Мурожаатнома ёш тиббиёт вакилларига мотивация берди

08.01.2021 18:01:05

Ўтган 2020 йил барчамиз учун машаққатли ва синовли, бир сўз билан айтганда кураш йили бўлди, дея оламиз.  Айниқса, аҳоли саломатлигини асраш йўлида тиббиёт соҳаси вакилларининг барчаси тиним билмай меҳнат қилдилар.   Бу ўринда  саъй-ҳаракатлар қанчалик самарали бўлмасин,   тиббиёт соҳасига ҳали кўплаб ўзгаришлар олиб кириш зарурлиги,  камчиликлар  мавжудлиги сезилди.  Қолаверса, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, уларнинг санитария қоидаларига  риоя этишларни таъминлаш борасида тизимли ишлар  ва керак бўлганда  кескин чоралар кўрилганлиги ҳам тиббиётнинг  бирламчи бўғинини янада яхшилаш заруриятини оширди.  

Давлатимиз раҳбари  халқимизга ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисга Мурожаатномасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича янги ислоҳотларни амалга ошириш, тиббиёт ходимларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини ошириш бўйича кўплаб таклифларни билдирдилар.  Энг муҳими,  тиббиёт тизимидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва ҳудудларни ривожлантириш масаласи  шубҳасиз, халқимизнинг кўнглидаги гап бўлди.  “Давлат томонидан  бепул тиббий хизматлар  ва дори воситалари  рўйхати қайта шакллантирилиб,  улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилади. Шунингдек, тиббий хизматлар кўрсатишда  бирламчи бўғин қамровини  кенгайтириш мақсадида  келгуси 3 йилда 315 та “оилавий шифокор” пункти ва 85 та оилавий поликлиника ишга туширилади” деди Президентимиз ўз нутқида.

Ҳеч кимга сир эмас, маҳалла ва қишлоқлардаги оилавий поликлиникаларнинг барчасида ҳам аҳвол қониқарли даражада деб бўлмайди. Аҳолининг аксарияти туман марказлари ва шаҳарлардаги  тиббиёт муассасасларига мурожаат қиладилар.  Бу ўринда бирламчи бўғинда тиббий хизматнинг яхшиланиши аҳолининг ўз ҳудудида етарли тиббий муҳофазага эга бўлиши ҳамда  касалликларни ўз вақтида аниқланиб  бартараф этилишига хизмат қилади. 

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ҳамда 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари  ҳам  аҳолимизнинг саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан кўплаб ўзгаришларни кўзда тутган эди.

Мазкур Фармонлар ижроси доирасида тиббиёт муассасаларида, корхона-ташкилотлар, ўқув юртлари ҳамда аҳоли хонадонларида тиббиёт ходимлари томонидан хатлов-антропометрия жараёни амалга оширилиши белгиланган. Бунда фуқароларнинг бўй узунлиги, тана вазни, тана вазни индекси, бел айланаси, артериал қон босими, пульси ва сатурацияси ўлчаняпти. Булардан ташқари, фуқароларнинг овқатланиш одатлари, жисмоний фаоллигини аниқлаш бўйича  сўровномалар натижасида аҳоли 4 та гуруҳларга  таснифланади. Ушбу жараёнда тўпланган маълумотлар фуқароларда яширин кечаётган касалликлар ёки уларни келтириб чиқарувчи хавф омилларини аниқлашга, турли юқумсиз касалликларнинг олдини олишга ёрдам беради ҳамда аниқланган касалликларни тез ва самарали даволаш имконияти пайдо бўлади.  Эътиборли жиҳати, тиббиёт ходимлари хатлов билан бирга аҳолига соғлом турмуш тарзи, соғлом овқатланиш маданияти, зарарли одатлардан воз кечиш, жисмоний фаол бўлиш, спорт билан шуғулланиш ҳақида ҳам тушунтириш ишларини олиб борадилар. Бу эса ўз навбатида Мурожаатномада белгиланган чора-тадбирлар самарадорлигини янада  оширади.

Мен ёш шифокор сифатида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги ўзгаришлардан  қувондим ва чексиз фахрландим. Зотан, Юртбошимиз доимо биз ёшларга ишонч билдирганлар ва қўллаб-қувватлаганлар. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши ҳам бежизга эмас аслида.  Синовли кунларда айниқса, мен каби ёш тиббиёт вакиллари ўз кучи, ғайрати, шижоати ва маҳоратини кўрсата олиши керак.  Тиббиёт олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга қабул қилинганда бериладиган имконият ва имтиёзлар ҳам ўз навбатида ёш тиббиёт вакилларининг   фаолиятига  рағбат қувватини беради, юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди.

 

   Азамат АБДУРАҲМОНОВ,                                                                                

  вилоят соғлиқни  сақлаш бошқармасининг бош мутахассиси,

  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати  ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+