Мурожаатнома хотин-қизларнинг кайфиятини янада кўтарди

05.01.2021 14:01:57

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатдик. Аввало, бир нарсани таъкидлашни истардим, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси нафақат парламентга балки, бутун халқимизга Мурожаатнома бўлди. Унда халқимизнинг дарду ташвиши, барча аҳоли қатламларининг муаммоси ечимига қаратилганлиги билан одамлар диққатини ўзига тортди, десам муболаға бўлмайди. Мурожаатномада аҳамият қаратилмаган биронта соҳа ва йўналиш бўлмади.

Президентимиз ёшлар ва хотин-қизлар масалаларига ҳар доимгидек алоҳида эътибор қаратди. Бундан айниқса, аёлларимиз, оналаримизнинг қувончи чексиз. 2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинганлиги мамлакатимизнинг барча хотин-қизларини, оналарини бирдек хурсанд қилди. Инсон қадри улуғланаётган мамлакат оналари авваламбор фарзандининг яхши ўқиши, меҳнат қилиши учун яратилаётган муносиб шароитлардан боши осмонга етиши аниқ. Бугун биз аёлларимиз нигоҳида ана шундай розилик ва шукроналикни кўраяпмиз.

Эҳтиёжманд оила қизлари учун олий таълим муассасаларига ажратиладиган грантлар сони 2 баробарга кўтарилиб, 2000 тага етказилаётганлиги, шундай оилалардаги аъло баҳоларда ўқиётган қизлар учун махсус стипендиялар ташкил этилиши инсонпарвар, меҳр-мурувватли халқ эканлигимизнинг яна бир далилидир.

Президентимиз томонидан аёлларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда туманимизда шакллантирилаётган “Аёллар дафтари” бўйича 4 мингдан ортик хотин-қизлар муаммолари ўрганилган, ушбу тизим фаоияти давом эттирилиб, барча аёллар муаммолари ўрганилади ва энг асосийси, муҳими уларни бартараф этиш бўлади. Хотин-қизлар муаммоларини тизимли бартараф этишга мақсадида Республика хотин-қизлар Жамоатчилик Кенгашини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Норбоевани ушбу Жамоатчилик кенгашига раис этиб белгилаш таклифи илгари сурилди. Бу билан хотин-қизлар муаммоси Сенат даражасига кўтарилди, яъни Сенат раиси хотин-қизлар масалаларига масъул этиб белгиланди.

Шунингдек, Мурожаатномадан хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, имтиёзли кредитлар ажратиш каби масалалар ҳам ўрин олган.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган 17 миллион хотин-қизлар вакиласи сифатида шуни баралла айта оламанки, биз аёллари эъзозланган, улуғланган юртда яшаяпмиз. Бу юртда аёллар қадр-қиммати, нуфузи кун сайин ортиб бормоқда. Мана шундай барча имконият ва шароитлар яратилаётган бир пайтда биз аёллар фарзанд тарбияси ҳамда мамлакат ривожи учун ўзимизнинг бор куч, билим ва салоҳиятимизни сафарбар этишимиз даркор.

Партиямиз тизимида келгуси йилда Ўзбекистон "Адолат" СДП Хива туман Кенгаши “Фаол аёллар” қаноти жамоатчилик кенгашини ташкил қилиш, хотин-қизларга янада яқинроқ бўлиш, уларнинг муаммоси, дарду ташвишини ўрганиш, ҳал этишга эътибор бермоқчимиз. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ижтимоий, иқтисодий фаол шахсга айлантиришга кўмаклашиш ҳамда хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш орқали уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиладик. Президентимиз Мурожаатномада белгилаб берган йўналиш ва вазифалар бу борадаги фаолиятимизда дастуриламал бўлади.

Шижоат билан ишласак, Президентимиз олдимизга қўйган вазифаларни албатта бажарамиз! "Адолат" социал- демократик партияси сафидаги ҳар бир хотин-қиз Янги Ўзбекистоннинг ривожи учун бор куч-ғайратини сафарбар этишига ишонаман.

 

                                                                                             Шукурой МАДАМИНОВА,

                                                                                                Ўзбекистон "Адолат" СДП

                                                                                                 Хива туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+