Навоий даҳосига таъзим

08.02.2021 20:02:52

Юртимизда кечаётган шиддатли ислоҳотлар, халқимиз эзгу мақсад-муддаоларини ўзида акс эттирган мисли кўрилмаган ўзгаришлар бой маънавий илдизларимизга таянади. Маънавиятимиз асосларини эса ҳазрат Алишер Навоийнинг бебаҳо меросидан айро тасаввур этиб бўлмайди.

Буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони, давлат ва жамоат арбоби Мир Алишер Навоий қолдирган бой адабий мерос ҳақиқий маънавият хазинаси ҳисобланади. Бугун бу маънавият жавоҳирини чуқурроқ ўрганиш инсон ҳаётини ёрутувчи маёқ каби кўнгилларни нурафшон этмоқда.

Айниқса, ёшларимизнинг буюк бобокалонимиз асарларини мутолаа қилиши уларнинг буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиб камолга етишишларида муҳим ўрин тутади.

Куни кеча Ўзбекистон “Адолат”СДП Жарқўрғон туман Кенгаши ҳамда туман Халқ таълими бўлими ҳамкорликда тумандаги 25-умумий ўрта таълим мактабида Президентимиз томонидан илгари сурилган "Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш” бўйича бешта муҳим ташаббуснинг 4-йўналиши бўйича Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган "Навоий даҳосига таъзим” мавзусида ғазалхонлик беллашуви ўтказилди.

Мазкур тадбирда партия Жарқўрғон туман Кенгаши фаоллари, депутатлар, туман Халқ таълими бўлими вакиллари, педагог ўқитувчилар, шеърият мухлислари, ўқитувчи-педагоглар, ўқувчи ёшлар, кенг жамоатчилик қатнашди.

Мазкур беллашувда  тумандаги 1,2,7,12-ИМИ,14 ва 45-сон ўрта умумтаълим мактаблари  ўқувчи ёшлари ўзаро баҳслашдилар.

Тадбирни кириш сўзи билан партиянинг Жарқўрғон туман Кенгаши раиси Очил Жиянов очиб берар экан, улуғ мутафаккирнинг ёш авлод учун ибратли асарлари, ҳаёт йўли ҳақида батафсил тушунчалар бериб ўтди.

Тадбирда сўз олганлар, Алишер Навоий асарларини ўрганиш, унинг бебаҳо меросидан ёш авлодни баҳраманд этиш уларни юксак маънавиятли, теран тафаккурли, юксак ижодий-интеллектуал салоҳият соҳиби этиб камолга етказишдек эзгу ишларга хизмат қилишини таъкидладилар.  

Шундан сўнг ўзаро баҳсу муноазараларга ўрин берилиб, ўқувчи ёшлар саҳна кўринишлари орқали чиқишлар олиб бориб, Навоий асарлари қаҳрамонлари образини гавдалантиришди. Беллашувда ўқувчилар ўз саҳна кўринишлари орқали  улуғ бобокалонимизнинг ибратли ҳаёт йўли, ўлмас асарлари, ҳар бир инсон дилига муҳрланиб қолган ғазал ва рубоийлари тўғрисида ифодали ўқиб, улардан мисоллар келтирди.Мазкур саҳна кўринишлари иштирокчилар онгу шуурида  буюк мутафаккир фаолияти ва ижодий мероси тўғрисида кенгроқ маълумотга эга бўлиш имкониятини яратди.

Нигина Жумаева, тумандаги 12-ИМИ ўқувчиси, беллашув ғолиби: 

- Алишер Навоийни қанча эътироф этсак, қанча тилга олсак ҳам оз. Бутун дунёда севиб ўқиладиган, 14 тилга таржима қилинган асарлари ўзбек номини, миллий урф-одат ва анъаналаримиз, улуғ қадриятларимизни оламга танитишга асос бўлган.

Мен бугун  Алишер Навоий ролида буюк бобомиз асарларидан намуналар ўқидим. Саҳнада Гули образини яратдим. Мен ижро этган “Гули монологи” ҳакамлар томонидан муносиб баҳоланди ва ғолибликни қўлга киритдим. Мазкур тадбир барчамиз учун унутилмас бўлди. Навоийхонликдаги фаоллигимиз учун Алишер Навоий асарларидан иборат китоблар тўпламини совға қилишди. Бундан жуда хурсандмиз.

  

Тадбирда, шунингдек,  Навоий ғазалига басталанган куй-қушиқлар ижро этилди.

Беллашув якунида ғолиб ёшлар партиянинг Фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан муносиб рағбатлантирилди.

 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+