Мурожаатномада истиқболли режалар белгиланди

29.12.2020 17:12:20

Бу кун янги Ўзбекистон тарихи зарварақларида яна бир тарихий кун сифатида муҳрланди, десак муболаға бўлмайди. Бугун ҳамманинг диққат эътибори Парламентга йўлланадиган Мурожаатнома ҳамда 2021 йилда олиб бориладиган устувор ислоҳотлар, режа ҳамда масъулиятли вазифаларга қаратилди. Янгича қараш, янги ғоя ва янги режаларгина давлатнинг истиқболига, Ватан равнақи ва халқимизнинг фаровонлигига дахлдор ҳаракатларни, амалий натижаларни белгилаб бериши аниқ. Аниқ режалар бўлмаса, шунга мувофиқ ҳаракат ва фаолият бўлмаса, истиқболли режаларни амалга ошириш мушкул. Масалага онгли равишда ёндашиш, илм-фанни, иқтисодиётни ривожлантириш, барча соҳавий йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилмаса, мамлакат тараққиёти ҳақида сўзлаш беҳуда. Бугунги даврнинг талаби ҳам шу.

Мурожаатномада халқимиз истиқболи ҳамда мамлакат равнақи учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир халқ ноиби, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши ва юритиши билан боғлиқ вазифалар аниқ ва кескин равишда белгилаб берилди.

2021 йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб номланиши мамлакатимизда якунига етган йилнинг мантиқий давоми бўлди, десак хато бўлмайди. Зеро, илм-маърифатнинг ривожланишида, юртимизнинг янги технологиялар асосида равнақ топишини интеллектуал салоҳиятли, билимли, дунёқараши кенг ёшларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Эртанги кунимиз буюк ва фаровон бўлишини истар эканмиз, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз, уларга қатор имтиёзлар яратиб беришимиз зарурдир. Ёшларга катта эътибор ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш - ушбу  йўналишдаги ишларни янада юқори босқичларга кўтаришга хизмат қилишига ишонамиз. Мазкур ном остида барча йўналишларда бошланган ишлар нафақат давом эттирилади, балки шу билан бирга юксак босқичга кўтарилади, янги ташаббуслар билан бойийди.

Мурожаатномадаги пурмаъно фикр-мулоҳазалар барчамизни жиддий ўйлашга мажбур этади. Ҳар бир соҳада туб ислоҳотлар олиб борилишини давлатимиз раҳбари ўринли таъкидлаб ўтди. Олий таълим тизимида ҳам устувор ислоҳотлар олиб борилиб, грантлар яна икки баробар кўпайтирилиши белгиланди.

Ҳа, 2020 йил бир қадар машаққатли, бир қадар синовли, бир қадар таҳликали йил бўлди. Давлатимиз раҳбари ўзи таъкидлаганидек, “2020 йил аҳолини ҳимоя қилиш бўйича туб бурилиш йили бўлди”. Юртимизга, бутун дунёга жиддий хавф солган пандемия халқ учун имтиҳон, тиббиёт учун бирламчи бўғин, тез ёрдам хизмати, санитария-эпидемиология тизимини тубдан ислоҳ қилиш муҳим ҳаётий зарурат эканини исботлади. Президентимиз томонидан Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин” деган пурмаъно фикрларини қайд этганлари бежиз эмас, албатта. Пандемия вақтида орттирилган муайян тажриба асосида Мурожаатномада таъкидланганидек, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш вақти келди. Бунда айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилиши айтилди. Чунки ҳар қандай жамият тараққиётининг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши энг муҳим заруратдир. Албатта, олдимизга қўйган учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш келажак ворисларининг қўлидадир.

Яна бир муҳим масала бу – пандемия  сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтириладиган бўлди. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилади. Соғлиқни сақлаш тизимида “Ақлли тиббиёт”нинг жорий этилиши, яъни масофадан туриб юртдошларимизнинг саломатлигини сақлаш, профилактика қилиш, муолажаларни олиб бориш- соҳада туб бурилиш ясаши муқаррар. Айтиш керакки, мазкур режа ва вазифалар партиямиз сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва ғояларга ҳамоҳангдир.

Партия Сурхондарё вилояти Кенгаши фаоллари, барчамиз Президентимиз Мурожаатномасини ҳаяжон билан тинглаб, бу шунчаки, чақириқ эмас, балки, ҳаёт учун йўлланма, тараққиёт учун қўлланма эканлигини чуқур дилдан ҳис этдик.

Мухтасар айтганда Мурожаатномада жуда катта марралар белгилаб берилди. Бу эса 2021 йилда олдимизда ҳар қачонгидан ҳам зарур, ўта муҳим вазифалар турганлигини англатади.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+