Мустақиллик мўъжизалари: Кундан-кунга ўзгараётган воҳа

28.08.2020 10:08:23

Истиқлол мен ва минглаб партиядошларимиз учун муқаддас ва азиз байрамлардан ҳисобланади. Бугун киндик қонимиз тўкилган Ўзбекистон, муқаддас Ватанимизнинг озод бўлганлиги, ота-боболаримизнинг асрий орзулари, армонлари ушалганини кўриб қалбимиз қувончдан мунаввар бўлмоқда. Миллий давлатчилигимизга эга бўлдик. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди ва шунга асосан ислоҳатлар кўлами кенгайди. Дунё ва Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, иқтисодий, сиёсий алоқалар кучайтирилаяпти. Давлатимиз раҳбари томонидан пандемия даврида эҳтиёжманд фуқароларга “Саҳоват ва кўмак”умуммиллий ҳаракати доирасида меҳр-оқибат, саҳоват кўрсатилгани одамлар она Ватанга муҳаббат, садоқат тушунчаларини янада теран ва чуқур ҳис этишларини таъминлади.

Пандемия шароитида мустақиллигимизнинг 29 йиллигини байрам қиляпмиз. Табиийки, шу буюк ва муқаддас Ватанга ўзини чинакам фарзанд деб билган ҳар бир юртдошимиз бошида ажиб ҳаёллар чарх уради, фикрлар оқими узилмайди, кўнгилга тушадиган орзу-умидларнинг ҳам чек-чегараси йўқ. Мен коронавирус инфекцияси ҳамон хавф солаётган ушбу кунларда давлатимиз раҳбарининг истиқлол байрамини оила даврасида нишонлаш ҳақидаги таклифларини қўллаб-қувватлайман.

Шу кеча-кундузда вилоятимизда ҳам жуда катта кўламдаги бунёдкорлик, ободончилик ишлари амалга оширилаяпти. Жорий йилнинг ҳозирги кунига қадар воҳада 2 триллион 471,5 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бу борадаги ўсиш суръати 100,3 фоизни ташкил этган. Бу албатта, пандемия шароитида ҳам кўпгина янги уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, ишлаб чиқариш корхоналари, муҳим коммуникация тармоқлари бунёд этилаётганининг далилидир.

Ана шундай объектлардан бири Қарши туманидаги 27-умумий ўрта таълим мактаби филиали биноси Чаман маҳалла фуқаролар йиғини Човқай массивида бунёд этилди. Тегишли инвестиция дастури асосида 2 миллиард 275 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилган бинода янги ўқув йилидан бошлаб 300 нафар ўқувчи таҳсил олади.

Дарвоқе, вилоятимизда амалдаги йил якунига қадар 1140 хонадонли арзонлаштирилган 47 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши жадвал олиб борилаяпти. Шуниси эътиборлики, мазкур кўп қават уйларнинг 1080 хонадонли 45 таси туманларда барпо этилмоқда. Шундан 843 та хонадон уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга, 150 таси меҳнат мигрантларига, 35 таси ёш оилаларга, 52 таси эса оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга топширилади. Шунингдек, Қарши шаҳрида мудофаа, Ички ишлар ва Миллий гвардия хизматчилари учун ҳам қўшимча иккита беш қаватли 30 хонадонли уй-жой қурилиши режалаштирилган. Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг  2020-2021 йилларга мўлжалланган ҳудудий дастури асосида 6,1 триллион сўмни ташкил этадиган 1321 та лойиҳадан 793 таси келгуси йилнинг 1 апрелидан кечиктирмасдан тўлиқ ишга туширилиши учун кенг кўламдаги ишлар олиб бориляпти. Президентимизнинг шу йил 23 июлдаги қарори билан тасдиқланган прогноз кўрсаткичларига мувофиқ, 2851 гектар ерда узумнинг техник новлари етиштириладиган плантациялар барпо этилиши кўзда тутилган. Жорий йилда 350 гектар ерда ток кўчатлари экиш устида ишлар бошлаб юборилган.

Умуман олганда, вилоятимиз халқи пандемия даврида ҳам бор куч-ирода билан келажакка интилмоқда. Дунёга чиқиш, тараққиётга эришиш учун харакат қилаяпмиз. Мен бир партия фаоли сифатида ушбу байрам билан бутун халқимизни тарбиялайман. Бундан буён ҳам Ўзбекистон давлати ҳамиша мустаҳкам ва буюк бўлаверсин.

Руйиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+