Нархларни бир хил ушлаб туришда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш муҳимдир

05.05.2020 19:05:52

Президентимиз раислигида 29 апрель куни пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Одамлар, айниқса, болалар чарчади! Карантиндан босқичма-босқич чиқиш бўйича навбатдаги қадамларни қўйиш вақти келди. Чунки ҳаёт давом этмоқда” деган сўзларидан тўғриси руҳланиб кетдим. Аллоҳга шукрки, коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият борган сари ижобий томонга ўзгариб, халқимиз муборак Рамазон ойини шукроналик ва яхши кунлар умиди билан ўтказяпти. Лекин бу бизнинг бир дақиқа ҳам огоҳликни йўқотишимизга, эътиборсизлик қилишимизга асос бўла олмайди.

Мен сайланган округ ҳудудини ташкил қилувчи Янгиер шаҳрида ҳам карантин даври эълон қилинган кундан бошлаб махсус штаб ташкил қилинди. Бунда шаҳар ҳокимлиги, мудофаа бўлими, ИИБ, миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар Вазирлиги шаҳар бўлими, Санитария-эпидемиология осойишталик маркази, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари ҳамкорлигида ҳар куни қатъий тарзда дезинфекция, тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек махсус ҳарбий техникалар ёрдамида шаҳар автошоҳбекатлари, ёқилғи қуйиш шаҳобчалари, марказий кўчалар, деҳқон бозори ҳудуди доимий равишда дезинфекция қилинмоқда. Мақсад эса ягона, яъни хавфли вируснинг кенг тарқалиб кетмаслиги ҳисобланади.

Мен ҳам депутат сифатида карантин даврининг дастлабки кунлариданоқ Янгиер деҳқон бозори ҳамда савдо шаҳобчалари, дорихоналарда бўлиб, сотувчи ва харидорлар билан суҳбатлар ўтказдим. Нарх-навонинг барқарор туришини таъминлаш билан боғлиқ депутатлик назоратини ўрнатдим. Натижада бугунги кунгача озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда дори-дармонлар нархида сунъий ошириш ҳолатлари кам учрамоқда. Албатта, нарх-навони бир хил ушлаб туришда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш жараёни муҳим аҳамиятга эга. Тўғри, Янгиер шаҳрида аҳоли асосан кўп қаватли уйларда истиқомат қилади. Яъни, аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозордан харид қилади. Шу сабабли кичкина бўлсада томорқа майдонига эга хонадонларда ўтказган тарғибот ишларимиз ўз натижасини бермай қолмади. Иссиқхона ташкил қилиш орқали бугунги кунда шаҳардаги 100 га яқин хонадон булғор қалампири, помидор, кўкатлар ва резавор экинларни биринчилардан бўлиб шаҳримиз деҳқон бозорига сотувга чиқарди. Кунлик савдо учун етказиб бермоқда. Бу эса кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолини ҳам пандемия шароитида бирламчи қишлоқ хўжалиги махсулотлари ҳамда озиқ-овқат билан таъминлашда ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг дастлабки самарасидир. Коронавирус пандемияси кўп масалалардаги хатоларни, жумладан, деҳқон бозорларидаги камчиликларни яққол кўрсатди. Шу боис ҳозиргача бўлган стандартларни қайта кўриб чиқиш, деҳқон бозорларида давлат иштироки талабини бекор қилиб, хусусий сектор иштирокида замонавий деҳқон бозорлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланган мазкур видеоселектордан сўнг Янгиер шаҳар ҳокими Элёр Хўжаев бошчилигидаги махсус ишчи гуруҳи билан биргаликда галдаги вазифалар белгилаб олинди. Қандай йўл тутсак,  Янгиер деҳқон бозоридаги камчиликларни тез фурсатда бартараф этиш мумкин ёки замонавий деҳқон бозорини ташкил этишда имкониятимиз қай даражада каби муҳим саволларни муҳокамага қўйдик. Демак бугундан бошлаб Янгиер шаҳрида тузилган махсус ишчи гуруҳи таркибидаги фаолиятимиз мобайнида депутат сифатида ўз ташаббусларимиз ва таклифларимизни бердик. Шаҳар Кенгашидаги партия  депутатлик гуруҳи аъзолари Янгиер педагогика коллежи ҳовлисидаги  экин майдонларида турли хил экинларни кўчатларини парваришлаш ва уларни шаҳардаги эҳтиёжманд оилаларга етказиб бериш ва шу орқали аҳолида томорқадан даромад олишга бўлган қизиқишни янада оширишга ўз ҳиссамизни қўшишни пандемия шароитидаги депутатлик  вазифамиз ва бурчимиз, деб билдик.

Дилфуза УМЕРОВА,

Халқ депутатлари Сирдарё

вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+