Наманганда байрам шукуҳи

02.09.2020 12:09:32

 

Шу кунларда мамлакатимизда Мустақиллик байрами кенг нишонланмоқда. У коронавирус пандемиясига қарамай, одамларнинг кайфиятини кўтарди, амалга оширилган ишлардан қониқиш ҳиссини уйғотди. Мамлакатимизнинг бошқа минтақалари қатори Наманганда ҳам Истиқлол айёми шукуҳи ҳар бир хонадонга кириб борди, дейиш мумкин.

- Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмасига биноан барчамиз Мустақиллик байрамини уйда нишонлаяпмиз, - дейди “Адолат” СДП фахрийси, Наманган муҳандислик-технология институти профессори Ҳамид Аҳмадхўжаев, - Телевидение, радио, матбуотда, ижтимоий тармоқларда юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги маълумотлар билан танишиб бормоқдамиз. Пандемия шароитида ҳам иқтисодиёт барқарор ривожланаётгани ҳаммага  қувонч бахш этмоқда.

Устознинг гапларида жон бор. Шу кунларда Наманган вилоятининг шаҳар ва қишлоқларидан жуда кўп хушхабарлар олинди. Уларнинг айримларини эътиборингизга  ҳавола этамиз.

Ажойиб янгиликлардан бири темир йўл транспортига тааллуқли. 30 август эрта тонгда водий ҳалқа темир йўли бўйлаб дастлабки йўловчи электрпоездининг янги барпо этилган Наманган темир йўл вокзалидан ҳаракати йўлга қўйилди. Электропоезд беш соатдан ортиқ вақтда Андижон, Марғилон ҳамда Қўқон вокзалларидан ўтиб, айланиб яна Наманган вокзалига қайтиб келади. Ушбу йўналишдаги поездларнинг доимий қатнови Қўқондан йўлга қўйилади.

Вилоят марказининг Шимолий халқа (Чортоқ) йўлида янги “Ахсикент” меҳмонхонаси қад ростлади. Уни бунёд этиш учун 40 миллиард сўм сармоя сарфланди. Бу ерда бир йўла 163 меҳмонга хизмат кўрсатилади. Бинони безатишда шарқ меъморчилиги услублари кенг қўлланилган. Шу йилнинг ўзида вилоятда жами 550 ўринли 10 та меҳмонхонани қуриб битказиш режалаштирилган.

Наманган шаҳридаги  “Kadeer parts industry” хорижий корхонасида ҳам дастлабки маҳсулот ишлаб чиқарилди. Унда 200 та янги ишчи ўрни яратилган. Корхона автомобилсозлик саноати учун йилига 100 миллиард сўмлик ёритиш чироқлари ва ускуналари ишлаб чиқриш қувватига эга.

Косонсой тумани «Гўрмирон» маҳалласида қиймати 1,5 миллион АҚШ доллари бўлган гипсокартон ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона иш бошлади. Хитойдан ускуналар келтирилиб ўрнатилгач, бу ерда 50 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар асосан қўшни республикаларга экспорт қилишга мўлжалланган. 

Уйчи туманида “Мега текстил” қўшма корхонаси фойдаланишга топширилди. Корхонани барпо этиш учун 20 миллион долларга яқин тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинган бўлиб, ҳозирга қадар 400 та янги иш ўрни  яратилди. Бу ерда 7 минг тонна пахта толаси қайта ишланиб, 6 минг тонна калава ип олинади.

Энг улуғ, энг азиз байрам арафасида Мингбулоқ тумани халқ таълими бўлими биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.  “Обод марказ ” дастури  бўйича янгидан барпо этилган 2 қаватли бино 24 та хона ҳамда битта 80 ўринли фаоллар залидан иборат.

Поп туманидаги “Ором” маҳалласида “Техника ўқув сервис” туман бўлими масъулияти чекланган жамиятининг  биноси қуриб битказилди. Бу ерда  турли тоифадаги ҳайдовчилар тайёрлаш учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Бундай қувончли хабарлардан ҳар бир кишининг кўкси тоғдай кўтарилади, албатта.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+