Мурожаатнома тарғиботи давом этмоқда

04.02.2020 14:02:05

Шу кунларда мамлакатимизда кенг жамоатчилик Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасини атрофлича ўқиб-ўрганмоқда ва муҳокама қилмоқда. Барча учун дастуриламал вазифасини ўтайдиган мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини  тушунтириш ва тарғиб этишда “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши вакиллари  фаол қатнашмоқдалар. Бу борада қатор ҳамкор ташкилотлар, жумладан, вилоят хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Оила” илмий-амалий маркази вилоят бошқармаси билан биргаликда олиб борилаётган ишлар диққатга сазовордир.

Куни кеча ўтказилган тадбир ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасига бағишланди. Партиямиз фаоллари “Оила” илмий-амалий маркази вилоят бошқармаси қошида ташкил этилган малака ошириш курси тингловчилари ҳузурида бўлишди. Бу ерда вилоятдаги элликка яқин маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислари таҳсил олмоқдалар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилят Кенгаши раисининг ўринбосари Абдужаббор Нишонов, халқ депутатлари вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Отабек Назаров ва бошқалар ҳар йили парламентга йўлланадиган Мурожаатнома жамият ҳаётида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидладилар. Мазкур ҳужжатда анъанага кўра ўтган йили ижтмоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, янги вазифалар белгиланди. Айниқса, 2020 йилнинг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинганлиги барчага маъқул тушди.

Президентимиз қайд этганидай, олдимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш вазифаси турибди. Бу борада “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бораётгани эътиборга лойиқдир. Мурожаатномада айтилганидай, “Ислоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлишига эришмоғимиз лозим. Энг асосийси, бу ислоҳотлар натижасида халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиб беришимиз керак. Одамларимиз етарли даромад топиши учун энг қулай бизнес ва инвестиция муҳитини шакллантириб, янги-янги корхоналар ва иш жойларини кўпайтиришимиз зарур. Бу ғоят долзарб ишларни ўзимиз қилмасак, ҳеч ким бизга четдан келиб қилиб бермайди”.

Мурожаатномада аёлларнинг жамиятдаги ролини янада ошириш, уларга қулай меҳнат ва яшаш шароитлари яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.  Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидай, 2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилади. Бунинг учун банкларга давлат бюджетидан ресурс ажратамиз. Бундан ташқари, 1 минг 576 нафар хотин-қизга янги уй-жойларга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож опа-сингилларимизни Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларида 5 та муҳим ташаббус доирасида қисқа ўқув курсларида ўқитиш ташкил этилади.

Комила Жўраева, Наманган шаҳридаги “Заркент” маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассиси:

– Барча ҳамкасбларим қатори мен ҳам ушбу тадбирдан катта таассурот олдим. Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси жамият ҳаётида катта воқеа бўлганлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик. Биз ҳар куни аҳоли вакиллари билан учрашамиз, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганамиз. Албатта, шу жараёнда юртимизда рўй бераётган янгиликлардан одамларни воқиф этамиз. Бугун бизга етказилган маълумотлардан фаолиятимизда кенг фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+