Мурожаатномада депутатларга ишонч билдирилди

24.01.2020 19:01:58

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлиснинг Сенати ва Қонунчилик палатасига навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди. Унда ўтган йил давомида қилинган ишлар сарҳисоби билан бир қаторда кейинги йилда қилиниши ва халқимиз фаровонлиги ҳамда манфаати учун зарур бўлган аниқ мақсадли вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.

Мурожаатномада айниқса, депутатлар фаолиятига қаратилган эътибор жуда аҳамиятли бўлди. Президент дастлаб 2019 йилнинг 22 декабрида мамлакатимизда бўлиб ўтган сайловлар ҳақида тўхталиб ўтар экан, аввало, ушбу сайловларнинг самарали ўтганлигини эътироф этди. Нутқи давомида айниқса, депутатлар учун қилинган алоҳида мурожаат ҳар бир депутатга масъулият ва эътиборни оширди. Аҳоли томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ дастур ва йўл харитасини ишлаб чиқиш ҳамда уларни мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тўлиқ амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Акс ҳолда депутатларга ишонч билдирган сайловчилар олдидаги обрўси бўлмаслиги қайд этилди. Бугун мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, халқнинг тафаккури ҳам, дунёқараши, талаб ҳамда эҳтиёжлари ҳам бутунлай ўзгарган экан, халқимизнинг зийраклиги яна бир маротаба таъкидланди.

“Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилни амалда тўлиқ таъминлаш бўйича ҳали кўп ишларнинг қилиниши зарурлиги айтиб ўтилди. Айни мана шу фикр ҳар бир давлат ташкилот идоралари ҳамда депутатларнинг фаолияти давомида амалий шиорга айланиши шарт. Зеро, бугунги билдирилган таклифларнинг бош мезони ҳам шунда.

Мурожаатномада Халқ қабулхоналари тўғрисида тўхталиб ўтилар экан, Президентимиз бу борада ҳар бир депутатни фаолликка чақирган ҳолда ўз ҳудудида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишда фаол иштирок этиши, одамларнинг ташвишларини тинглаши кераклиги билдирилди, бу билан депутатлар ўз сайловчиларига берган ваъдалари устидан чиқиши, халқ ишончини оқлаши, энг асосийси, халққа янада яқин бўлишини таъкидлади.

Мурожаатномада ўз олдимизга қўйилган мақсадларга эришиш, ислоҳотларимизни янада ривожлантириш учун албатта, илм-маърифатимиз кучли бўлиши лозимлиги тилга олинди.

Дарҳақиқат, қўйилган қадамни эзгу мақсадга бошлаш аввало инсондан кучли билим ва юксак маънавиятни талаб этади. Давлат раҳбари ҳар маърузасида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратди. Йўлланган мурожаатномада ҳам айни мана шу эзгу мақсадга алоҳида эътибор берилар экан, ташаббус билан чиқадиган, стратегик фикр юритадиган, билимли ва малакали янги авлод кадрларни тарбиялаш зарурлиги қайд этилди.

Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият керак. Президент таъкидлаб ўтганидек, “Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”. Албатта, маърифат ва маънавият барчамизга сув ва ҳаводек керак. Замонавий билимларни ўзлаштириш, юксак маънавият эгаси бўлиш, тараққиётга эришиш учун рақамли ва замонавий технологияларни ўзлаштириш зарурлиги ҳам билдирилди. Бу барчамизга мамлакат раҳбари таъкидлаганидек, юксалишнинг энг қисқа йўлларидан бирини бериш имкониятини беради. Фарзандларимиз иқтидорини шакллантиришда, инновацияни янада ривожлантиришда хизмат қилади. Бу билан боғлиқ берилган аниқ таклифлар ҳар бир жамият аъзосининг фаолияти учун аҳамиятлидир. Албатта, рақамли технологияларни шакллантириш соҳалар ривожи учун муҳим экан, Президент нутқи давомида айни унинг имкониятларига алоҳида тўхталди. Ушбу мақсадда натижадорликни ошириш, мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларнинг юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш, янги ва замонавий босқичга кўтарилиш мақсадида 2020 йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланганлиги Ватанимиз тараққиёти учун яна бир қўйилган мақсадли қадам бўлди. Шунинг учун ҳам барчамиз Мурожаатномада белгилаб берилган ва алоҳида тилга олинган аниқ таклифларни фаолиятимиз давомида қўллай олишимиз шарт. Бу эса юртимиз келажаги эгалари учун ўрнак бўла олишимизда хизмат қилади.

Мақсуд ҲАМИДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+