликка эга бўлган мутахассиларни талаб қилиняпти. Бу ҳаёт талабидир. Юртимиз бўйлаб олиб борилаётган барча ислоҳотлар янги давр остонасида ўз олдимизга белгилаган “Йўл харитаси”га асос бўлади. Албатта бунга эришиш учун қанчадан қанча меҳнат, ирода керак.

Президентимиз маърузасида “Учинчи Ренессанс” тўғрисида сўз борар экан бу тушунча миллий ғоя даражасига кўтарилаётгани хусусида таъкидлади. Бу даврга қадам қўйишда ёшларни катта илмий ишлар, кашфиётлар сари  йўналтириш зарурлиги таъкидланди. Тараққиёт сари одимлар эканмиз, илмий салоҳият йилдан йилга ортиб бораётганлигини кузатяпмиз. Албатта, дунё миқёсида юқори илм чўққиларини эгаллашимиз учун барчанинг  дунёқараши, илмга бўлган рағбати ошсагина натижа бўлади.

Мазкур мурожаат шу хусусда бугун дунё миқёсида рақобатлаша оладиган миллий кадрлар тайёрлаш тизимини яратиш зарурлиги ҳақида фикр-мулоҳазалар, таклифлар ўртага ташлангани билан аҳамиятли бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Мурожаати нафақат ўқитувчилар олдида балки, барчамизнинг олдимизга улкан вазифалар юклайди, янгидан янги марралар сари дадил одимлашга ундайди. 

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+