Наргиза Юнусова: қурилаётган уй-жойларда қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилишини шарт қилиб қўйиш лозим

23.07.2019 12:07:24

Биз оилавий “Адолатчи”лармиз. Онам билан маслаҳатлашган ҳолда Тайлоқ туманида аёллар саломатлигини яхшилаш мақсадида “Жозибадор аёллар” спорт клубини ташкил этдик, соғлом овқатланиш саломатлик мезони эканлиги сабабли “Соғлом овқатланиш — саломатлик гарови” лойиҳасини кенг тарғиб этмоқдамиз.

Танловга тайёргарлик кўрар эканман, “Адолат” партиясини сиёсий куч сифатида қандай тасаввур қиламан?”, “Партия фаолиятининг қайси жиҳатларига янада эътиборни кучайтириш зарур?” деган саволлар устида яна жиддийроқ ўйлаб кўрдим.

Бугунги кун талабларидан келиб чиқсак, партиянинг барча бўғиндаги тузилмалари, депутатлари мамлакатимиз тараққиёти йўлида ягона сиёсий платформада туриб ҳаракат қилишлари ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Очиғини айтганда, биз сиёсий йиғилишларда БПТларнинг мавқеини, ишчанлигини ошириш лозимлиги ҳақида кўп такрорлаймиз. Лекин кутилган даражада натижа бўлмаяпти. Аввало, БПТларнинг аҳоли ўртасидаги ўрганишларида аниқланган муаммолар маҳаллий Кенгашдаги партия депутатлари томонидан тўлалигича ҳал этилиши, ижтимоий аҳволни ўнглашда БПТларнинг жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур. Шу мақсадда маҳаллий Кенгаш депутатларининг қабулхоналарини айнан БПТларда ташкил этиш фойдадан холи бўлмайди. Шундагина депутатлар жойлардаги ижтимоий аҳволдан тўлиқ хабардор бўлиб, муаммоларни ўз жойида ҳозиржавоблик билан ҳал этиш имконига эга бўлади.

Яна бир масала. Маълумки, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шаҳар, қишлоқ жойларда яшовчи аҳолининг кам таъминланган қатлами учун арзонлаштирилган уй-жойлар қурилмоқда. Партия дастуридаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда ушбу замонавий турар жойларда қайта тикланувчи энергия манбалари жорий этилишини шарт қилиб қўйиш, бунинг учун архитектура ва қурилиш идоралари зиммасига аниқ вазифалар юклатишга эришиш зарур. Интернет хабарларидаги маълумотларга кўра, Хитойда 12 фоиз аҳоли қайта тикланувчи энергия ресурсларидан фойдаланар экан. Мамлакатимизда бу кўрсаткич 0.02 фоизга ҳам етмаяпти. Демак, “адолатчи”лар ушбу соҳада ҳам партиявий тарғиботлар билан чекланиб қолмасдан янада кўпроқ амалий ишларга ўтиши керак, деб ҳисоблайман.

Наргиза ЮНУСОВА,

“Йилнинг энг фаол адолатчи аёли”

республика кўрик-танловининг 1-ўрин соҳиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+