Наманганлик “адолатчи”ларнинг хайрия ишлари

01.04.2020 17:04:39

Бугунги кунда бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам инсониятнинг осойишта ҳаёти ва саломатлигига путур етказаётган коронавирус пандемиясига қарши кураш тобора қизғин тус олмоқда. Мамлакатимизда ҳам давлат ва ҳукумат раҳбарияти кўрсатмаларига мувофиқ манфур касалликнинг жамият ҳаётига зарарли таъсирини камайтириш учун таъсирчан ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Бу иш Наманган вилоятида ҳам кенг кўламда олиб борилмоқда.

Маълумки, март ойининг ўрталарида Эрон ва Латвиядан қайтган республикамизнинг турли вилоятларида яшовчи 212 нафар ватандошимиз Тўрақўрғон туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда “Косонсой” сиҳатгоҳига карантин кузатувини ўташ учун жойлаштирилган эди. Куни кеча карантин муддати ниҳоясига етганлиги муносабати билан улар ўз уйларига кузатиб қўйилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар икки масканда тиббий назорат олиб борган малакали тиббиёт мутахассислари орасида “Адолат” СДП аъзолари ҳам бор эдилар. Уларга давлат ва жамоат ташкилотлари номидан самимий миннатдорчилик билдирилди.

Наманганлик партиядошларимиз пандемияга қарши кураш доирасида яна бир қатор ибратли тадбирларни амалга оширмоқдалар. Бугун “Адолат” СДП вилоят Кенгашидан шу мавзуга оид яна бир хабар олдик. Сафдошларимиз “Меҳр-шавқат ва саломатлик” фондига ўзларининг бир кунлик иш ҳақларини ўтказиб бердилар.

Фаолларимиз ва депутатларимиз ҳам хайрли ишлардан четда қолмаяптилар. Бу айниқса, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, одамларнинг ўз уйларида ўтиришларини таъминлашга кўмаклашиш, бозорларда нарх-наво устидан назорат ўрнатишда яққол кўзга ташланмоқда. Мисол учун, сафдошимиз, “Янгиқўрғон ҳаёти” туман газетаси муҳаррири Дилбар Асқарова ўз шахсий ҳисобидан бир неча оила аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббиёт ашёларини тарқатди. Бу уларга карантин даврини уйда қийналмасдан ўтказишларига ёрдам беради, албатта.

Ферузахон Абдуллаева, Халқ депутатлари Учқўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси:

– Шу кунларда юртимиздаги ҳеч кимга осон тутиб бўлмайди. Давлат раҳбаридан тортиб оддий фуқарогача коронавирус халқимизга етказиши мумкин бўлган зарарни камайтириш ёки батамом йўқ қилиш учун қаттиқ ҳаракат қилмоқдалар. Бу ҳаракатдан биз ҳам четда эмасмиз. Кўп кишилик йиғин ёки тадбирлар ўтказмасак-да, тумандаги деҳқон бозорлари ва озиқ-овқат дўконларидаги нарх-навони назорат қилишга астойдил киришганмиз. Ҳар сафар савдо тармоқларига ташриф буюрганимизда улардаги маҳсулотлар нархини махсус дафтарга қайд этамиз. Деҳқонлар ва сотувчилар билан шундай мураккаб вазиятда виждон билан иш тутиш, халқ ҳақига хиёнат қилмаслик тўғрисида суҳбатлар ўтказамиз. Бунинг таъсири сезилиб турганидан ҳамма хурсанд.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+