Намангандаги “электрон поликлиника”

17.10.2019 17:10:22

Вилоятимизда кейинги йилларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва тезкорлигини ошириш борасида қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ташаббуси билан  татбиқ этилаётган соғлиқни сақлашнинг намунавий тизимини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар диққатга сазовордир. Бу соҳада парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам изчил иш олиб бормоқдалар. Яқинда Наманган шаҳрида вилоят миқёсида  соғлиқни сақлашнинг бирламчи тизими ишини бугунги кун талаблари асосида ташкил этишга бағишланган семинарда ҳам шу ҳақда фикр юритилди.

Шуҳрат Якубов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати:

– Биз бир гуруҳ депутатлар билан вилоятда тиббий хизмат ҳолатини кўп марта ўргандик. Ана шу жараёнда жойдарда намунали тиббий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш таклифи берилди. Бу фикр соғлиқни сақлаш муассасалари раҳбарларига маъқул тушди. Шу мақсадда махсус дастур ишлаб чиқилиб, Наманган шаҳрида ва Янгиқўрғон туманида жорий этишга қарор қилинди. Биринчи навбатда танлаб олинган муассасаларнинг фаолиятини замон талаблари асосида йўлга қўйиш, уларнинг моддий-техник имкониятларини яхшилаш,  ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш  чоралари кўрилди.

Семинар иштирокчилари Наманган шаҳридаги 14-оилавий поликлиника ва Янгиқўрғон туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида бажарилган кенг қамровли ишлар билан танишдилар. Ҳар икки бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасида инновацион технологияларни жорий этиш борасидаги изланишлар ўз натижасини берди. Энг асосийси, уларда   “Электрон поликлиника” хизмати фаолият кўрсата бошлади.

Мазкур янгилик туфайли   аҳолига беқиёс қулайликлар яратилди. Энди фуқаролар тиббий хизматга эҳтиёж сезсалар поликлиникага   келмасдан, интернет орқали  шифокор  навбатига ёзилишлари, белгиланган вақтда врач қабулида бўлишлари мумкин.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Абдулла Ғозиевнинг айтишича, бундан кейин  тиббий карталарни рўйхатхонадан қидиришга ҳам ҳожат йўқ.   Чунки “электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимини ишга тушириш олдидан поликлиникалар хизмат кўрсатадиган маҳаллаларда яшовчилар тиббий карталаридаги маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги коорпоратив тармоғидаги электрон базага киритилди.

Бундан ташқари, беморлар мамлакатимизнинг қайси шаҳри ёки туманида бўлишларидан қатъий назар, ўша  ҳудуддаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилишлари мумкин. Уларнинг тиббий карталарига оид маълумотлар республикамизнинг барча оилавий поликлиникалари компьютерларида кўринади.

Қисқаси, биз тиббиёт ходимлари давлатимиз раҳбари томонидан Қонунчилик палатасига тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар устидан парламент назоратини ўрнатиш юзасидан берилган топшириқни бажариш асносида қандай ишлар амалга оширилганлиги билан яқиндан танишдик. Энди бу ерда барпо этилган  намунавий тизимнинг мазмун-моҳиятини жойларда кенг  тарғиб қиламиз.

Анжуман доирасида вилоят тиббиётида кечаётган янгиланишлардан ҳам хабардор бўлдик. Улардан бири Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази  Наманган филиалининг тез тиббий ёрдам станциясида  ишга туширилган Call-марказидир. У хизмат сифати ва  тезкорлигини ошириш имконини бермоқда. Марказ вилоятдаги барча тез тиббий ёрдам бригадалари фаолиятини мувофиқлаштириб турибди. Вилоят кардиология маркази жарроҳлик бўлимида жорий этилаётган замонавий технолологиялар ҳам барча семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Абдували МАВЛАНОВ,

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси, Норин туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи

Улашинг!