Наманганда энг кўп танқид қилинган туман Кенгаши

25.09.2019 12:09:25

Яқин пайтгача Норин туман партия ташкилоти Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгашида ўтказиладиган турли йиғилишдарда кўп танқидга учрайдиган бўлиб қолганди. Шунинг учун фаоллар ташкилий масалани кўриб чиқишни кун тартибига қўйди. Раҳбарият ҳам кўпчилик билан маслаҳатлашиб, таклифни ўринли деб топди. Шундай қилиб, икки йилча вилоят кенгаши раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Дилшод Болтабоев норинлик “адолатчи”лар етакчилигига тавсия қилинди. Шунга ҳам уч ойдан ўтди. Бир неча кун аввал туманда бўлиб, сафдошларимиз олиб бораётган ишлар билан танишдик.

Дастлаб йўлимиз Тўда қишлоғининг “Отбозор” маҳалласида жойлашган 18-қишлоқ оилавий поликлинисига тушди. Мазкур тиббиёт муассасаси салкам ўттиз минг аҳоли яшайдиган ҳудудга хизмат кўрсатади. Жамоада саксон нафардан ортиқ ходим меҳнат қилади. Улар тизимда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашда фаоллик кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар. Айниқса партиядошларимизнинг барчага ўрнак кўрсатаётганликлари диққатга сазовордир.

Гулчеҳра Шамсиддинова, 18-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудираси:

– Ходимларимиздан етти киши аввалроқ “Адолат” СДП аъзолигига ўтган эди. Аммо кейинги пайтда БПТ фаолияти кўзга ташланмай қолган эди. Яқиндан бери эса ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Икки бор сиёсий ўқиш ўткзилди. Уларнинг бирида партия вилоят кенгаши вакили ҳам иштирок этди. Шу туфайли бўлса керак, яна уч нафар тиббиётчи сафимизга қўшилиш учун ариза берди. Бу мурожаатлар ижобий ҳал этилди.

Ҳа, худди шу куни янги партиядошларга аъзолик билетлари топширилди. Улар орасида тиббиёт ҳамширалари Шаҳло Алиева, Феруза Ҳусанова ва Наргиза Раҳматуллаева бор. Мазкур жараёнда иштирок этган “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев бугунги кунда сафдошларимиз олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўзлади.

Дилшод Болтабоев,  Норин туман партия кенгашининг раиси:

– Биз сайловларга тайёргарлик қизғин паллага кирган шу дамларда бошланғич ташкилотлар ишини жонлантиришга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Ҳар бир аъзо билан учрашиб, уларнинг фаоллигини оширишни мақсад қилиб қўйганмиз. Сафларни кенгайтириш масаласи ҳам диққат марказида турибди. Мазкур қишлоқ оилавий поликлиникасидаги партиядошларимиз аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини самарали олиб бормоқдалар.

Вилоят ва туман кенгашлари фаоллари шу куни яна бир қатор бошланғич ташкилотларда бўлиб, сафдошлар билан мулоқотлар ўтказишди.

                  Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,

                       Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+