Мурожаатномадаги муҳим масалалар муҳокамаси

30.01.2020 16:01:21

Кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси шу кунларда давлат ва жамоат ташкилотларида, таълим муассасаларида, маҳаллаларда чуқур ўрганилиб, ундан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинмоқда.

Бугун бўлиб ўтган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши ҳам ушбу Мурожаатномада белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлашда партия ҳамда фракция олдида турган муҳим вазифалар муҳокамасига бағишланди.

Эътироф этилганидек, бу Мурожаатноманинг ўтган йиллардаги мурожаатномалардан асосий фарқи – у янги парламент ва янги ҳукуматга йўлланди ва мазмунан, нафақат 2020 йилни, балки келгуси 5 йилликни ҳам қамраб олди. Тараққиётимизнинг янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб берди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар ва партия фаоллари мазкур Мурожаатномани қўллаб-қувватлаган ҳолда унда белгиланган бир қатор устувор вазифалар ва унинг ижросини таъминлашда фракция ва партия ҳамда унинг ҳар бир аъзоси зиммасига улкан масъулият юклашини таъкидладилар.

Биринчи навбатда Мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини партиянинг барча бўғинларида ва депутатлар гуруҳи мажлисларида ўрганиш ва унинг асосида ўз вазифаларини белгилаш зарурлиги таъкидланди. Ҳар бир депутат ўзининг йиллик “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиши, бунда партиянинг сайловолди дастурларида белгиланган вазифалар, сайловчиларга берилган ваъдалар бажарилишига асосий урғуни қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Бундан ташқари олий таълимга қабул квоталарини доимий равишда ошириб бориш, кириш имтиҳонларини соддалаштириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорлар учун бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, дориларнинг электрон реестрини яратиш, ўқитувчи ва шифокор мақомини янада мустаҳкамлаш ва уларнинг ойлик иш ҳақларини ошириш, коррупцияга қарши курашиш каби партия сайловолди дастурида кўтарилган таклиф-ташаббуслар янграгани фаоллар ва депутатларга алоҳида масъулият ҳам юклайди. Ушбу вазифаларни бекаму-кўст бажарилиши ва унинг ижросини назорат қилиш бўйича фракция ва жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатлардан алоҳида жонбозлик талаб этилади.

Шунингдек, депутатлар партия Сайловолди дастуридан ўрин олган “Пропискадан ўтиш” тизимига янгича ёндошиш, фуқароларимизнинг ўз хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, доимий яшаш жойини ўзи белгилаш ҳуқуқини таъминловчи ҳуқуқий асосни босқичма-босқич такомиллаштириб бориш масаласига давлат раҳбари томонидан ҳам эътибор қаратилгани мазкур муаммони бартараф этиш бўйича фаолликни ошириши лозим бўлади.

Мурожаатномада белгиланган устувор вазифалар ижроси доирасида ишлаб чиқиладиган қонун лойиҳаларини қабул қилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этиш, уларни жойларда кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда шу орқали партиянинг аниқ ва қатъий позициясини шакллантириш лозимлиги билдирилди. Қонун ижодкорлиги фаолиятида илмий иннавацион омилини кенг жорий этиш муҳим вазифа этиб белгиланди.

Албатта, жорий йилга “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб ном берилиши мамлакатимиз сиёсий майдонида бир неча йиллардан буён ижтимоий соҳалар, хусусан, илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, соҳаларида ииновацияларни жорий этиш каби илғор ғояларни илгари суриб келаётган партиямиз ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаоллик талаб этади.

Йиғилишда фаоллар ва депутатлар дастурий мақсадлардан келиб чиқиб, партия лойиҳалари доирасида давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда таълим, илм-фан ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Айниқса, дори-дармонларнинг ягона электрон базасини яратиш ва шу орқали уларнинг ноқонуний айланиши, олий таълим билан қамраб олинганлик даражасини ошириш бўйича механизмлар яратиш, болалар стоматологик касалликлари профилактикаси ҳолатини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, ҳудудларнинг ривожланиши учун жалб этилаётган инвестициялар юзасидан депутатлик ва жамоатчилик назорати ўрнатиш, олий таълим муассасаларида тузилган Жамоатчилик кенгашлари фаолияти устидан тизимли мониторингни амалга ошириш ва уларнинг фаолиятига кўмаклашиш каби долзарб вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Қолаверса, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгиланиши қайд этилди. Бу эса жамоатчиликка жуда катта масъулият юклайди. Яъни, муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикри эшитиладиган, қабул қилинадиган шароит яратилмоқда. Бу жараёнда сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этиши лозим.

Мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш мамлакатимизнинг навбатдаги ислоҳотлар даврининг энг асосий йўналишларидан бирига айланиши қайд этилди. Бу курашга масъул қилиб аввалгидек, турли идоралар ёки жамоатчилик асосидаги комиссиялар эмас, алоҳида, кучли орган белгиланди. Парламент олдига ҳам соҳага оид қонунчилик базасини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳам ўз таклифлари ва дастурий йўналишлари белгиланди. Маълумки, мазкур иллат билан курашишда қайсидир давлат органи ёки бирон-бир қонун билан керакли натижага эришиб бўлмайди. Бунда энг асосий восита, ечим, курашга кенг жамоатчиликни, фуқароларимизни, халқимизни фаол жалб қилиш лозим бўлади. Бунинг учун, аввало, мазкур масалаларни қонунчиликда акс эттириш керак.

Фуқароларнинг мурожаатлари ва таклифлари доирасидаги ўрганишларда, шунингдек, қонун лойиҳалари муҳокамасида жойлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси билан узвий боғланган ҳолда ташкил этиш талаб этилади. Бу жараёнда фракция аъзолари жойларда муаммоларни ҳал этишда ёки мавжуд масалалардан қонунчиликдаги бўшлиқларни бартараф этишда фойдаланиш, ҳудудларни ривожлантиришга оид Йўл харитаси ва дастурлар ижросини таъминлашда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ўзаро самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.

Депутатлар ва партия фаоллари юқоридаги масалалар юзасидан фақат қарор қабул қилиш эмас, балки унинг амалда ижроси таъминланишини қатъий назоратга олиш ва бу жараёнда бевосита иштирок этишга келишиб олдилар.

Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан партиянинг йўл харитаси ва тегишли қарори қабул қилинди.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+