Намангандаги Соли Адашев кўчаси...

09.05.2020 17:05:02

Шу кунларда бутун дунёдаги тараққийпарвар инсоният иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг шонли 75 йиллигини нишонламоқда. Маълумки, фашистлар Германияси ва унинг иттифоқчилари тор-мор этилишига Ўзбекистон халқи ҳам катта ҳисса қўшган. Мамлакатимиздан бир ярим миллионга яқин киши манфур душманга қарши жангларда иштирок этган. Жумладан, Наманган вилоятидан ҳам 79 мингдан зиёд киши Ватан ҳимояси учун жангларга отланиб, мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган. 29 мингдан ортиқ ҳамюртларимиз эса ҳаёт-мамот курашида ўз жонларини қурбон қилганлар.

Йиллар ўтаверади, лекин ота-боболаримиз кўрсатган жасорат мангуликка дахлдорлигича қолаверади. Наманган шаҳрида Соли Адашев номи билан аталадиган кўча бор. Бу йигит 1923 йилда Норин туманидаги Тўда қишлоғида туғилган. 19 ёшида урушга отланган. Қисқа муддатли тайёргарликдан сўнг 42-дивизиянинг 459-ўқчи полкида хизмат қила бошлаган. Сталинград ва Курск ёйидаги жангларда иштирок этган. Кўп ўтмай катта сержант унвони берилиб, бўлинма командири этиб тайинланган. Кейинчалик Белоруссия ва Польшани босқинчилардан тозалашда, Берлин учун жангларда  жасорат  кўрсатган.

Айниқса, Могилев яқинидаги Черневка қишлоғини эгаллаш учун уюштирилган ҳужумда Соли Адашев бошчилигидаги аскарлар ўзларини барчага намуна бўлишган. Улар биринчилардан бўлиб, Бася дарёсини кечиб ўтиб, нариги қирғоқда жойлашган душман позицияларига бостириб киришган. Йигирмага яқин немислар ер тишлаган, улардан олтитасини шахсан Солижоннинг ўзи йўқ қилган. Мазкур жангдаги уддабуронлиги ва маҳорати учун унга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилган. Урушдан кейин С.Адашев Наманганда яшаб ва меҳнат қилиб, шаҳар ва вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.

Ёки Тўрақўрғоннинг Бордимкўл қишлоғида вояга етган Камолжон Турғуновнинг жасурлигини эсга олайлик. Бу йигит Сталинграддаги машҳур “Павлов уйи” ҳимоячилари сафида бўлган. Мазкур бинони ҳамюртимиз ва унинг қуролдошлари узоқ муддат давомида фашистлардан муваффақиятли ҳимоя қилишган. Кўрсатган жасорати учун К. Турғунов қатор орден ва медаллар билан тақдирланган. У ҳақда ўнлаб мақола ва китоблар битилган, кўплаб фильмлар суратга олинган. Сталинград жанглари қаҳрамонининг хотираси халқимиз ёдидан ҳеч қачон ўчмайди.

Яқинда “Адолат” СДП Наманган туман кенгашининг раиси Ёрқиной Ҳожиматова билан телефон орқали боғландик. У коронавирус пандемияси муносаабати билан жорий этилган карантин шароитида масофадан туриб олиб борилаётган ишлардан сўзлаб берди. Анча йиллардан бери партиядошларимиз оталиғида бўлган табаррук инсон – иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдусалом Раҳмонов ҳақида сўрадим. Бу отахон ҳозир Хонобод қишлоғида яшайди. Саккиз фарзанд, қирқдан ортиқ невара-чеваралар унинг атрофида парвона.

– Биз бир гуруҳ партиядошларимиз билан биргаликда фахрий жангчининг хонадонига қўнғироқ қилдик, - дейди Ё. Ҳожиматова. – Буюк ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан сафдошларимиз номидан қутловлар йўлладик. Отахоннинг кайфияти чоғлиги ва бардамлиги ҳаммамизни хурсанд қилди. Катта авлод вакилларининг жасорати ҳамиша ёшлар учун намуна бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Фахрий жангчи давлатимиз томонидан ўзларига кўрсатилаётган ғамхўрлик учун чексиз миннатдорчилик билдирди.

Ҳа, оталар жасорати – биз учун доимо мўътабар мерос. Биз уларнинг энг машаққатли даврларда кўрсатган матонатини ҳеч қачон унутмаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+