Мутасаддилар, бизнинг кўчаларга ҳам бир қиё боқинг!

16.10.2019 11:10:22

Бугун аҳоли орасида жуда кўп муаммоларни учратиш мумкин. Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жойларда бўлиб ўтаётган ўрганишлардан келиб чиқиб, баъзан мутасаддиларга қарата “Бизнинг кўчаларга ҳам бир келиб-кетинг” дея айтилган фуқароларнинг дардларини етказгимиз келади. Тўғри-да, ахир улар қачонгача муаммо билан яшайди, қачонгача уларга ечим излайди?!

Бухоро дунёда ўзининг бой тарихий, ноёб обидалари билан машҳурдир. Ҳар бир меҳмоннинг кўзини қамаштирувчи, уларга тарихдан ҳикоя қилиб берувчи минораларию, мадрасаларини таърифлашга эса тил ожиз. Аммо шундай гўзал шаҳарнинг ички йўллари, баъзи кўчаларидаги симёғочларини кўриб дилингиз хира бўлади. Албатта, қайси бир кўчаларники шунақа дерсиз?!

Бухоро шаҳридаги “Алишер Навоий” МФЙ “Меҳтар амбар” ва “Имом Қозихон” кўчаларига  бир келиб, кетингчи, ички йўлларнинг аҳволи жуда оғир, ёзда қум, чангга ботиб юрадиган фуқаронинг қиш, куз ва баҳордаги ҳолатини  эса тасаввур қилаверинг... Қайси бир кунда фуқаро хонадонидан чиқиб, қўшниси билан бир пиёла чой устида суҳбатлашсин?!  

Ички йўлларнинг аҳволи-ку майли, “Меҳтар амбар” кўчасидаги симёғочни кўриб, ҳайрон қолмай иложинг йўқ. Устига устак ҳам кўчаларнинг бир аҳволи, ҳам симёғоч... Бу ҳолат инсонни шаҳримиз меҳмонлари олдида уялтириши табиий ҳол-ку?! Наҳотки, “Бухоро ҳудудий электр тармоқлари” АЖ мутассаддилари ушбу кўчаларга бир назар боқмаган?! Наҳотки, бир томонга оғиб қолган симёғоч инсон ҳаёти учун хавфли эканини билишмаса...?!

Бухоро шаҳридаги “Мухтор Ашрафий” МФЙдаги “Чашмаи Аюб” кўчасида ҳам шундай аҳволни кўриш мумкин. Кўчанинг ички йўллари таъмирталаб, симёғочлар эса жуда ачинарли. Айни мана шу салбий ҳолат аҳолининг, қолаверса, кўчада чуғурчуқлаб ўйнайдиган болажонларимизнинг ҳаёти учун ҳам катта хавф ҳисобланади!

Йўлингиз тушса “Чорбахоса” МФЙ “Максим Карим” кўчасига ҳам бир кириб ўтинг, ички йўлларнинг таъмирталаб эканлиги бир томон-у, кўчанинг аҳволи бир ён. Мана шу йўлдан кунига минглаб фуқаролар мактабга, бир эмас иккита мактабгача таълим муассасасига қатнайди, на тўғри йўл бор ва бу йўлларда қулайлик...

Энг ачинарлиси, юқорида номи келтирилган МФЙдаги кўчаларида шаҳримиз меҳмонларининг қатнови чексиз, бу ҳол бизни хурсанд қилади, албатта, аммо кўчаларимизнинг бундай ачинарли эканлиги кайфиятимизни хира қилиши табиий ҳолдир.

Бугун Бухоронинг ҳар бир гўшасида улкан ўзгаришлар бўлаётган айни дамда баъзи мутассаддилар учун кичик кўринса-да, катта муаммоларни келтириб чиқарадиган бу каби ҳолатлар шаҳримиз гўзаллигини намоён этишида тўсиқ бўлиши мумкин. Шунинг учун биз мутасаддиларга қарата “Бухоронинг ички кўчаларига ҳам қадамранжида қилинг” дея мурожаат қилишни лозим топдик.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+