Мурожаатнома илм-маърифатга интилишнинг янги йўлларини очди

04.02.2020 18:02:56

 

Сайловолди дастуримизда инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалалари қайд этилган. Бу йўналишда бош ислоҳотчи сифатида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг илм-фан арбобларига кўрсатаётган катта эътибори, олимлардан тортиб оддий ўқитувчиларгача қилаётган ғамхўрликлари барча зиё аҳлини мамнун этмоқда.Чунки яқин бир йил оралиғида янгича фаолият олиб бораётган илмий текшириш институтларининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, вилоятларда ташкил этилган бир қанча олий ўқув юртлари, бакалаврлар тайёрлаш ва уларни қабул қилиш, имтиҳон ўтказиш тизимига киритилган кўплаб ўзгаришлар, академикларга кўрсатилаётган ўзгача ҳурмат ва эҳтиром юртимизда фан ривожи, илмий салоҳият тараққиёти юқори босқичга олиб чиқилаётганидан далолат бермоқда.

Барчамиз гувоҳи бўлганимиздек, Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномасида ҳам илм-маърифат тараққиётига юксак эътибор қаратилган. Айниқса, жорий 2020-йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилингани бунинг яна бир яққол исботи бўлди. Бу янгилик олий таълим даргоҳлари, илмий-тадқиқот муассасалари ходимларинигина эмас, балки маърифатни, ҳар бир зиё истаган кексаю ёшни бирдек ҳурсанд қилди.

Давлатимиз раҳбарининг бу йўналишда олиб бораётган ислоҳотлари таҳсинга сазовор. Дастлаб китобхонлик, ёшларда бадиий адабиётга бўлган эътиборни кучайтиришга қаратилган кўрик-танловларнинг жорий этилиши, шунингдек, олий таълим тизимидаги катта ўзгаришлар, эндиликда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини янада такомиллаштириш йўлида ташланган янгича қадамлар – буларнинг барчаси мамлакатимизда таълим ва илм-фан тизими тараққиёти учун юксак омил бўлиб хизмат қилади.

Сир эмаски, вилоятимиздаги олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган илмий-педагогик кадрларнинг салоҳияти қониқарли даражада эмас. Илмий унвонга эга бўлган ёши улуғ устоз-профессорлар сони эса йилдан-йилга тобора камайиб бормоқда. Шу боис, илмий салоҳиятни талаб даражасига кўтариш, ёш илмий ходимлар, докторантлар, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, илмий-тадқиқот муассасалари ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, моддий манфаатдорликни кўтарган ҳолда, илмий фаолиятни рағбатлантириш, лавозимлар, илмий унвон ва даражалар ўртасидаги фарқни одилона табақалашувини белгилаш каби вазифаларни бажариш эндиликда партиямиизнинг устувор йўналишига айланмоғи даркор. Чунки электоратимиз бўлган илм аҳли бизнинг ташаббусларимиздан куч олади.

Мурожаатномада қайд этилган вазифалар ижроси орқали мамлакатимизда илм-фан тараққиёти янада юқори чўққиларга кўтарилиши, халқимиз ва келажак авлод маърифати юксалиши, таълим сифати ошиши ва энг муҳими, илмий кашфиётлар, тадқиқотлар, инновациялар учун имкониятлар ортиши мумкин.

Ваҳоланки, биз ўз Сайловолди дастуримизда мамлакатда инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалаларига ечим излар эканмиз, мазкур соҳада илмий изланишлар олиб бораётган хориждаги ватандошлар, етук кадрлар билан ҳамкорлик ишларини олиб боришимиз, ўқитувчилар ва ходимларнинг илмий-инновацион фаоллигини оширишга қаратилган таклифлар ва қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

 раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+