Наримон Умаровга Facebook орқали йўлланган мурожаат жойига бориб ўрганилди

11.03.2020 18:03:03

Жорий йилнинг 25 февраль куни facebook ижтимоий тармоғидаги “Депутатлар минбари” саҳифаси орқали “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров билан фуқаролар ўртасида онлайн мулоқот бўлиб ўтган эди. Мулоқотлар жараёнида фуқароларимиз томонидан юзга яқин мурожаатлар келиб тушди.

Мазкур масалалар назоратга олиниб, аксарияти жойлардаги маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида ўрганилмоқда ва ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, Фурқат Товбоевнинг уй-жой масаласидаги мурожаати ҳам эътиборимиздан четда қолмади.

Фурқат Товбоев 2003 йил 1 майдан буён оиласи билан Жиззах вилоят “Қишлоқхўжаликкимё” ҳудудий акциядорлик жамияти Арнасой туман филиалининг “Қозоғистон” минерал ўғитлар биносининг бир қисмини яшаш шароитига мослаштириб яшаб келмоқда.

Бугунги кунгача Фурқат Товбоев бир қатор масъул шахслар ва давлат идораларига Ватан ичра ватан бўлган ўз уй-жойига эга бўлиш учун ҳеч бўлмаса, ер ажратишларини сўраб мурожаат қилган. 2015 йилда Арнасой туман ер кадастр бўлимининг масъул ходими Зарпилла деган шахс томонидан Фурқат Товбоевга ўзи яшаб турган “Қишлоқхўжаликкимё” ҳудудий акциядорлик жамиятига қарашли бинонинг бир қисмини кадастр хужжатлари билан унинг номига ўтказиб беришини айтиб 3 марта турли хил суммадаги маблағларни олган. Аммо орадан вақт ўтгани сари Фурқат Товбоевнинг қистовлари натижасида Зарпилла исмли шахс томонидан бор йўғи 2017 йилда 581312925 рақамли кадастр ҳужжати рақамининг ўзи берилади. Орадан шунча вақт ўтган бўлишига қарамасдан кадастр ҳужжатининг ўзидан ҳамон дарак йўқ.

Мазкур мурожаат 8 март куни халқ депутатлари Арнасой туман Кенгаши депутати Фарруҳ Абдуҳамидов томонидан “Зарафшон” ҚФЙ ҳудудидаги Фурқат Товбоев яшаш хонадонига бориб ўрганилди.

Фурқат Товбоев билан олиб борган мулоқот жараёнида фуқаро ўз уйига эга бўлиш ниятида эканлигини бунинг учун масъул шахслар томонидан уй қуриш учун жой ажратиб берилса ҳам етарли бўлишини, ҳеч қандай ҳомийлик ёрдамисиз ўзи уй-жой қуриш имконияти борлигини маълум қилди.

Депутатлар мазкур масала тегишли қонунчилик бўйича ер ажратиш аукционда сотиш орқали амалга оширилаётгани маълум қилишди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Арнасой туман кенгаши депутатлари томонидан муаммонинг қонуний ечимига эришиш ва фуқаронинг ер ажратилиши бўйича аукцион савдоларда иштироки бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлашга кўмаклашилмоқда.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+